Мутолаа: Баҳодир Ялангтўш

Бир пардали, етти кўринишли драма

Фармон Тошев

Иштирок этувчилар:

Баҳодир Ялангтўш - Самарқанд амири, 70 ёшларда

Хадичабегим – Ялангтўшнинг хотини, 60 ёшларда

Бойбек – Ялангтўшнинг ўғли, 40 ёшларда

Иқлимабону – Ялангтўшнинг қизи, 30 ёшда

Ойбиби – Ялангтўшнинг қизи, 28 ёшда

Абдужаббор – меъмор, 50 ёшларда

Муҳаммад Аббос – наққош, уста 30 ёшларда

Маҳмуд Поён – саркарда

Қовун сотувчи - 30 ёшларда

Хазинабон – 30 ёшларда

Қўшин беги – 40 ёшларда

Ҳасан масхарабоз – 35 ёшларда

 

Воқеа ХVI асрнинг иккинчи ярмида Cамарқандда бўлиб ўтади

 

БИРИНЧИ КЎРИНИШ

  Регистон майдони олди. Бир томонда Мирзо Улуғбек мадрасаси. Унинг ёнида ихчам бозор ишлаб турибди.  Соқчилар билан юрган ота-бола – ҳоким Баҳодир Ялангтўш ва ўғли Бойбек чеккада суҳбатлашиб турибди. Атрофида соқчи ва мулозимлар.

Ялангтўш: (кулимсирайди) - Ўғлим, сиз билан салтанатимиз марказини айландик. Сизни тонгдан менга ҳамроҳ бўлишга ундаганимнинг боисини қувваи ҳофизангиз билан англаб етдингизму? Мана, неча маҳаллани айландик, ва ниҳоят Регистон майдонида сайримиз ниҳоя топди. Сўйланг қани, нималарни чамалаётирман, қулоғим сизда.

Бойбек: (қўли кўксида) - Албатта, падари бузруквор, мана бу майдондаги нураб бошлаган мадрасаю қатор, тиғиз қурилган савдо каппонларига боқиб, хаёлга ботганингиздан нималарнидир режалаштираётганингизни англагандек бўляпман. Сизни илгари ҳам бу ҳолатда кўп кўрганман. Отамни қандайдир ўйлар безовта қиляпти деб ўйлаганман. Сиз ҳар бир тадбирни пухта ўйлаб қиласиз. Фикри ожизимча, янги, хайрли ишга режа тузяпсиз.

Ялангтўш: - Тўғри англадингдиз, ўғлим. Умрни оқар сувга менгзайдилар. Бугун етмиш ёшни қоралаб, ўтган умримга  назар ташлаяпман. Аллоҳ мендан марҳаматини дариғ тутмади. Пешонамга ёзилғон экан, қўлимдан қилич тушмади, жангу жадал ичра улғайдим. Тақдир ҳукми ила Самарқандга учинчи бор амир этиб тайинлаганимда ҳам улуғ бир ҳикмат кўраман.

Бойбек: - Мен сизга муносиб фарзанд бўлишга доимо интилганман. Сиз ўқиган мадрасада ўқиганда, саркарда шогирдларингиздан таълим олганда сизга муносиб бўлишга интилганман, ота.

Ялангтўш: - Биламан, ўғлим. Шариату тариқатдан билимингиз мукаммал, илмингизга амал билан сайқал беришингизни ҳам биламан.  Аммо ҳозир мавзу бу ҳақда эмас. Гап шундаки, бу замин, бу шаҳар бизга Соҳибқирон Амир Темурдан мерос. Ул зот ва ул зотнинг невараси Мирзо Улуғбек Самарқандни ер юзининг сайқалига айлантирган. Етти иқлимнинг пойтахти бўлган бу табаррук шаҳар. Амир бобомизнинг “Кимки бизнинг қудратимизга шубҳа қилса, биз қурдирган иморатларга боқсин!”  деган  гапи доимо қулоғим остида жаранглайди. Бу шаҳарнинг Аллоҳ назарига тушганлиги рост. Чин-Мочиндан йўлга чиққан карвонлар ҳам шу шаҳарга интилиши, бу шаҳарнинг Ипак йўлининг олтин камари деб шуҳрат топиши ҳам бежиз эмас. Лекин бизнинг тинчгина яшашимиз ҳам кимларгадир маъқул тушмади, шу боис доимо огоҳ яшадик. Салтанат юраги бўлган шу майдонга келсам, руҳим ором олади. Мана бу минораларга қараб тафаккур қилар эканман,  Самарқандга бостириб келган қозоқ хони Абулини қувиб, Дашти қипчоққа довур ҳайдаб юборганимиз, Тошкент ва Туркистонни қозоқ бийларидан қайтариб олганимиз учун Балх амири унвонига сазовор бўлганим, қозоқ хони Есимхонни Тошкентдан қувиб юборганим, Турсун султон қўшинини хонлик ҳудудидан ҳайдаб чиқарганимиз ёдимга тушади. Аммо афсуски, қўшнилар бундан хулоса қилмади, улар юртимизга кўз олайтиришдан чарчамади, менинг қўлимдан қилич тушмади. Абули султон қўшинини енгиб, уни Қашғарга қадар кузатиб қўйсак-да, уларга эс кирмади. Сабр-бардошнинг ҳам чеки бўлади. Тиғ этдан суякка ўтгач, Сайрамга, қозоқ хонларига қарши қўшин тортиб ва уларни Дашти Қипчоққа қадар улоқтириб юборгач, мамлакат бирмунча ором олди. Лекин бу жангу жадаллар умримизни елга учирди.

Бойбек: - Яқинда уламолар Амир Темур даврида Испаниядан элчи бўлиб келган Клавихо Гонсалес деган кишининг Самарқанд ҳақидаги китобини таржима қилишипти. Бу қадим кентнинг ободчилиги, тартиб- интизоми, кошонаю тўкинчилиги хусусида кўп гапларни ёзибди.

