Мавсум бошланган бўлса-да, нега хонадонлар иситилмаяпти?
Вилоятимизда жорий йилнинг 26 октябридан бошлаб иситиш мавсуми бошланди. Аммо орадан шунча кун ўтганига қарамай, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли уй-жойлар ҳамон иситилмаяпти. Хўш, нега ҳалигача иситиш қозонхоналари ишламаяпти? Мактаб ва болалар боғчалари тарбияланувчилари совуқда дирдираб ўтирадими? Шифохоналардаги беморлар-чи? Уларни совуқдан қандай асраймиз? Электр энергияси ва табиий газдан узилиш ҳолатлари бўлмайдими?
Электр энергиядан узилиш бўлмайди
«Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти кўп қаватли уй-жойларда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларида электр токида узилиш бўлмаслигини ваъда беришяпти. Шунингдек, мавсум арафасида Самарқанд шаҳридаги 14 та қозонхонанинг иситиш тизимлари ва ускуналарини доимий электр энергияси билан таъминлаб туриш учун 14 та трансформатор мукаммал таъмирдан чиқарилган. Эскирган, ишдан чиққан кабель электр узатиш тармоқлари янгисига алмаштирилган.
- Жорий мавсумда аҳоли хонадонларидаги электр чироқлари ўчиб қолмаслиги учун зарур тайёргарлик ишларини кўрдик, - дейди «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Баҳодир Раҳматов. – Самарқанд шаҳрида эса 3 та, қолган туманларда 1 тадан кеча-кундуз ишлайдиган, мунтазам электр энергияси билан таъминлашни назорат қиладиган 22 та диспетчерлик хизмати ва 22 та аварияларни тезкор бартараф этиш бригадалари ташкил этилган. Улар махсус техника ва жиҳозлар ҳамда малакали мутахассислар билан таъминланди.
Табиий газдан-чи?
- Мавсумда аҳоли хонадонларини, иситиш қозонхоналарини табиий газ, танқислик сезилган ҳудудларда суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш борасида муаммо бўлмаслигига ҳаракат қиляпмиз, - дейди «Ҳудудгаз Самарқанд» масъулияти чекланган жамияти бош муҳандиси Олим Исақулов. – Барча шаҳар ва туманлар ҳокимликларида махсус штаблар ташкил этилиб, диспетчерлик хизмати ва аварияларни бартараф этиш бригадаларимиз билан мунтазам алоқа йўлга қўйилди. Шунингдек, ҳудудларнинг катталигини ҳисобга олиб, Гўзалкент ва Челак шаҳарчаларида қўшимча 1 тадан аварияларни тезкор бартараф этиш бригадаси ташкил этилди. Шу пайтгача газ танқислиги сезиладиган ҳудудда яшовчи аҳолига 31 мингдан зиёд баллонли газ тарқатган бўлсак, бир ой ичида яна қўшимча 28.744 та баллонли газ тарқатишни режалаштирганмиз.
22 қозонхонанинг 8 таси ишламайди
Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги 22 та қозонхонанинг иссиқлик тармоқларига 789 та кўп қаватли уй-жой ва 76 та ижтимоий соҳа объектлари уланган. Аммо жорий йилги куз-қиш мавсумига 14 та қозонхона тайёр ҳолатда. Улар орқали 54 та кўп қаватли уй-жойлардаги 1860 та хонадон ҳамда 36 та таълим ва тиббиёт муассасаларини иссиқлик энергияси билан таъминлаш мўлжалланган. Қолган 8 та қозонхонадаги иситиш қозонлари ва ускуналари, иситиш тармоқларининг деярли 90 фоизи яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги сабабли фаолияти тўхтатилган.
- Президентимизнинг 2019 йил 30 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда вилоят ҳокимининг жорий йил 25 октябрдаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида, имконият даражасида тайёргарлик кўрдик, - дейди вилоят «Иссиқлик манбаи» давлат унитар корхонаси бошлиғи Ёқуб Қурбонов. – Айни пайтда Финляндиянинг “FCG Design and Engineering Ltd" компанияси билан тузилган шартнома асосида Самарқанд шаҳридаги RK-2 қозонхонасида модернизация ва реконструкция ишлари давом этмоқда. Мазкур лойиҳа асосида илк босқичда 158 та кўп қаватли уйларга иссиқлик энергиясини етказиб бериш учун 1 та замонавий қозон ва 12,5 километр иссиқлик тармоғини харид қилиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаяпмиз. 2020 йилдан бошлаб Самарқанд шаҳридаги 2 та, жумладан, “RK-I” қозонхонаси ҳам маҳаллий бюджет ҳисобидан модернизация қилиниб 93 та кўп қаватли уй-жой ҳамда 8 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқ сув ва иссиқлик энергияси билан таъминланади.
Ҳозирда Беруний кўчасидаги қозонхонада ишга туширилган 3 та замонавий қозон ва таъмирдан чиқарилган 8,5 километр узунликдаги иссиқлик тармоқлари ёрдамида шу ҳудуддаги 30 та кўп қаватли уйларда жойлашган 1839 та хонадон иссиқ сув билан таъминланмоқда. Шунингдек, Марказий қозонхона ва Ибн Сино кўчасидаги қозонхоналарга янги локал қозонлар ўрнатилиб синовдан ўтказилди, тез орада 10 та кўп қаватли уйлардаги 318 та хонадон иссиқлик энергияси билан таъминланади.
