Мавзули экспресс-ўрганиш тадбирлари нима мақсадда ўтказилади?

Солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун жорий йилнинг 1 январидан камерал назорат натижаси бўйича жойига борган ҳолда мавзули экспресс-ўрганиш ўтказиш амалиётга жорий қилинди.
Мавзули экспресс-ўрганишларни амалга ошириш мезонлари қуйидагилар ҳисобланади:
- солиқлар ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлиги;
- устав капиталидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик бирлашмаларининг соф фойда ва дивидендлар ҳисобланиши тўғрисидаги, шунингдек, давлат унитар корхоналари соф фойдасидан 30 фоиз миқдорида ажратмани аниқлаш тўғрисидаги ҳисоботида солиқ органларида хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятига доир бошқа маълумотлар ўртасида тафовутлар мавжудлиги;
- харид қилинадиган ва реализация қилинадиган товар-моддий бойликлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларнинг ҳажми, номенклатураси (ассортименти) ва суммаси ўртасида аниқланган номутаносибликлар;
- келиб тушган ахборотлар таҳлили бўйича аниқланган тафовут ва фарқлар;
- валюта қонунчилиги соҳасида аниқланган қонунбузарликлар, шу жумладан, ташқи савдо шартномалари бўйича импорт ва экспорт қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархининг оширилиши ва пасайтирилиши.
Мавзули экспресс-ўрганишни амалга ошириш учун асос бўлган талабнома ва буйруқ солиқ тўловчи ёки унинг вакилига топширилган пайт ўрганиш бошланган пайт деб ҳисобланади.
Мавзули экспресс-ўрганиш фақат камерал назорат ўтказилган солиқ даври учун амалга оширилади. Мавзули экспресс-ўрганишни амалга ошириш муддати етти календарь (беш иш) кунидан ошмаслиги керак.
Зарур ҳолларда экспертлар, мутахассислар ҳамда таржимонлар жалб этилиши, мавзули экспресс-ўрганиш жиноят иши доирасида тафтиш ўтказилиши сабабли кечиктирилиши мумкин.
Мавзули экспресс-ўрганиш натижалари бўйича маълумотнома солиқ тўловчига топширилган кун ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилган кун ўрганиш тугалланган кун ҳисобланади.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.