Ялангтўш: - Яшанг, ўғлим. Тарихни билмоқ, миллат улуғлари ишидан ғурурланмоқ фазилатдур. Яна бир ҳақиқат шундаким, тинч, осойишта, халқи ўзига тўқ ва меҳнацевар юртдагина бунёдкорлик бўлади. Салтанат ва раиятда адолат асосида иш юритилиши юртнинг гуллаб яшнаши кафолатидир. Агар бу мувозанат бузилса, мамлакат таназзулга юз тутади. Ўғлим, туркийлар ва жунғорлар ўртасидаги мустаҳкам деворимиз – Ёркент хонлиги емирила бошлагач, жунғорлар қозоқ дўстларимиз бошиға қанча ташвишлар келтирганлиги, биз ҳам аралашишга мажбур бўлганимизни яхши биласиз. Сиз ёшсиз, булардан хулоса чиқаришингиз лозим.

Бойбек: - Мен ҳавас ва ғурур қиламанки, Сиз хонликдан ўзингизга берилган барча масканларда тартиб ва тинчликни сақлаб турибсиз. Афғон ва Эрондан ҳам фақат яхши хабарлар келиб турибди. Демак, фикри ожизимча, бобомиз Амир Темур ҳазратлари анъаналарини давом эттиришга бел боғлаган кўринасиз, янги бир иншоот қуриш ниятингиз борга ўхшайди, ота?

Ялангтўш: - Зукколигингизга балли, ўғлим. Кўнглимда бир эзгу ният пайдо бўлиб, йиллар давомида тинчлик бермай келади. Аниқроғи, илгаридан ўйлаб юрган бир режамни амалга ошириш мавриди келди, деб ҳисоблайман.

Бойбек: - Хўш, падари бузруквор, билсак бўладими, бу қандайин режа экан?

Ялангтўш: - Мирзо Улуғбек ўз даврида Регистонда, мана шу майдонда мадраса қурган. Ҳар йили минглаб толиби илмлар бу даргоҳ нуридан баҳраманд бўлдилар.

Бойбек: - Бу мадрасаи олиянинг довруғи жаҳонга кетган. Айтишларича, мавлоно Алишер Навоий ҳам унда сабоқ берган экан.

Ялангтўш: - Тўғри айтасиз ўғлим. Аммо кўриб турибсизки, мадрасанинг ҳозирги аҳволи яхши эмас. Биз энг аввало мадрасани таъмирлаб, унинг фаолиятини жонлантиришимиз лозим. Бу ерда таҳсил олганларнинг аксарияти аллома сифатида дунёдаги энг нуфузли мадрасаларда сабоқ беришяпти.

Бойбек: - Ҳақ гап. Энг аввало, мударрис ва талабаларга шароит яратиб, рағбат бермоқ керак.

Ялангтўш: - Энди улуғ ишларни давом эттирмоқ биз учун ҳам қарз, ҳам фарз, ўғлим. Шу сабабли Мирзо Улуғбек мадрасаси рўбарасида яна бир мадраса барпо эцак. Унинг тархини моҳир меъморлар билан маслаҳат қилганман. Уни тўрт бурчакли шаклда қурсак, ҳовлиси икки қаватдан иборат бўлиб, 52 ҳужрани ўз ичига олади. Бу ерда мадраса талабаларининг илм билан шуғулланишлари учун ажратилган махсус дарсхоналарда шариат, фиқҳ, тасаввуф илмига оид дарслар ўқитилади.

Бойбек: - Маъқул, падари бузруквор. Сиз саркарда, амиргина эмас, бунёдкор ҳамсиз. Шаҳримиз маркази бозор ва карвонсарой орасида кўримсизгина бўлиб турибди. Ҳақиқатан ҳам Регистон майдонини кенгайтиришни яхши ўйлабсиз. Янги мадраса нафақат илм-фан ривожига хизмат қилади, балки номингизни  абадиятга  муҳрлаши шубҳасиз.

Ялангтўш: - Мен бу ишга тайёргарлик кўрганман. Меъморларни энг яхши мадрасалар қурилишини ўрганиш учун бошқа шаҳарларга юбориб олдим. Мамлакат бойлигига дахл қилмаган ҳолда Балхдаги ўлкалардан тушган ўлпону солиқларни хазинада алоҳида мадраса қурилиши учун асраб қўйганман. Эрондан беш-ўн чоғлик усталарни ҳам келтириб қўйганман.

Бойбек: -  Ниятингиз муборак бўлсин, амирим.

Ялангтўш: - Бул ниятга бел боғлаганимга анча бўлди. Бироқ Балху Эрондаги музофотларимизда осойишталик ўрнатиш, заминимизга хуруж қилган қозоқ бойларига қарши кураш билан бўлиб вақтни ўтказиб қўйдик. Бундан ташқари, улуғ пиримиз Маҳдуми Аъзам ҳазратлари мақбарасига элтувчи йўлда, дарё устига янги кўприк қуришни ҳам бошлаймиз.

Бойбек: -  Қуллуқ, падари бузруквор. Бу эзгу ишларда камина ҳам истагингизга қараб хизматда бўлгайман.

Ялангтўш: - Офарин, ўғлим! Бир сўз билан кўнглимга ишонч, вужудимга ғайрат бердингиз. Энди Кулолондаги масжидга борсак. Унинг олдидаги айвонга машварат айтганман. Мулозимлар ва меъморлар йиғиладур. Маслаҳатдан сўнг, улуғлардан дуо олгаймиз. Қани, ўғлим, кетдик.