Самарқанд шаҳри Лоҳутий кўчасидаги қозонхоналарнинг бинолари ва том қисмида қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунлангач, 5 та кўп қаватли уй-жойга иссиқ сув ва иссиқлик энергияси етказиб берилади. Шунингдек, Геофизика ҳудудидаги қозонхонага замонавий қозон ва иссиқлик алмаштириш ускуналари, Самарқанд халқаро аэропорти ҳудудидаги 19 та кўп қаватли уй-жойни иссиқлик энергияси билан таъминлаш учун қозонхонага 3 та замонавий қозон ва иссиқлик алмаштириш ускуналари ўрнатилди. Айни пайтда Бўстонсарой кўчасидаги 34-А, Ўзбекистон кўчасидаги RK-3 қозонхоналари аҳоли турар-жойлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини иссиқ сув билан таъминлашга тайёрлаб қўйилган.
«Қарзимиз сабаб ҳоким фармойишини вақтида бажаролмадик»
Бу маълумотлар билан танишар эканмиз, аҳоли бу йилги куз-қиш мавсумининг беталафот ўтишига ишонгинг келади. Аммо вилоят ҳокимининг фармойиши эълон қилингандан сўнг ҳам қозонхоналар ишга тушмаслигини нима билан изоҳлаш мумкин?
- Айрим қозонхоналаримиз синовдан ўтказилаётганлиги сабабли вилоят ҳокими фармойишини ўз вақтида бажара олмадик, - дейди Ё.Қурбонов. – Шунингдек, об-ҳавонинг илиқ келганлиги учун хонадонларни иситишда табиий газ, электр энергияси ва тоза сувни бекорга сарфлаб, ортиқча харажатга йўл қўймаслик учун ҳам мавсумни икки-уч кунга кечиктиришимизга тўғри келди. Бунга асосий сабаб корхонамизнинг коммунал хизматлардан жами 23 миллиард сўмдан ортиқ қарзи борлигида. Биргина, табиий газ ва ичимлик сувининг ҳар биридан 10 миллиард сўмдан қарздормиз.
«Иситиш батареянгизни алмаштирамиз»
Яқингача Буюк Ипак йўли, Беруний, Гагарин кўчаларида, шунингдек, Суғдиёна, Сартепа, Кимёгарлар шаҳарчаси каби ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар марказлашган қозонхоналар орқали иситилган. Аммо тизимдаги ўзбошимчалик ва эътиборсизлик сабабли аксарият кўп қаватли уйлардаги иссиқ сув тизими ва иситиш ускуналари ўрнига янгисини ўрнатиш баҳонасида ечиб олиб кетилган. Айримларида эрта баҳорда бошланган алмаштириш ишлари ҳануз якунига етгани йўқ. Бунда уй эгалари ширкатларни, улар эса ўз навбатида иситиш корхоналарини айблайди.
- Уйимизда 2006 йилдан бери иситиш тизими ишламайди, - дейди Юлдуз маҳалласидаги 80-кўп қаватли уйда яшовчи Нафиса Хайруллаева. – Жорий йил иситиш мавсумигача иссиқ сув тизими тортишга ваъда беришган эди. Аммо ҳалигача, бу иш амалга ошмади. Бу сафар ҳам одатдагидек хонадонимизни қўлбола электр печларида ва табиий газ ёрдамида иситишга ҳозирлик кўраверсак ҳам бўлади, шекилли.
Сартепада мавсум қачон бошланади?
- Иситиш мавсуми бошланганини эшитиб хафа бўлишни ҳам, хурсанд бўлишни ҳам билмай қолдик, - дейди Сартепа массиви 85-кўп қаватли уйда яшовчи Шаҳноза Холиқова. - Чунки кўп йиллардан бери уйимизни иситиш муаммо. Кун совиши билан келиб турган табиий газ ҳам пасайиб қолади. Электр энергияси эса сал шамолга дош беролмай ўчади. Шу йили ширкат томонидан иситиш тизими батареялари кесиб олиб кетилди. Ўрнига янгисини қўйиб берамиз деб ваъда беришган эди. Аммо ҳалигача, ундан дарак йўқ. Ҳовлида яшаса, кўмир ёки ўтин ёқиб, уйларни иситса бўлар, аммо «дом»да яшаганларга қийин.
Дарҳақиқат, совуқ кунларда кўп қаватли уй-жойларни кўмир ёки ўтин билан иситиб бўлмаслиги кундай аён. Хўш, бу ҳолатда аҳоли нима қилиши керак? Яна ошхонадаги табиий газни кечаю кундуз «пориллатиб» ёқиб қўйишга ёки ўта хавфли бўлган «буржуйка» печларини ўтин билан иситишга ўтади, шекилли. Ҳеч бўлмаса, шусиз ҳам катта куч билан зўриқиб ишлаётган электр трансформаторларига ортиқча юк тушиб, куйиб қолгунича, қўлбола электр печларини ишга солишдан бошқа иложлари қолмайди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
«Зарафшон» мухбири.