Мебелсозлик: Қорағуппада кичик саноат зонаси ташкил этилди

Шу йилнинг 7 ноябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллий саноатни ривожлантиришда мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Чунки, айни пайтда мамлакатимиз ички бозорида мебель маҳсулотларининг улуши 5 триллион сўмдан ошяпти.

Биргина давлат ташкилотларининг мебель маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 1 триллион сўмни ташкил қилади. Республикада 15 мингта мебель ишлаб чиқарувчилар томонидан йил бошидан буён 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, лекин бор-йўғи 22 миллион долларлик экспорт амалга оширилган.

Бугунги кунда вилоятимизда мебель ва мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 259 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан жорий йилнинг тўққиз ойида 164,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Мебель саноати соҳасида вилоятда йилнинг ўтган даврида 70,4 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа ишга туширилиб, 267 та янги иш ўрни яратилди.

Жумладан, Самарқанд шаҳар Фарҳод шаҳарчасида жойлашган кичик саноат зонасида “Шоҳрух бетон-эксперт” хусусий корхонаси томонидан умумий қиймати 175 минг долларлик лойиҳа амалга оширилди. Йилига 2,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 40 киши доимий иш ўрнига эга бўлди.

Бундан ташқари, ҳозирда Самарқанд ва Паст Дарғом туманларидаги саккиз маҳалла мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Масалан, Паст Дарғом туманининг Қорағуппа маҳалласидаги 695 хонадоннинг 65 тасида 169 нафар усталар мебелсозлик билан шуғулланмоқда. Уларга муносиб шарт-шароит яратиш ҳамда фаолиятини кластер усулида ташкил этиш мақсадида маҳалла ҳудудидан 2,5 гектар ер майдонида мебель маҳсулотлари ишлаб чиқишга ихтисослашган кичик саноат зонаси ташкил этилди. Бу ерда умумий қиймати 20,4 миллиард сўмлик ўнта лойиҳа ишга туширилади ва 365 та янги иш ўрни яратилади. Ҳозиргача 7 та лот сотилиб, лойиҳаларни амалга оширишга киришилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил якуни билан вилоятда мебель ишлаб чиқариш ҳажми 207 миллиард сўмга етиши, 2023 йилда эса бу кўрсаткични 305,7 миллард сўмга етказиш кўзда тутилмоқда.

Бунинг учун маҳаллий саноатнинг мебелсозлик соҳасидада қиймати 26,7 миллиард сўмлик 11 та янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Хусусан, Самарқанд туманидаги “Samarqand Groop” корхонаси негизида қиймати 24,8 миллиард сўмлик замонавий мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади. Ушбу лойиҳанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 9,5 миллиард сўм бўлиши кутилмоқда.

Соҳа ривожида хом ашё масаласи ўта долзарб ҳисобланади. Сабаби, айни пайтда сифатли мебель маҳсулотлари учун хом ашёнинг асосий қисми хориждан келтирилмоқда. Импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хорижий инвесторлар томонидан “Huayxi Vood indusrty” корхонаси негизида қиймати 46,5 миллиард сўмлик, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 30 миллиард сўм бўлган фанер ва акрил ишлаб чиқариш лойиҳаси таклиф этилган. Ҳозирда бу борада музокаралар олиб борилмоқда.

Мебелсозлик соҳаси вилоятимизнинг ҳар қандай маҳалласи ёки микроҳудуди учун муҳим ва истиқболли бўлиб ҳисобланади. Маҳаллаларда мавжуд лойиҳалар билан танишиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳозирги кунда маҳаллий аҳолини яшаш жойларида бандлигини таъминлаш, касб эгаси қилиш имкони шу соҳада яққоллигини кўрсатмоқда.

Нозир Ибрагимов,

вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси

***

Қорағуппа маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Жўрабек Рўзибоевнинг таъкидлашича, кичик саноат зонаси учун давлат томонидан зарур инфратузилма яратилмоқда. Шу мақсадда 5 километр йўл қурилиб, 2 километр сув ва 3 километр табиий газ тармоғи, 1,5 километр масофага янги электр тармоғи тортилмоқда. Ҳар бири 25 сотихлик лотларда тадбиркорлар томонидан лойиҳаларни амалга ошириш бошланди.

– Мебель ишлаб чиқариш фаолиятини 2010 йилда бошлаганмиз, - дейди “Меҳр мебель” оилавий корхонаси раҳбари Наби Эшнаев. – Бугунги кунда 50 турдан ортиқ қаттиқ ва юмшоқ мебелларни юртимиз бозорларига ҳамда қўшни Тожикистон Республикасига етказиб беряпмиз. Айни пайтда Қозоғистондан ҳам таклифлар бўлмоқда. Фақат корхонамиз қуввати етмаяпти. Шу боис, маҳалламизда ташкил қилинаётган кичик саноат зонасида янги корхона қуриш бўйича лойиҳани бошладик. 950 дона мебель ишлаб чиқариш қувватига эга, қиймати 2 миллиард 500 миллион сўмлик лойиҳани амалга оширишни режелаштирганмиз. Бунда қўшимча 50 та янги иш ўрни яратилиб, ишчилар сони 100 нафардан ошади. Шунингдек, мебелсозлик учун зарур бўлган хомашё – ёғоч етиштириш ҳам режамизда бор. Тегишли тартибда қўшимча ер олиб, павловния дарахти етиштиришни йўлга қўйишни режалаштиряпмиз. Бу орқали маҳсулотларимиз таннархини пасайтириб, маҳсулот сифатини оширишни кўзлаяпмиз. Шунда ички бозорни қондириб, хорижга экспорт қилиш имкониятимиз ҳам ошади.

– 2017 йилда юмшоқ мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, тадбиркорлик фаолиятимизни бошлаган эдик, – дейди “Next forumuz” оилавий корхонаси раҳбари Илёс Мўминов. – Айни пайтда юмшоқ мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келяпмиз. Оила аъзоларимиз билан бирга маҳалламиздаги 20 га яқин ёшлар, хотин-қизлар иш билан таъминланган. Кичик саноат зонасида ўз лойиҳамиз билан иштирок этиш бўйича таклифимизни бергандик. Мутасаддилар томонидан ташаббусимиз қўллаб-қувватланиб, ер ажратилди. Лойиҳамиз қиймати 1 миллиард 700 миллион сўмни ташкил қилади. Хориждан замонавий мебель ишлаб чиқариш ускуналарини олиб келмоқчимиз ва насиб этса, 2023 йилнинг биринчи чорагида корхонана ишга туширамиз.

Мазкур кичик саноат зонаси Қорағуппадаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидан бўлган кишиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Алишер Исроилов.