Мулкдор объектдан фойдаланмаса қўшимча солиқ тўлайди
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августда “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоят ҳокимининг ҳам қарори қабул қилинди. Қарор асосида вилоятда фойдаланилмаётган объектларни аниқлаш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.
Улар объектларни жойида ўрганган ҳолда хатловдан ўтказиб, таъсирчан солиқ механизмини жорий этиш юзасидан ҳисоботлар тайёрлайди ва уларни ишга тушириш чораларини таҳлил этмоқда. Объектларни ишга туширишда инвесторларни жалб этишга кўмаклашиш, объектда фаолият йўлга қўйилганда таъсирчан солиқ механизмини тўхтатиш юзасидан солиқ идораларига хулосалар беради.
Фойдаланилмаётган объектлар мулкдорларига мол-мулк ва ер солиқлари амалдаги ставкага нисбатан 3 ойгача икки баробар, 3 ойдан ўтгандан сўнг беш баробар, 6 ойдан сўнг ўн баробар, 12 ойдан бошлаб келгуси ҳар 12 ойга охирги ошириб қўлланилганга нисбатан икки баробар миқдорда қўлланилади. Фойдаланилмаётган объектларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулк ва ер солиқлари бўйича қўлланиладиган солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилиши тўхтатилади. Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан фойдаланилмаётган объектлар хатловдан ўтказилиб, ишга тушириш ва уларнинг ҳисобини юритиш ишлари олиб борилмоқда.