Махсус иқтисодий зона иштирокчисига ер ажратиш рад этилмайди
Президентимиз 2020 йил 17 февралда “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонунни имзолади.
Қонунга мувофиқ махсус иқтисодий зона тегишли ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун чет эл инвестициялари ва маҳаллий инвестицияларни, юқори технологиялар ҳамда бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида махсус ажратилган, белгиланган чегараларга ва махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган ҳудуд ҳисобланади.
Қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси:
- махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
- махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш дастурларини ва чегараларини, уларнинг уставларини тасдиқлайди, маъмурий кенгашларни тузади, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришни, мониторинг ва назорат қилишни амалга оширади;
- махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органларини белгилайди, уларнинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади;
- инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида рўёбга чиқарилиши устидан назоратни амалга оширади.
Махсус иқтисодий зоналар бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган давлат мулки объектлари, маъмурий-ҳудудий тузилмалар ҳудудлари негизида, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда ташкил этилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар алоҳида ҳолларда фақат фармацевтика ва аграр йўналишдаги махсус иқтисодий зоналар учун берилиши мумкин.
Махсус иқтисодий зонанинг иштирокчисига ер участкасини ажратишни рад этишга йўл қўйилмайди.
Махсус иқтисодий зоналар қуйидаги турда ташкил этилиши мумкин:
⚫ эркин иқтисодий зоналар;
⚫ махсус илмий-технологик зоналар;
⚫ туристик-рекреацион зоналар;
⚫ эркин савдо зоналари;
⚫ махсус саноат зоналари.
Шунингдек, бундай ҳудудларда қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқариш ва уларнинг савдосини олиб бориш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш каби бир қатор фаолият турларини амалга ошириш тақиқланади.
Махсус иқтисодий зона Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан 30 йил муддатга ташкил этилади.
Махсус иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ва уни тугатиш Президент қарорига биноан амалга оширилади.
Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ушбу Қонун кучга киргунга қадар эркин иқтисодий зоналар дирекциялари томонидан рўйхатга олинган ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёз ва преференциялар улар тақдим этилган муддат ўтгунига қадар сақлаб қолинади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, кучга киради.