МИБ истеъмолчининг асоссиз ошиб кетган қарздорлиги юзасидан муносабат билдирди

Жорий йилнинг 27 август куни сайтимизда “Маошдан ушлаб қолинади...” ёки электр таъминотидаги ноҳақликлар ҳақида” номли мақола берилган эди.

Унда Иштихон тумани Зарбулоқ маҳалласида яшовчи А.Эшқувватовнинг фойдаланилган электр энергияси бўйича тўловларни ўз вақтида турмуш ўртоғининг ойлик маоши ҳисобидан тўлаб боришига қарамасдан, унинг номига асоссиз қарздорлик ҳисобланганлиги маълум қилинган.

Ушбу мақола юзасидан мажбурий ижро бюроси Иштихон туман бўлими муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Иштихон тумани Зарбулоқ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А.Эшқувватов “Электр ҳисоб” дастурида 1063077-сонли абонент ҳисоб-рақами билан туман электр таъминоти корхонасида маиший истеъмолчи сифатида рўйхатга олинган.

2018 йилнинг 29 январь куни Мажбурий ижро бюроси Иштихон туман бўлими давлат инспектори К.Бегмаматов Зарбулоқ маҳалласида яшовчи аҳоли истеъмолчиларининг энергия ресурсларидан фойдаланиш аҳволи ҳамда тўлов интизоми юзасидан мониторинг ўтказиб, истеъмолчи А.Эшқувватовнинг хонадонига ўрнатилган электр ҳисоблагич кўрсаткичидан ортиқча кўрсаткични “SMS хабарнома” орқали электрон базага киритган. Оқибатда, А.Эшқувватовнинг электр энергиясидан асосий қарздорлиги юзага келган.

Қўшимча ўрганишда истеъмолчи А.Эшқувватовнинг электр энергияси бўйича амалга оширган тўловлари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, зиммасидаги 2 млн. 458 минг 101 сўм асоссиз қарздорлик олиниб, “Электр ҳисоб” дастурига унинг ҳақдорлиги, 78 минг сўм олдиндан тўлови киритилди.

Ушбу ҳолат юзасидан истеъмолчи А.Эшқувватовдан узр сўралди ва Мажбурий ижро бюроси Иштихон туман бўлими давлат инспектори К.Бегмаматов огоҳлантирилди.