 

ИККИНЧИ КЎРИНИШ

Самарқанд бозори. (Шовқин-сурон, сотувчиларнинг  харидор чақириб бақиришлари овози.) Амир раъият мутасаддиси (фуқаролар арзи билан ишловчи шахс), ғазначи ва бир навкар билан бозорга кириб келади. Амир бозорга киришда бошига кулоҳ кийиб олади.

Хазинабон: - Амирим, бир қошиқ  қонимдан ўтинг, арзимас мулоҳазам бор эрди.

Ялангтўш: - Хўш, не мулоҳаза экан у?

Хазинабон: - Ҳалиги... тақсир, шу қулоҳни киймаганингиз маъқулми. Бу ер бозор бўлса, ҳар хил одам бор. Кўпчилик кулоҳни қаландарлар кийими деб тушунади. Бозорга турли жойдан одамлар келади. Сизни кўпчилик танимаслиги мумкин.  Яна “танимасни сийламас” деганларидай,  бирорта авом  сизнинг кўнглингизни оғритиб қўймасин деймиз-да! Сиз амир бўлсангиз. Тағин сизга оталиқ мартабаси берилган.

Раъият мутасаддиси: - Амирим, мен ҳам хазинабон фикрига қўшиламан. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Сизнинг салобатингиз  салтанат  мустаҳкамлиги аломатидир.

Ялангтўш: (кулади) - Яшанглар-ей, мен жўяли бирор гапларингиз бормикин, деб ўйлабман. Ахир камина бозорда ҳам амирлик салоҳиятини кўрсатмоқчи эрсам, унда оталик, эл отаси деган мартабам не бўлғай? Ахир фуқаро бизнинг қилган амалларимизга, олиму фузалоларга, илм аҳлига қайишганимизга кийган тўнимиз ёки бошимиздаги салламизга қараб баҳо берадими?

(Хазинабон, раъият мутасаддиси амир қаршисида қўлларини кўксига қўйиб турадилар. Амир кулоҳни кийиб олади)

Ялангтўш: - Кулоҳ, ким кийишидан қатъи назар, у эгасини халққа яқинлаштиради. Уни кийганим билан амалимдан тушиб қолмайман-ку, тўғрими? Ёки қаландарга амирлик либосини кийгизсак, у амир бўлиб қоладими?

 (Мулозимлар таъзим қилиб “маъқул”ишорасини берадилар)

Ялангтўш: - Бу ҳолда одамлар мени ўзига тенг билиб, эркинроқ, очилиброқ гаплашишади. Бозорга қовун тушипти, деб эшитгандим. Деҳқон билан суҳбатлашиш, ўлпон ҳаддини чамалаш, қолаверса, янги неъматдан татиб кўришни ният қилиб эрдим.

(Улар биргалашиб бозор четида қовун сотаётган йигитга яқин келадилар.)

Ялангтўш: - Ассалому алайкум. Ҳорманг, ука. Савдога барака!

Қовун сотувчи: - Ассалому алайкум, мулла ака! Ташаккур, умрингизга барака!

Ялангтўш: - Бозорга қовуннинг биринчи ҳосили тушипти, деб эшитиб келувдик. Таъми зўрми, ишқилиб?

Қовун сотувчи: - Э, ака мулло, нималар сўраяпсиз. Мен ҳар йили шу вақтлар Самарқандга қовун келтираман. Илгари мендан қовун олмаган кўринасиз. Миёнколнинг қовуни довруғини эшитмаганмисиз? Шому Мисрдан чаққон савдогарлар шу қовундан татиб кўргач, таом тотмай Чинга етиб борганлар. Оқдарё билан Қорадарё сувини ичган қовун минг дардга даво дейдилар. Бурноғи йили Ҳиндистонга - Бобурмирзо  авлодларига олиб бориш учун мендан тўрт арава қовун олишганди. Кўрдингизми, бизнинг қовунлар ҳам Андижон қовунидан кам эмас.

Ялангтўш: - Оҳо, мен сизни деҳқон десам, тилингиз бозорда чиққан экан-ку? Қани, сўзларингиз чин бўлса, бир тилим кесиб беринг-чи, баҳосини кейин айтамиз. (Амир бир тилим қовунни татиб кўради). Гапингиз рост, ука, мақтаганингизча бор, таъми роса етилган экан. (Қўли билан кўрсатади) Мана шу қовунни беринг. Нархи қанча бўлади?

Қовун сотувчи: - Ер билан осмон бўлармиди нархи, амаки. Пулингиз ўзингиз билан кетади. Бир танга берсангиз етади.

Ялангтўш: (кулади) - Бир танга? Қиммат айтиб юбормаяпсизми, ука? Бунча пулни қандай уддалайсиз?

Қовун сотувчи: - Қиммат деманг, мулла ака, биринчи ҳосилнинг нархи шу-да. Уни пули борлар ҳавасга олишади. Ўн кундан кейин келинг, шундай қовунни текинга ҳам бериб юбораман. Боя бир фақир киши “хотиним қовунга бошқоронғи бўлган, ўн кундан бери ахтараман, лекин пулим йўқ” деганди, Аллоҳ ризолиги учун кичиқроқ қовундан биттасини бериб юбордим. Сиз фақирга ўхшамаяпсиз-ку, мулла ака.

Ялангтўш: - Деҳқон бўлсангиз ҳам ақлли, самимий деҳқон экансиз. Бўпти, берақолинг, оламан. (Амир чўнтагини ковлайди, ҳамёни уйда қолганини сезади). Оббо, ука, сиз қовун сотганда, биз қовун туширибмиз-ку. Ҳамён уйда қопти. (Амир хазинабонга юзланади) Хазинада менинг пулим борму?

Хазинабон: - Хазинанинг бари сизники-ку, амирим!

Ялангтўш: - Мен сиздан элнинг хазинасини эмас, хазинадаги маошимни сўраяпман.

