МИБнинг Самарқанд вилояти бошқармаси ходимларининг мажбурлаб ишлатилаётгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди

Жорий йилнинг 9 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда “МИБ ходимлари: байрам кунлари, ҳатто меҳнат таътилида ҳам ишламоқдамиз” мазмунидаги хабарлар тарқалди.

Хабарда Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари номидан иш вақти чегараланмагани, соат 0700 дан кеч 0000 гача, байрам кунлари ҳам ишлаётгани, тез-тез йиғилишлар ўтказилиши, ҳатто меҳнат таътилидагилар ҳам ишга чиқишга мажбурланаётгани, раҳбариятнинг меҳнат қонунчилигига риоя қилмаётгани баён қилинган.

Бюронинг Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда туман-шаҳар бўлимларида 1145 нафар ходим, биргина Самарқанд шаҳар бўлимида 200 нафар ходим фаолият кўрсатади.

Ўрганишларда ходимларнинг кунлик иш вақти соат 0900 дан соат 1800 га қадар давом этиши, белгиланган вақтдан ташқари ишлашига, шунингдек, шанба ва якшанба кунлари ишга чиқишига йўл қўйилмаслиги маълум бўлди.

Ходимларнинг дам олиш кунлари ишлаши фақат уларнинг розилиги асосида амалга оширилади. Сабаби, аҳолининг иш билан банд бўлган қатлами шанба ва якшанба кунлари хонадонларида бўлиши, приборларни кўздан кечириш ҳамда ҳисоб-китобларни амалга оширишда уларга янада қулайлик яратиши инобатга олинган.

Бундай ҳолатларда, ходимларнинг шанба-якшанба ва дам олиш кунлари ўз хоҳиши билан ишлагани учун бошқа дам олиш куни (отгул) берилиши ёки иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда дам олиш куни бериш чоралари кўрилади.

Шунингдек, Бюронинг Самарқанд вилояти бошқармаси тизимида хизмат қилаётган ходимларнинг алоҳида хизмат ўташ шароитлари инобатга олиниб, уларга нисбатан тегишли ижтимоий муҳофаза чоралари, дам олиш, моддий аҳволини яхшилаш, меҳнат таътилини олиш ва тиббий хизматдан бепул фойдаланиш ҳуқуқлари кафолатланган.

Мисол учун, жорий йилнинг 31 августь куни Мустақиллик байрами муносабати билан Бюронинг Самарқанд шаҳар бўлимида фаолият юритаётган 10 нафар ходим рағбатлантирилди. Ҳозирда бўлим ходимларидан 112 нафарининг меҳнат таътилига чиқиши таъминланган. Бўлим ходимларининг иш самарадорлигини, меҳнат шароитларини ошириш, уларга янада қулайлик яратиш чоралари кўрилмоқда.