Қишга тайёргарлик: камчиликлар кўп, сифат паст

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 сентябрдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Энергетика вазирлиги томонидан ташкил этилган ҳудудий ишчи гуруҳ Самарқанддаги ижтимоий соҳа объектларининг қишга тайёргарлик ишларини кўздан кечирди.

Гарчи куз-қиш мавсумига ёз ойларидан киришилиш зарурлиги ҳақида Президент қарори ва керакли кўрсатмалар бўлса-да, жойларда мавсумга тайёргарлик ишларига панжа орасидан қараш ҳолатлари учрамоқда. Масалан, ишчи гуруҳ аъзолари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли 38 та муассасада ўрганишлар ўтказди. Афсуски, бу муассасалардаги 14 та локал қозонхона, 46 та қозонларнинг техник ҳолати қониқарсиз эканлиги, 36 та қозон ва 37 та газ ёндиргич ностандарт эканлиги, 5 ҳолатда иситиш тизими ҳамда 72 ҳолатда газ қувурлари ва қурилмаларида техник камчиликлар мавжудлиги маълум бўлди.

Масалан, Самарқанд шаҳридаги 5-сонли оилавий поликлиникада иситиш қозонлари қурилиш меъёрлари ва талабларига зид равишда ертўлага ўрнатилган. Аниқланишича, объектнинг қурувчиси 6 дона “VERO” русумли икки контурли замонавий қозонни объектнинг ертўласига ўрнатган.

21 та мактабда ўтказилган ўрганишлар давомида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилди. Хусусан, 15 та мактабда энергия ресурслар билан таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмаган, мавжудлари эса сифатсиз бажарилган. Ўрганилган муассасалардаги 27 та локал қозонхона ва 29 та қозонларнинг техник ҳолати қониқарсиз, 29 та қозон ва 29 та газ ёндиргичлар ностандарт, 25 ҳолатда газ қувурлари ва қурилмаларида техник камчиликлар бор.

Мисол учун, Самарқанд шаҳри Лоҳутий кўчасида жойлашган 19-умумтаълим мактабининг мавсумга тайёргарлик ҳолати ўрганилганда, муассасани иситиш учун 5 дона “AKFA” русумли иситиш қозонлари ўрнатилгани, шундан 3 донаси қурилиш меъёрий қоидалари талабларига амал қилмаган ҳолда мактаб биносининг ертўла қисмида ўрнатилгани аниқланди. Шунингдек, бу ерда табиий газ қувурларининг техник ҳолати қониқарсиз, табиий газ сарфи ҳисобини юритиш учун ўрнатилган газ ҳисоблаш ускунаси давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаган. Суғдиёна массивида жойлашган 63-умумтаълим мактабининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ҳам кўнгилдагидек эмас. Муассасани иситиш учун 9 дона иситиш қозонлари ўрнатилган, аммо унинг 5 таси фойдаланишга яроқсиз.

Бу каби камчиликларни мактабгача таълим тизимида ҳам кўриш мумкин. 44 та муассасада ўтказилган ўрганишлар давомида 32 та боғчада энергия ресурслар билан таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмаганлиги ва сифатсиз бажарилганлиги аниқланган.

Ўрганилган 16 та локал қозонхона ва 31 та қозоннинг техник ҳолати қониқарсиз, 16 та қозон ва 31 та газ ёндиргич ностандарт, 59 ҳолатда газ қувурлари ва қурилмаларида техник камчиликлар мавжуд. Мисол учун, Самарқанд шаҳри Беруний кўчасида жойлашган 80-сонли мактабгача таълим ташкилотини иситиш учун 4 дона ясама ностандарт иситиш қозонлари ўрнатилганига гувоҳ бўлдик. Табиий газ қувурларининг ҳам техник ҳолатлари қониқарсиз.

Ўрганишлар давомида камчиликларни бартараф этиш бўйича муассасаларга куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича зарур профилактик ёрдам кўрсатилди. Аммо касалхона, мактаб, боғчада иситиш ускуналарини мавсумга шай қилишда кўзбўямачиликка йўл қўйиш кечирилмас ҳолат. Чунки беморлар ва ёшларни совуқда қолдириш ёки хавфсизлигига эътиборсизлик қилиш охир-оқибат жавобгарликка олиб келади. Буни тармоқ ходимлари ҳам, шу ижтимоий объектнинг раҳбари ҳам билиши шарт.

Икром Махсумов,

“Ўзнефтгазинспекция” Самарқанд ҳудудий бўлими бошлиғи.