Хазинабон: - Амирим, ўтган жума куни маошингизнинг қолган қисмини Конигилдаги устага чархпалак ясаш учун берган эдингиз. Уч кундан кейин янги маошингиз ажратилади.

Ялангтўш: - Майли, агар уста Конигилга чархпалаклар ўрнатиб Чўпонота адирларига сув чиқарса, бу маблағдан кўп наф келтиради. Ука,  шу қовунни мана бу кулоҳимга алишасизми?

Қовун сотувчи: - Йўғ-ей, акамулло, нима деяпсиз. Бу кулоҳни бир тангага олишмайди.

Хазинабон: (гапга аралашади) - Ҳой, укажон, бундоқ ўйлаб гапиринг. Қаршингизда ким турганини биласизми?  Бу оддий кулоҳ эмас, Самарқанд амири Баҳодир Ялангтўшнинг кулоҳи ахир! Ё амирингизни танимадингизми?

Қовун сотувчи: - Вой, бу киши ўша машҳур амиримизми? Тақсир, сизнинг элга қилаётган савобли ишларингизни кўп эшитганмиз. Танимаганим учун узр сўрайман.

Ялангтўш: - Мен ўзимни танитгани эмас, қовун олиш ҳавасида келган эдим. Узрга ҳожат йўқ, ука.

Қовун сотувчи: - Аслида сиздан ҳеч нарса олмаслигим керак. Умрим далада ва бозорда ўтиб, ҳукуматдагиларни танимаймиз. Сизни танимаганим панд берди. Аммо кулоҳингизни оламан, жон деб оламан, оилам, бола-чақам амирдан кулоҳ олганимиздан ғурурланиб юрамиз! (Амир кулоҳини ечиб бериб, ҳарбий телпагини кийиб олади).

Шу пайт даврада бегона овоз ва масхарабоз кийимида ўртага интилаётган киши пайдо бўлади. Тансоқчи йўлини тўсса-да, баланд овозда мурожаат қилади:

Масхарабоз: - Ассалому алайкум, амирим! Мен Ҳасан масхарабозман, танидингизми?

Амир тансоқчига қўйиб юбор, ишорасини қилиб, у киши билан қўл бериб кўришади.

Масхарабоз: - Амирим!

Ялангтўш: - Э, масхарабоз ука, қалайсан? Ҳалиям ўтрук айтиб одамларни алдаб юрибсанми? Исминг Ҳасан эди шекилли а? Ҳеч рост гапинг ҳам борми?

Масхарабоз: - Топдингиз, амирим. Ахир мени Бухородан ўзингиз олиб келган эдингиз.

Ялангтўш: - Эсимда, Ҳасанбой, эсимда. Сени Самарқандда томоша кўрсатишни йўлга қўяди деб олиб келгандим. Чунки 5-6 ой ичида бу ерда шунақа одам топа олмадим. Қолаверса, Бухородаги тала-тўпда масхарабозга ўрин йўқ эди.

Масхарабоз: - Раҳмат, амирим. Қилган яхшиликларингиз учун бир умр миннатдорман. Тўғриси, айтганингизни бажараман деб роса уриндим. Аммо Самарқандда ҳазил-мутойибани унча хушламас эканлар. Айниқса, бой-бадавлатларга ёқмадим. Ҳазилни сал оширибманми, билмадим, икки марта зиндонга ташлашди. Кулолмайдиган қилиб қўйишди сарбозлар. Сизга хабар беришга имкон беришмади.

Ялангтўш: - Оббо, Ҳасанбой, ҳали зиндонда ҳам ўтириб чиқдим, де. Ҳа, энди пошшо чиққан элда одамлар сал жиддий бўлишади-да. Унда қандай кун кечираяпсан?

Масхарабоз: - Бозордаман, амирим. Ҳаммоллик қиламан. Бошқа юртдан келганларга латифа айтаман. Баъзан Фарғона томондан келган дорбоз ва полвонларга қўшилиб томоша кўрсатаман. Шукр, куним ўтяпти.

Ялангтўш: - Яхшилик қиламан деб, сени ташвишга қўйибмизда, биродар?

Масхарабоз: - Йўғ-ей амирим. Унақа деманг. Сиз менинг жонимни сақлаб қолдингиз. Хон одамлари бошимга пул тикишганди. Бу ерда уйландим, фарзандлик бўлдим. Сизга дуодаман, амирим. Сиз битта менга эмас, кўп одамга яхшилик қиляпсиз. Самарқанднинг ҳамма музофотида одамлар Сизнинг ҳаққингизга дуо қилишяпти.

Ялангтўш: - Югуриб келганингга сендан бирорта кўнгилочар латифа эшитаман деб умид қлгандим. Сен эса саройдаги  айрим лаганбардор мулозимларга ўхшаб мени таърифлашга тушиб кетдинг. Ҳамма ўзи ишини қилмоғи лозим, Ҳасанбой.

Масхарабоз: - Узр, амирим. Нолиганни Худо ҳам, бандаси ҳам яхши кўрмайди. Сиз эса барибир зўр одамсиз. Амирим, истайсизми бир воқеани айтиб бераман. Дарвоқе, бу юртда масхарабоз бўлмаса-да, илмли, авлиёсифат кишилар кўп экан.

Амирни ва мулозимларини бозорчилар ўраб олади.

Ялангтўш: - Хўш-хўш, қанақа воқеа экан?

Масхарабоз: - Хуллас денг, бир ношуд кимсани шайтон йўлдан урипти. У бир савол билан ўзига таълим берган устозини мот қилмоқчи бўпти. Кафтига капалакни олиб ўйлабди. Ҳозир устозимдан кафтимдаги капалак тирикми ёки ўликми деб сўрайман. Агар “тирик” деса, кафтимни бир қисаман, капалак ўлик бўлади. Агар “ўлик” деса кафтимни очиб юбораман, деб ўйлабди. Устозидан “Қани айтингчи, кафтимдаги капалак ўликми, тирикми?” деб сўрапти. Ҳамма жавобга маҳтал бўлиб турганда устоз мийиғида кулиб “бу капалакнинг ўлик-тириклиги сенда, қўлингдадир” деган экан.

