Муаммоси йўқ ёшлар нега кам?

Яқинда сайтимиз орқали муштарийларимизга “Ёшларни нима қийнаяпти?” деган сўров билан мурожаат қилгандик.

 

Сўровда (25 декабрь соат 17:00 ҳолатига) 3291 нафар фуқаро иштирок этиб, уларнинг 1335 нафари “Интернет тезлигининг пастлиги ва тарифларнинг қимматлиги”, 869 нафари “Таълим муассасаларидаги аудитория ва хоналарнинг совуқлиги”, 500 нафари “Талабалар тураржойи масаласи”, деган жавобларни белгилаган. Иштирокчиларнинг 331 нафари “Жамоат транспорти билан боғлиқ муаммолар”, 256 нафари эса “Муаммо йўқ” деган жавобни танлаган.

Бундан кўриниб турибдики, сўров иштирокчиларининг кўпчилигини, яъни 41 фоизини интернет тезлигининг пастлиги ва тарифларнинг қимматлиги қийнаяпти. Бу муаммо айниқса, пандемия даврида яққол кўзга ташланди. Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалгач, барча таълим муассасаларидаги дарс жараёнлари интернет тармоғи орқали, онлайн тарзда ташкил этилди. Кейинги пайтда карантин талаблари юмшатилиб, аксарият талаба ва ўқувчилар анъанавий дарс­ларда иштирок этаётган бўлса-да, онлайн тарзда таълим олаётган ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бугунги кунда нафақат талаба-ёшлар учун, балки катталар учун ҳам интернет тезлиги юқори ва тарифларнинг арзон бўлиши муҳим.

Бу йил вилоятимизда биринчи қор ноябрь ойининг ўртасида ёғди. Қиш фасли эрта ва ҳар йилгидан-да совуқ келди. Бу айрим таълим муассасаларининг куз-қиш мавсумига тўлиқ тайёр эмаслигини кўрсатиб қўйди. Буни сўров натижаларига қараб, яъни иштирокчиларнинг 26 фоизи таълим муассасаларидаги аудитория ва хоналарнинг совуқлиги учун ранжиганидан ҳам билса бўлади.

Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқиётган ёшларни қийнаб келаётган муаммолардан яна бири тураржой масаласи. Сўровда айнан шу жавобда тўхталганлар ҳам кам эмас. Улар қатнашчиларнинг 15 фоизини ташкил этган.

Сўров иштирокчиларининг 10 фоизи “Жамоат транспорти билан боғлиқ муаммолар” деган жавобни танлагани бу борада ҳам муаммолар талайгина эканлигидан далолат беради. Автобусларнинг вақтида қатнамаслиги, йўлкира ва қайтим масаласи, йўл ҳақини ўзбошимчалик билан белгилаб оладиган, ноқонуний хизмат кўрсатувчи таксилар ва халқни қийнаб келаётган шу каби муаммоларга ечим топиш кераклигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Ачинарлиси, бу сўровда қатнашганларнинг энг кам, яъни бор-йўғи 8 фоизи “Муаммо йўқ” деган жавобда тўхталган. Бундан кўриниб турибдики, иштирокчиларнинг 92 фоизини қайсидир муаммо қийнаяпти. Бу нимадан далолат беради? Албатта, масъулларнинг масъулиятсизлигидан. Ўйлаймизки, мутасаддилар ёшларимизни қийнаб келаётган муаммоларни чуқурроқ ўрганиб, бартараф этиш чораларини кўради.

Тўлқин Сиддиқов.