Масала кўп, вазифалар ундан кам эмас
9 декабрь куни Самарқанд вилояти ҳокимлигида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов олиб борди.
Кун тартибига асосан дастлаб вилоятдаги суд органларининг 2020 йил 9 ойидаги фаолияти одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлари юзасидан ахборотлари тингланди.
Суд раислари қўшимча ахборот киритади
Муҳокамалар давомида суд раисларига аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди. Хусусан, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси О.Ҳайитовдан тергов органларидан тақдим этилаётган материалларни сифати бўйича таҳлилий ахборот бериш сўралди.
- Бу нега керак, - деди Кенгаш раиси Э.Турдимов. – Бир жиноят иши қўзғатилса-ю ҳолатга батафсил аниқлик киритилмаса, терговчи қачон масъулиятни ҳис қилади? Шунинг учун таҳлилий ахборотда қайси идора томонидан тақдим этилаётган тергов материаллари камчилик кўп аниқланаётгани ва бунга аниқ фамилиялар мисоли керак.
Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Б.Норовга мулкий муносабатларда низоли ҳолат юзага келишига сабаб бўлган мансабдорлар тўғрисида ахборот киритиш тавсия қилинди. Маъмурий ва иқтисодий суд раислари ҳудудлар кесимида қайси орган фаолиятида камчиликлар аниқланаётгани тўғрисида маълумот тақдим этадиган бўлди.
Коррупцион ҳолат очиқланди
Вилоят прокурори Р.Машарипов амалга оширилган ишлардан кўра кўпроқ қайси соҳаларда қандай турдаги коррупция ҳолатлари аниқланаётганига тўхталди.
Қайд этилишича, сўнгги икки йилда вилоятимизда 246 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноят учун жавобгарликка тортилган. Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 25,3 миллиард сўмдан ошади.
Мазкур жиноятлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда, жиноятларнинг 19 таси банк, 17 таси олий таълим, 15 таси халқ таълими, 33 таси соғлиқни сақлаш, 20 таси мактабгача таълим, 4 таси солиқ, 21 таси ички ишлар, 8 таси мажбурий ижро бюроси, 3 таси суд соҳаси ҳамда 58 таси бошқа корхона, ташкилот ходимлари томонидан содир этилган.
- Келтирилган рақам ва мисоллар барчамизни сергак торттириши керак, - деди Р.Машарипов. - Аввало, биринчи раҳбарларда тизимда адолат ўрнатишга, таниш-билишчилик ва суиистеъмолчиликка чек қўйишга хоҳиш бўлса, қатъиятлик кўрсата олса, коррупция илдизини бартараф этиш мумкин.
Р.Машариповнинг қайд этишича, прокуратура тизимида ишга масъулиятсизлик билан ёндашган 4 нафар ходимнинг масаласи кўриб чиқилмоқда.
Қоидабузарликларни тадбиркор қайд қилади
Сессияда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмоновнинг ҳам ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда қайд этилишича, криминоген вазият ортиб кетмаслиги учун куч ва воситалардан тўғри ва унумли фойдаланиш юзасидан барча чоралар кўрилмоқда. Депутат Азиз Аҳроров вилоятда мавжуд чорраҳа ва йўл кесишмаларида видео қайд этиш ускуналаридан нима учун фойдаланилмаётгани билан қизиқди.
- Бугунги кунда 4 мингдан ортиқ видео ускуналар ўрнатилган, - деди Ш.Раҳмонов. – Уларнинг 2 мингдан ортиғи вилоят ИИБ даги ситуацион марказга уланган. Айтмоқчи бўлганим, ҳар бир жараён ёки иш маълум вақт талаб қилади. Сиз айтган масалада давлат-хусусий шериклик шартларида дастлабки ҳаракатлар бошланган. Айни пайтда бир нафар тадбиркор йўллардаги автомобилларни белгиланмаган жойда қолдирганлик ҳолатларини видео ускуна билан қайд қилмоқда. Бу тажриба келгусида чорраҳа ва йўлнинг бошқа қисмларига ҳам жорий қилинади.
Банд бўлмаган фуқаролар касбга ўқитилади
Сессия ишида ахборот берган вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборов шу масалага алоҳида тўхталди.
Ахборотда қайд этилишича, жорий йилда 4 минг 280 нафар ишсиз фуқарони касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш белгиланган бўлиб, 30 ноябрь ҳолатига 4 минг 34 нафар фуқаро ички бозорда талаб юқори бўлган касбларга ўқитилган. Йил якунига қадар яна 827 нафар ишсизлар касбга ўқитилади.
2021 йил январь ойидан Мудофаа вазирлиги тасарруфида бўлган “Темурбеклар мактаби” да қурилиш соҳасидаги 16 турдаги касблар бўйича бир йилда 18-30 ёшгача бўлган 1 800 нафар ишсиз фуқарони ўқитиш режалаштирилмоқда.
Депутат Нарзиқул Холиқов жойлардаги бир марталик ишчилар йиғиладиган жойларда фуқароларга шароит яратиш борасидаги ишлар билан қизиқди. Таъкидланишича, мазкур йўналишда Тойлоқ туманида йил якунигача замонавий маскан иш бошлайди. Бу ерда кунлик ёлланиб ишлайдиганлар учун ошхона, ётоқхона ва бошқа қулайликлар яратилади. Келгуси йил март ойигача Самарқанд шаҳрида ҳам шундай маскан барпо этилади.