Хазинабон: - Қаранг-а, оқилона жавоб!

Қовун сотувчи: - Шогирдини боплапти!

Ялангтўш: - Биз ҳам ибрат оладиган воқеа экан. Раҳмат, масхарабоз, лекин касбингни ташлама. Қизиқчилар жамиятни уйғотиб туришади, бахшилар халқнинг кўнглидагини сўйлайди. Уларни бойлар хушламаслиги аниқ. Мен бундан кейин сенга тегмасликларини тайинлайман. Бахшиси билан қизиқчисини хўрлаган салтанат яхшилик билан ном чиқармайди.

Масхарабоз: (қуллуқ қилиб эгилади) - Минг бора қуллуқ, амирим. Сиз дунёда энг бағри кенг одамсиз. Сиз элнинг одамисиз. Эл отаси деган мартабани бекорга беришмаган. Камина ҳамиша амрингизга мунтазирман.

 

УЧИНЧИ КЎРИНИШ

Амир Ялангтўш соқчи ва мулозимлари билан бозордан чиқиб кетгач, атрофдагилар масхарабозни ўраб олишади ва уни саволга тутишади.

1-сотувчи: - Бу дейман, Ҳасан масхарабоз, амир жаноблари билан жуда қалин экансизу-а?

Масхарабоз: (ўзича гердайиб) – Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз, мулла ака? Кўрдингизми амир жанобларининг менга муносабатини? У киши мискинга ҳам, фақирга ҳам эътиборли одам.

2-сотувчи: - Ҳа, энди кўпни олдида бир сўрашиб қўйди-да, биродар, намунча гердаясиз?

Масхарабоз: - Биринчидан, биродар, мен ғўддайганим эмас, фахрландим. Иккинчидан, бу инсон жуда катта салоҳиятга эга, кўзбўямачиликни хуш кўрмайди.

3-сотувчи: - Ўҳ-ҳў, бунча таъриф қилдингиз, қариндошмисиз ёки қўлида ишлаганмисиз, оғайни? Тўғри, биз ҳам амиримиз ҳақида нуқул яхши гаплар эшитяпмиз...

Масхарабоз: - Бу олижаноб инсон билан ким қариндош бўлишни, ким қўлида ишлашни истамайди, дейсиз! Мен, фақир бу одамнинг марҳаматидан баҳраманд бўлганман, холос.

1-сотувчи: - Шундай обрўли одам оддий масхарабозга марҳамат кўрсатибдида-а?

Масхарабоз: - Кесатманг, оғайни. Афтидан сизлар ўз амирингиз  буюк инсон эканини билмайсизлар шекилли?

2-сотувчи: - Буюклигини билмаймизу, аммо яхши амир эканини кўриб турибмиз.

Масхарабоз: - Ундай бўлса, билиб қўйингизлар. Ялангтўшнинг отаси Бойхўжа ҳам аштархонийлар салтанатида салоҳиятли амир бўлган. У киши Зарафшон воҳамизда катта обрўга эга бўлган олчин уруғидан, Бойхўжа ҳам, ўғли Ялантўш ҳам асли Нураталик. Маҳдуми Аъзам ҳазратларининг шогирди Хўжа Ҳошим Даҳбедийни пир деб қабул қилганлар.

3-сотувчи: - Бу дейман, масхарабоз жаноблари, бунча билиму заковат билан мадрасада мударрис бўлмабсиз-да.

Масхарабоз: - Ҳа, айтгандай, отаси ҳам ўғли ҳам шу нуфузли мадрасаларда таълим олишган. Қуръони Каримни ёддан айтишган, араб, форс тилларини яхши билган. Очиғи, мен ҳаммадрасада ўқидим. Охирги йили бир мударрисни кўпчилик олдида масхара қилиб, устидан кулганим учун мадрасадан ҳайдашган.

2-сотувчи: - Амиримизнинг хизматларидан гапир, ука Сени кимлигингни кўриб турибмиз.

Масхарабоз: - Хуллас, Бойхўжа фарзандини илмли, жасур қилиб тарбиялайди. Ялангтўшда Амир Темурга ўхшаган жасорат бўлган. Чунки амалдорлар болалари ўқийдиган ҳарбий мактабда таҳсил олган. У етти ёшида Булунғур, Оқдарё, Жомбой, Каттақўрғон ҳудудларидаги  Олчин уруғининг беги этиб тайинланган. Кейин Боғдодда яна тўрт йил таълим олиб келган.

1-сотувчи: - Бола бошдан деганлари шуда-а, биродарлар. Амиримиз бежиз оғизга тушмаган экан...

Масхарабоз: - Э, биродар, бу ҳали ҳаммаси эмас.

1-сотувчи: - Хўш, хўш...

Масхарабоз: - Бухоро тарафда Бегмуҳаммадхон деган ҳам ўтганини эшитмаганмисизлар?

3-сотувчи: - Эшитганмиз.

Масхарабоз: - Амиримиз ана шу хон ҳарбий кенгаши аъзоси, ўнг қўли бўлган. Амиримиз шайбонийларга ҳам, аштархонийларга ҳам садоқат билан хизмат қилган. Ҳозирда Бухоро хонининг ҳарбий қўмондони.

1-сотувчи: - Шундай инсоннинг амир бўлиши Самарқанднинг бахти, биродар. Ҳозир оддий қовунчи ва сиз билан суҳбатини кўриб ишондик.

