Матлюба Хотамова “Ҳамшира – 2019” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлди
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда биринчи тиббий кўмак беришда ҳамшираларнинг алоҳида ўрни бор.
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида бўлиб ўтган “Ҳамшира – 2019” кўрик-танловининг вилоят босқичида ўрта тиббиёт ходимларининг малакаси, ижтимоий фаоллиги, тиббиёт соҳасидаги кўникмаси синовдан ўтказилди.
Унда иштирок этган 14 нафар ҳамшира 5 та шарт бўйича ўзаро беллашди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир ҳамширанинг тиббиёт муассасаларидаги фаолиятига, ўз касбига садоқатига, етарли билим ва кўникмага эга эканлигига, беморларга ширинсўзлигига алоҳида аҳамият берилди.
Танлов якунига кўра, вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси ҳамшираси Матлюба Ҳотамова биринчи, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалининг 3-бекати ҳамшираси Мафтуна Эрбоева иккинчи ҳамда Самарқанд шаҳар тиббиёт бўлими ҳамшираси Моҳира Ғаниева учинчи ўринга муносиб топилди.
Шунингдек, вилоятимизда фаолият юритаётган бир қатор фидойи тиббиёт ходимлари “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танловининг турли номинациялари бўйича мукофотланди.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.