Транспорт хизмати замонавийлаштирилади
Бу ҳақда вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари А.Шукуровнинг вилоятда автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва таъмирлаш, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш борасида амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилди.
Таъкидланишича, вилоятдаги 12 минг километр ички йўлларнинг катта қисми таъмирталаб. Жорий йилда йўлларни таъмирлаш ва реконструкция ишлари учун 400 миллиард сўм маблағ сарфланган. Келгуси йилда бу кўрсаткич 1 триллион сўмдан ошиши кутилмоқда.
Албатта, йўлларни таъмирлаш баробарида аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизмати сифатини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
- Самарқандда автобус билан таъминланганлик республикада энг яхши кўрсаткичга эга, - деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. – Лекин бу бор-йўғи 31 фоизни ташкил қилади. Шу боис, биз ривожланган давлатлар экспертларининг хулоса ва тавсиялари асосида транспорт хизмати кўрсатишни замон талаблари асосида йўлга қўйиш чораларини кўряпмиз.
Бу борада ўтказилган тендер танловларида Россия Федерациясининг кўзга кўринган фирмаси ғолибликни қўлга киритган. Улар ёрдамида бутун маршрутлардан тортиб, иш тизимигача янгича ташкил этилади.
Шу ўринда яна бир маълумот, хусусий такси хизмати кўрсатиш учун лицензия бериш тизимини жорий қилиш бўйича давлат раҳбарига таклиф бердик. Бу орқали 40 мингдан зиёд аҳоли ўзини ўзи иш билан таъминлайди.
Оналар ва болалар саломатлиги муҳофазасида ўзгариш бўладими?
Сессияда шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзовнинг вилоятда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда оналар ўлими 14,0 промеллини ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 10,4 промеллига камайган. Шунга қарамасдан, Булунғур туманида 1, Паст Дарғом туманида 2, Нарпай туманида 1, Тойлоқ туманида 1 та ўлим қайд этилган.
Депутатларнинг саволларига жавоб бераркан, Д.Жуманиёзов Самарқанд шаҳрида 11 та поликлиника фаолият олиб бораётганини қайд этди. Бу табиийки, мавжуд аҳоли сонига нисбатан кам. Шу боис, 2021 йилда 5 та янги поликлиника қурилиши режалаштирилмоқда.
Депутат Н.Нурматованинг таклифи билан мактабларда замонавий қўл ювиш воситаларини ўрнатиш чоралари кўриладиган бўлди. Бунинг учун Пайариқ туманида битта мактаб танлаб олиниб, ушбу воситани қаерга ўрнатиш, бунинг учун кетадиган сарф-харажатлар эксперимент тариқасида ўрганилади. Шу асосда вилоят бўйича талаб этиладиган маблағ миқдори ва бошқа ишлар юзасидан аниқ асосланган таклиф киритилади.
Шунингдек, мактабларнинг юқори синф ўқувчиларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш чоралари кўрилади.
Сув нархи ошди
Сессияда вилоятда ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифларини тасдиқлаш тўғрисида масала ҳам кўриб чиқилди.
Киритилган таклифга кўра, 1 метр куб ичимлик суви тарифи аҳоли учун 1850 сўм, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун 3500 сўм этиб тасдиқланди.
Оқова сувнинг 1 метр куби учун аҳоли 1300 сўм, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар 2800 сўм тўлов қилиши белгиланди.
Қайд этиш лозимки, ушбу тариф нархлари қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Фермерлар кўп тармоқли бўлади
Сессияда вилоятда 2021 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастури тўғрисида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши вилоят бўлими раиси А.Норқўзиевнинг тақдимоти ўтказилди.
Унга кўра, 2021 йилда вилоятимизда кўп тармоқли дастур доирасида 1 минг 325 та фермер хўжалиги 20 та йўналиш бўйича кўп тармоқли фаолиятни бошлайди ва 1 минг 359 та лойиҳа амалга оширилади.
Жумладан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан 2 минг 338 гектар майдонда интенсив боғ, 2 минг 783 гектар майдонда янги токзор ва 38,9 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этилиши, 15 та мева-сабзавот, сут ва гўшт маҳсулотларини, 4 та нон ва нон маҳсулотлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, 28 та фермер хўжаликларида совуткичли омборхоналар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Шу билан бирга 132 фермер хўжалигида қорамолчилик ва паррандачилик, 79 фермер хўжалигида балиқчилик ва асаларичилик, 57 фермер хўжалигида қўйчилик ва эчкичилик, 207 фермер хўжалигида қулупнайчилик ҳамда 373 фермер хўжалигида сервис хизматлари бўйича лойиҳаларни амалга оширилиши мўлжалланган.
Сессия ишида шунингдек, вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ж.Ўроқовнинг камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариш, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи ҳамда вилоят маҳаллий бюджетининг 2020 йил кутилаётган ижроси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши муҳокамасида билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатларининг батафсил лойиҳаларини ишлаб чиқиш тўғрисида ахбороти кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси С.Жумаеванинг вилоятда оилавий ажралишларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан ҳисоботи эшитилди.
У шунингдек, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” юритилиши ва ушбу дафтарларга киритилган фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.
Бундан ташқари, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.