Масхарабоз: - Ўзбек давлатини ўттиз йил бошқарган Имом Қулихон ҳам амиримизни қадрлаган. 1612 йилда уни Самарқандга ҳоким этиб тайинлаган. Йигирма йилдан сўнг уни Балхга юборган. Орада яна ўн йил Самарқандга келиб раҳбарлик қилган. Мана уч йилдирки, шу музофот амири.

2-сотувчи: - Менга қаранг, биродар, амиримизни қозоқ бойлари билан қариндош деган гаплар ҳам бор. Шу тўғрими?

Масхарабоз: - Йўқ, бу гапга асос йўқ. Амиримиз Нурота музофотида туғилиб ўсганлар. Амиримизнинг асл оти Хатит бўлган. Олий мадрасада таҳсил олгани, заковати учун унинг исмини Низомиддин,  Абдулкарим ҳам деб атаганлар.

1-сотувчи: - Қозоқларда ҳам Ялангтўш Баҳодир бор эканда...

Масхарабоз: - Бор бўлиши мумкин. Барчамиз туркий қавммиз. Уруғларимиз ўртасида қўшилиш, бўлиниш бўлган. Аммо амиримиз шу музофот одами, олчин уруғининг фахри.

Мен ҳам эшитганман. Қозоқлардаги Жалантўснинг отаси бутунлай бошқа одам. Унинг уч нафар ўғли бор. Амиримизда ёлғиз ўғли бор эди. Минг афсуски, у ҳам бир ҳафта бурун оламдан ўтди.

1-сотувчи: - Раҳмат, ука. Биз сени оддий масхарабоз деб юрсак, кўп нарсани биларкансан. Амиримиз ҳақида кўп нарса билиб олдик. Отангга раҳмат!

Масхарабоз: - Амиримизга оталик унвони ҳам берилган. У кўпроқ мартабага ўхшайди. Айтгандай, амиримиз Улуғбек мадрасаси қаршисида янги мадраса қурмоқчи. Ҳозир маҳаллага шунинг маслаҳатига кетди. Тўғриси, мадраса қурилишида мен ҳам қатнашаман. Насиб эца, бица, шу ерда ишлаш ниятим бор.

Ҳой, оқсоқол, ёшингиз улуғ экан, келинг, саховатли амиримиз шаънига бир дуо қилинг.

Отахон: - Қани омин, илмли, адолатли амиримиз доимо Худонинг паноҳида бўлсин!

(Ҳамма фотиҳа тортади ва тарқалади)

 

ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ

Регистондаги чойхонада машварат бўляпти. Мулозимлар шу ерда.

Ялангтўш: - Мен Сизларни бу ерга бежиз чақирмадим. Боисини англаган бўлсангиз керак. Жуда муҳим масалада гаплашмоқчиман. Бундан неча йил аввал ҳокимлигимда ободончилик мақсадида нима иш қилган бўлсак, ўша ҳолича турибди. Бирорта янги иморат қурилмаган. Йўллар ҳам ўша. Шаҳар кенгайиб боряпти. Ҳар куни ўнлаб савдо карвонлари шаҳримизга келяпти. Ҳамма Регистондаги кўҳна бозор ва Мирзо Улуғбек қурдирган карвонсаройдан кун кўриб, жим юрипти. Ҳунармандлар кўчаси ҳам торлик қилиб қолибди. Икки арава дуч келса, тиқилиб қолади. Иморацозлигимиз ўлда-жўлда аҳволда. Фуқаронинг арзини эшитадиган беклар қани?

Қани раъият беги, сиз нима дейсиз? Одамлар арзини девонга етказиш сизнинг вазифангиз эмасму?

Раъият беги: - Ҳақ гапни айтасиз, амирим. Одамлар талаб эца-да, биз анча вақт қурилиш ва ободончиликда арзигулик иш қила олмадик. Гуноҳкормиз. Ғайрат кўрсата олмадик. Тўғриси, бу ишларни хазинамиз ҳам кўтармади.

Ялангтўш: - Биз вақтида бу ишлар учун хазинамиздан лозим маблағ ажратишни айтганмиз. Афсус, назоратини эътибордан қочирибмиз. Майли, ҳозир бировни жазолаб ўтирадиган фурсат эмас. Аҳволни ўнглаш чорасини кўрмоқ лозим. Молиявий масалани ҳал этдик. Хонликдан Афғонистон ва Эрондан менга берилган музофатлардан йиғилган ўлпонларни Самарқандга келтирдик. Яхши усталарни ҳам олиб келдик. Уларни фақат  мақсадли, самарали ишлатмоқ лозим.

Раъият беги: - Иншоолоҳ, ниятларингиз ижобат бўлғай, амирим.

Мулозимлардан бири: - Амирим, эл орасида карвонсарой ва бозорни кўчиради, деган гап-сўз юрипти...

Ялангтўш: - Бу гап-сўзнинг ҳам сабаби бор. Ҳазратим ва оқсоқоллар билан мулоқотда улар шаҳар марказини обод этишни маслаҳат беришди. Хусусан, мева-чева бозори ва карвонсаройга Бибихоним масжиди орқасидан бир жой мўлжалладик.

Маҳалла оқсоқоли: -  Амирим, менинг ёшим саксонда. Умрим шу ерда ўтаяпти. Кўп хону амирларни кўрдим. Ҳақақатан ҳам кейинги йилларда шаҳар ободончилиги эътибордан қолганди. Шу азмингиз учун сизга ташаккур. Эл ҳам қараб турмайди. Ҳар қандай иншоот қуришда тажрибали усталаримиз бор. Қуллуқ, амир жаноблари!

Ялангтўш: - Раҳмат, биродар. Биз албатта сиз каби фидойиларга суянамиз.

Қани муҳандис Абдужабборхон, энди жамоага мен тасдиқлаб берган мадраса тарихини шарҳлаб берингчи...

