Масала кўп, муаммо кам эмас, аммо муҳими - натижа
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг етмиш биринчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири З.Каримов бошқарди.
Депутатлар дастлаб Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи М.Насруллаевнинг бошқарма 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти юзасидан ҳисоботини тингладилар ва муҳокама қилдилар.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг 6 ойи давомида МИБ вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий тармоқлари томонидан жами 3,5 триллион сўмлик 327714 та ижро ҳужжатлари юзасидан мажбурий ижро тадбирлари амалга оширилган. Натижада 1 триллион 766,5 миллиард сўмлик 121720 та ижро ҳужжати юзасидан якуний қарорлар қабул қилиниб, улар бўйича амалда ундирилган тўлов ва қарздорликлар миқдори 1 триллион 32,0 миллиард сўмни ташкил қилган.
Шу жумладан, давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ жами 1 триллион 150,0 миллиард сўмлик 217166 та ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро тадбирлари амалга оширилиб, 634,9 миллиард сўмлик 92475 та ижро ҳужжатлари юзасидан якуний қарорлар қабул қилган ва амалда ундирилган тўлов ва қарздорликлар миқдори 391,2 миллиард сўмни ташкил этган.
- Алимент ундириш билан боғлиқ ижро ишлари нафақат вилоятимизда, балки республика миқёсида долзарб ва ечимини кутаётган масала саналади, – деди М.Насруллаев. - Жорий йилнинг 1 июль ҳолатида алимент тўловларини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари 34508 тани, яъни бошқарма иш юритувидаги ижро ишларининг 28,3 фоизини ташкил қилади. Ушбу даврда амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан жами 59,5 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирувчиларга ундириб берилди.
Алимент тўловларини тўлашдан мунтазам равишда бўйин товлаб келган 521 нафар қарздор маъмурий жавобгарликка ва 77 нафари жиноий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ишлари бўйича ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, бандлик ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда алимент тўловчи қарздор оталар ишга жойлаштирилиб, уларнинг доимий бандлигини таъминлаб, алимент ундирувлари уларнинг иш ҳақларига қаратиб келинмоқда.
Шу ўринда бир таклифим бор: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига ўзгартириш киритилиб, ишсиз алимент тўловчи шахс томонидан алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги ҳолати бўйича унга нисбатан маъмурий жазо тариқасида қўлланиладиган 15 суткалик маъмурий қамоқ муддатини 1 ойга ўзгартириб, ҳуқуқбузарни ҳақ тўланадиган мажбурий меҳнатга жалб қилиб, унга тўланган иш ҳақини алимент қарздорлигини қоплаш учун йўналтириш зарур. Шунингдек, Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан алимент бўйича мажбуриятни бажаришдан бўйин товлаган қарздорларга нисбатан ҳақ тўланадиган мажбурий меҳнатга жалб қилиш жазо чорасини жорий этиш керак, деб ҳисоблаймиз.
Депутатлар мажбурий ижро тадбирлари шаффофлигини таъминлаш борасидаги масалалар ҳақида сўз юритиб, тизимдаги айрим камчиликларни танқид қилди. МИБ фаолиятида сифат ва самарадорликни ошириш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Сессия ишида, шунингдек, Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Ф.Ражабов вилоятда сув ресурсларини бошқариш, сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини яхшилаш, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш ҳолати юзасидан ҳисобот берди.
Ф.Ражабовнинг маълум қилишича, ҳудудда йилдан йилга сув ресурслари камайиб боряпти. 2021 йилда Зарафшон дарёсининг сув таъминоти 80-85 фоиз атрофида бўлиши башорат қилинган эди, амалда таъминот ўртача 70 фоиз миқдорида бўлди. Бунинг натижасида вилоятда кучли сув танқислиги кузатилди. 2022 йилда вилоятнинг суғориш мавсумида сувга бўлган меъёрий талаби 3 232 миллион метр кубни ташкил қилгани ҳолда, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан суғориш ишлари учун 2 290,5 миллион метр куб ёки 941,5 миллион метр куб кам сув лимити ажратилган. Хўш, бу танқисликни қандай енгиш мумкин? Албатта, жойларда сув тежовчи суғориш технологияларини кенг жорий этиш орқали.
- Бунинг учун бугунгача вилоят бўйича 77,9 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди, - деди Ф.Ражабов. - Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, шу йил яна 38,9 минг гектар майдонда сув тежовчи суғориш технологиясини жорий этиш белгиланган. Бу борада бугунги кун ҳолатида томчилатиб суғориш бўйича 12 минг 801 гектар майдон учун зарур маблағ ажратилган. 3 минг 661 гектар майдонда сув тежовчи технология жорий этиш учун субсидия олишга ҳужжатлар тайёрланган, ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича 384 гектар ерда зарур ишлар якунланган.
Сессия давомида депутатлар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Х.Умаровнинг 2022 йил иккинчи чораги давомида вилоят жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар, жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини тинглади.
Таъкидланишича, Президентимизнинг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Ички ишлар вазирлиги тузилмасида Жамоат хавфсизлиги департаменти ташкил этилиб, ҳудудий бўлинмалари таркибига жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация хизматлари киритилган. Ҳужжатда белгиланганидек, вилоятимизда маҳаллий бюджет ҳисобидан Каттақўрғон шаҳрида ушбу шаҳар ҳамда Пахтачи, Каттақўрғон ва Нарпай туманларига хизмат кўрсатувчи патруль-пост хизмати бўлинмаси учун 25 та штат бирлиги жорий этилиб, ходимларга хизматдан фойдаланиш мақсадида 12 та автотранспорт воситаси ажратилган. Вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ҳузурида 11 та штат бирлигидан иборат отлиқ бўлинма ташкил этилган. Шу пайтгача мавжуд бўлган 16 та вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг 6 таси қисқартирилиб, ҳудудларда 4 та туманлараро конвой гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган.
- Бироқ яратилаётган имконият ва қулайликларга қарамасдан, ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирлар лозим даражада ташкил этилмаганлиги натижасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилди, - дейди Х.Умаров. - Оқибатда вилоят ҳудудида умумий жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 фоизга кўпайди. Йилнинг 6 ойи давомида вилоят ҳудудида содир этилган жиноятларнинг 26 тасини оила турмуш муносабатлари доирасидаги шахснинг ҳаёти ва соғлиғига қарши қаратилган жиноятлар ташкил этди. Ачинарлиси, умумий жиноятларнинг 7,1 фоизи хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келиб, улар томонидан содир этилган жиноятлар 81 тага кўпайган. Муқаддам судланганлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳам 23 тага ошган.
Сессияда, шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳ.Тўхтаевнинг вилоятда ёшлар муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, ёшлар билан ишлаш самарадорлиги ва натижадорлигини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан ҳисоботи эшитилди. Депутатлар масала ижроси юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Сессияда депутатларнинг вилоятнинг шаҳар ва туманларида маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг мақсадли параметрлари, вилоят “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағларидан фойдаланиш, Самарқанд вилоятидаги ички хўжалик йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини янада жонлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузурида компенсация комиссиясини тузиш, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш), давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйишга рухсат бериш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.