Миёнқол–Хатирчи канали ҳақида нималарни биласиз? Нарпай ва Мирзаариқ каналлари ҳақида-чи?

Зарафшон дарёсининг Оқдарё ва Қорадарё тармоқлари оралиғида узунлиги 100 километр, эни 10-15 километр ва майдони 1200 квадрат/километр келадиган умумдор тупроқли Миёнқол ороли жойлашган. Дамхўжа тўғонидан бошланган Миёнқол-Хатирчи магистрал канали ана шу Миёнқол оролидаги 55 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалик экин майдонларини сув билан таъминлаб, қўшни Навоий вилоятининг Хатирчи туманига оби ҳаёт етказиб беради.

Каналнинг узунлиги 36 километр масофага чўзилган. Ўртача сув сарфи 50 метр/секундни ташкил этади.

Нарпай канали - Зарафшон ботиғидаги қадимги ва йирик ирригацион иншоотлардан бири. Мазкур магистрал канал Зарафшон дарёсидан сув олади.

Каналнинг умумий узунлиги 90 километр масофага чўзилган. Ана шу масофада каналнинг суви 370 дан ортиқ шохобчага тақсимланади.

1929-1934 йилларида Нарпай магистрал канали реконструкция қилинган. Бунинг натижасида канал ўзани тўғриланади ва сув тақсимлаш масофаси анча қисқаради. Лекин каналнинг ўзани чуқурлаштирилиб, кенгайтирилади.

Зарафшон дарёсидан бўлиниб, Туятортардан ажралиб чиққан Мирзаариқ канали эса Булунғур ва Жомбой туманларининг бир қисмини сув билан таъминлаб келмоқда. Мирзаариқ Пайариқ туманига ҳам бориб, Яқанчиқ қишлоғида тугайди.

Айрим тарихий китобларда 1430 йиллар оралиғида Мирзаариқ Мирзо Улуғбек томонидан қазилгани ёзиб қолдирилган. Унинг номланиши шундан келиб чиққан. Мазкур ариқнинг Жомбой туманига яқин қисми Пайариқ ҳудудига боргунича кўпайиб боради. Бунга сабаб – Зарафшон дарёсидан тўйинган ерости сув йўллари булоқ бўлиб туманнинг 5-6 чақирим жойларигача чиқиши ва улар кўпайиб, кета-кетгунча Мирзаариққа қўшилиши натижасидир.

Талъат АБДУЛЛАЕВ.