Абдужаббор: - Хўп бўлади, амирим. Суюкли амиримиз Ялангтўш Баҳодирхон жанобларининг буйруғи ва бевосита маслахатлари билан Регистонда янги мадраса қурмоқни ният қилдик. (Атрофдан “офарин”, хуш бўпти” деган овозлар келади)

Икки таноб ерда, Мирзо Улуғбек мадрасаси рўпарасида, айнан шунга монанд ҳажмда барпо этиладур. Уни Шердор деб атамоқчимиз.

Ялангтўш: - Бино пештоқига иккита шер расми чизилади. Соҳибқирон салтанати қудратининг тимсоли бўлади. Амир Темур байроғи рангидан ҳам фойдаланамиз.

Бинобарин, бу гўзал иншоотни пирим, Маҳдуми Аъзам набираси бўлмиш Хожа Ҳошимга бағишламоқчиман.

Абдужаббор: - Тўғри айтасиз, амирим. Мадраса икки қават бўлади. 100 нафар талабага мўлжалланган. Мударрислар учун ҳам алоҳида ётоқхоналар бўлади. Эллик тўртта ҳужранинг ёзда салқин, баҳаво, қишда эса илиқ бўлиш чоралари кўрилади. Амиримнинг кўрсатмаси билан энг йирик мадрасалар қурилишини ўрганиб келдим.Қурилажак ҳар икки мадраса безак услуби ўзига хослиги билан ажралиб туради. Уларда аждодларимиз меъморчилигида алоҳида санъат  даражасига кўтарилган йирик хандасавий сулс, куфий ёзув нақшларидан фойдаланамиз, Самарқанд обидаларига хос бўлган меъморий услубни юзага келтирамиз. Мазкур мадраса пештоқига чизилган оқ оҳуни қувлаётган қизғиш рангли шер, кўзи доира шаклидаги қуёш тасвирида ботиний маънолар мужассам бўлиб, буржларга кўра бахтли келажакка, абжад ҳисобида амиримиз Ялангтўш Баҳодирга ишора қилиб, мадрасанинг қурилиши бошланган йилни кўрсатиб туради.

Ялангтўш: - Улуғбек вақтинча деб қурган карвонсарой ўрнида яна бир мадраса қурамиз. Ана ундан кейин шаҳримиз бетимсол кошона – мажмуага эга бўлади.Регистон майдонидаги бўшлиқ тўлдирилади. Тиллакоридаа намозини адо этган муллаваччалар, у мадрасага ўтиб таҳсилни давом эттирадилар. Атрофдаги кўчаларга ҳунармандларни жойлаштирамиз. Кулолларга, заргарларга, нонвойларга уй буюмларини ясовчиларга жой берамиз.Аана шундагина  шаҳар марказида тартиб бўлади.

Маҳалла оқсоқоли: - Офарин, амирим! Жуда оқилона ўйлабсиз. Дўконнинг ҳовли олдида бўлиши ҳунармандларга қулай. Мадраса эса болаларимизни илмли қилади.

Ялангтўш: - Бу мадрасанинг моддий таъминоти осон эмас. Шул боис ҳозирдан бунинг учун беш минг таноб суғориладиган ер ва 4 та дўкондан келадиган даромад вақфи юзасидан фармон тайёрлансин.

Хазинабон: - Хўп бўлади, амирим. Бу гапни ҳозироқ мирзога етказаман.

Абдужаббор: - Қурилиш ашёларига буюртма берганмиз. Карвонсаройга юз чоғлик эронлик усталарни жойлаштирдик. Насиб эца, жумъа куни тонгда хатм тушириб, ишни бошлаймиз.

Ялангтўш: - Яхши. Қурилишнинг молиявий ҳисоб-китобига ишончли одам тайин этурмиз. Аммо бугун Маҳдуми Аъзам ҳазратлари масжиди хатиб имоми – Абдуллоҳ ҳожининг дуосини олсак, нима дейсизлар?

 1-Маҳалла оқсоқоли: - Жуда тўғри!

2-Маҳалла оқсоқоли: - Улуғ одамларнинг дуоси улуғ ишларга йўл очгай!

Хатиб имом: - Бисмиллоҳир раҳмону раҳийм. Ассалому алайкум аҳли ислом. Биз халқпарвар амиримиз Ялантўш Баҳодир ҳазратларининг эл-юрт учун Оллоҳ йўлидаги ажойиб саъй-ҳаракатига гувоҳ бўлиб турибмиз. Қуръони Каримда “Аллоҳ гўзал ва у гўзалликни севади” дейилади. Муқаддас динимизнинг шиори эса инсоннинг маънавий комиллигидир. Улуғ амиримиз Исломнинг ана шу икки ақидасини амалда кўрсатаётир. Юртни обод, элни илмли қилиш улуғ ишларнинг улуғидир.

Омин! Худо йўлидаги бу эзгу ишларнинг баракасини берсин. Яратган эгам бу ишларнинг бошида турганларга куч қувват ато эцин. Оллоҳу акбар!

(Тўпланганлар фотиҳа тортиб тарқала бошлашади. Шу пайт даврага ҳарбий ишлар бўйича бек кириб келади ва амирга юзланади)

Ҳарбий бек: - Амирим, рухсат берсангиз, Чимкентдан чопар келибдур, кўринишидан ташвишли хабари борга ўхшайди.

(Амир ишора билан ёнидаги мулозимларга жавоб беради. Ясовул чопарни бошлаб киради)

Ялангтўш: - Хўш, қозоқ чопари, хуш келибсиз! Бавурларимизнинг аҳволи қандай? Не шамоллар учирди биз томонларга?

Чопар: - Амирим, сиз қозоқлар учун доимо халоскор дўст бўлиб келгансиз. Аввало шу эл бийлари саломини олиб келдим.

