@zarafshon_botга мурожаат: Кўчамизга ким симёғоч ўрнатиб, электр тармоғи тортиши керак?

Пайариқ тумани Мирзо Улуғбек маҳалласидан мурожаат қиляпмиз.

Мана, бир неча йил бўлди биз яшайдиган Катта Чорбдор кўчасига электр симёғочи ўрнатиш йўғон ичакдек чўзилиб келяпти. Ўрнатиб беришларини сўраб, туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғига ва электр тармоқлари тизимида ташкил этилган халқ назорати порталига бир неча марта мурожаат қилдик. Лекин мурожаатларимиз жавобсиз ва ҳал қилинмасдан келинмоқда.

Яшаш манзилимиз олис қишлоқ эмас, Челак марказида жойлашган. Шундай бўлса-да, 4 дона симёғоч билан ўтадиган тармоқ ҳозирги кунгача ҳар хил баҳоналар билан ҳал қилинмаяпти. Баъзида ўйлаб қоламиз: кўчамизга ким симёғоч ўрнатиб, электр тармоғи тортиши керак? Шу боис сизларга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Зора, бу ишга масъул ташкилот раҳбарлари ўқиб, бор-йўғи 4 дона симёғоч ўрнатиб, электр симларимизни хавфсиз тарзда тортиб беришса....

Пайариқ тумани Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи фуқаролар.