Муддатли ҳарбий хизматга саралаш бугун олдингиларидан фарқ қилади. Каттақўрғон шаҳрида бу қандай ўтказиляпти?

Ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Каттақўрғон шаҳар мудофаа ишлари бўлимида 125 нафар йигит муддатли ҳарбий хизматга бориш учун синовдан ўтди.

Бўлим бошлиғи, майор Ҳусан Сапаровнинг таъкидлашича, бу галги саралаш жараёнлари олдингилардан тубдан фарқ қилади.

Мисол учун, жорий йилда чақирилувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини синаб кўриш учун тест синовлари Давлат тест марказидан эмас, балки халқ таълими бўлими томонидан тавсия этилган ўқитувчилар томонидан ўтказилмоқда.

Чақирилувчилар учун тузилган тест саволларида ҳам фарқ бор. Бунда Амир Темур “Тузук”лари ва Жалолиддин Мангуберди ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ маълумотлар, умуман, тарихимизга оид саволларга эътибор қаратилган. Ҳар бир чақирилувчи 60 та саволни компьютерда ечади. Аҳамиятлиси, бу жараённи ота-оналар алоҳида хонада ўрнатилган мониторлар орқали кўриб-кузатиб туради.

Агар чақирилувчи берилган 1 соат 30 дақиқа вақт давомида тест саволларидан 46 тасининг жавобларини тўғри топса, синовлардан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.

Касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбатлар ҳам ўтган йилгилардан фарқли тарзда бўлиб ўтмоқда. Хусусан, унда Каттақўрғон шаҳар халқ таълими, ички ишлар ва ёшлар иттифоқи туман бўлими масъул ходимлари ҳамда “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари туман бўлинмаси, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси ва ота-оналар орасидан вакиллар бевосита комиссия таркибига киритилган.

Ёқуб МАРҚАЕВ.