Ялангтўш: - Ҳақ гапни айтасан, биродар. Ўз вақтида Бухоро хони Абдуллахон ҳам Ўтрор, Сиғноқ, Саврон, Сайрам, Ясси ва Туркистон шаҳарларини Бухоро салтанатига қўшишда бу элга кўп яхшиликлар қилган. Ҳатто Аҳмад Яссавий мақбарасида 300 та қўй сўйиб, етим-есир, оч-наҳорларга улушган.

Чопар: - Шундай, амирим...

Ялангтўш: - Беш-олти йил илгари Ўрбулоқда Жаҳонгир хонга ёрдам бериш учун Абдураҳмон девонбеги билан бирга қалмоқларнинг 50 минг лашкарини енгиб келгандик.

Чопар: - Буни халқимиз билади, амирим. Бийларимиз сиздан миннатдорлар.

Ялангтўш: - Айрим ношукур бойларингиз кимларнингдир иғвосига учиб, Самарқандга ҳам хуруж қилиб кўрдилар. Жазосини олгач, энди кўзлари очилғонга ўхшайди.

Чопар: - Сиз ҳақсиз, амирим. Барча элда ҳам ҳовлиқмаю номард топилар эканда. Бизнинг бойлар сафавийлар ва Эрон босқинчиларидан юртимизни ҳимоя қилганингизни унутишмайди.

Ялангтўш: - Хўш, бу галги ташвишнинг боиси недур?

Чопар: - Амирим, хабарингиз бор, шимолда қўним ва обрў тополмаган жунғорлар бизнинг юртга кўз тиккан. Бир бора уларнинг адабини бериб келгандингиз. Аммо бу жунғорлар ақли кирадиганга ўхшамайди. Самарқанд қўшинининг ўз юртига қайтиб кетганини билган жунғорлар хони Ботур хунтайжи қўмондонлигидаги катта қўшин қозоқлар устига иккинчи бор ёпирилиб келди. Куч тўплаб яна бизнниг овулларга ҳужум қилмоқда. Ичимизда ҳам тарафдорлари борга ўхшайди. Шу сабабли қозоқ бойлари Сиздан, Бухоро амири бош қўмондони, адолатпарвар Баҳодир Ялангтўшдан кўмак сўрамоқдалар. Бутун умидимиз сиздан!

Ялангтўш: - Ҳарбий бег!

Ҳарбий бек: - Лаббай амирим, мен шу ердаман!

Ялангтўш: -  Кечқурунга таниқли саркарда ва таъминот бегини ҳузуримга чорла. Қозоқ бародарларга ёрдам масаласани келишиб оламиз. Бугун қозоқнинг бошида қилич сермаган бу ёғий эртага ўзбекнинг ҳам бошига бало бўлиши аниқ. Шунчаки муомалага тушунмаган душман билки қилич тилига тезроқ тушунар?  Сен эса (чопарга) бойларингга айт, ғаним кучи ҳақида маълумотлар тўплаб қўйишсин.

Чопар: - Қуллуқ, амирим! Сиз Амир Темурдан кейин турк элидан чиққан қудратли ва адолатли саркардасиз. Бахтимизга омон бўлинг, Яратганнинг ўзи қўлласин!

 

БЕШИНЧИ КЎРИНИШ

Ялангтўш амирнинг уйи. 45 ёшга кирган ўғли Бойбек тўсатдан вафот этган. Марҳумнинг худойисини ўтказган оила аъзолари уйда ўтиришибди. Ҳаммаси азада, йиғлайди. Ялангтўш ҳам. (Фонда “Чўли Ироқ” мусиқаси қўйилади)

Ялангтўш: (супа четида бошини икки қўли билан ушлаб бўзлайди) – Эй, Худовандони Карим! Биз ҳам даргоҳингга қайтувчимиз. Китобингда ҳар бир банда ўлим шарбатини ичишга мажбур эканлиги ёзилган. Бу дунё синов эканлиги ёзилган. Бу не кўргиликким, ёлғиз ўғлимдан ҳам жудо бўлдим. Ўша ўлимни, шу синовингни мана менга берсанг бўлмасмиди?! Бизнинг кўникмоқдан бошқа чорамиз йўқ. Энди сабримизни зиёда қил. Улуғ кунда, барча ишлар ҳисоб-китоб қилинадиган кунда ўғлим билан ёруғ юз дийдорлашишни насиб қил! Сен билгувчи зоцан. Алҳамдулиллоҳ!

Хадичабегим: (эрининг елкасига бошини қўйиб) - Амирим, ўзингизни босинг. Ҳали худойига келганлар тарқаб улгургани эмас.

Ялангтўш: - Зайнаб, бу не кўргилик-а?! Ёшимиз бир жойга борганда бу синовлар...

Хадичабегим: - Отаси, амирим... Не илож, Худонинг иши бу.  Ўзингизни ушланг. Куёвингиз Маҳдуми Аъзам масжиди имоми Абдунасим келдилар ҳузурингизга.

Абдунасим: - Амирим, бандалик. Худо сабр берсин.

Ялангтўш: - Ташаккур, куёв. Қанча юртларда жанг қилдим, яқинларимни йўқотдим, аммо бу қадар эзилмаган эдим. Қурилишда бош эди. Шу мадрасага мударрис қилиб қўймоқчи эдим.

Абдунасим: - Бойбек менга қайни эмас, дўст эди. Илми кучли эди. Сиз ўқиган мадрасаларда таҳсил олди, жангу жадалда ҳам бирга бўлди. Қизингиз Иқлимабону ҳам қаттиқ изтиробда. Неварангиз Насибахоннинг ой-куни яқин учун аҳволидан онаси кўз-қулоқ бўлиб турибди, амирим. Насиб эца, ўғил кўрсак тоғасининг исмини қўямиз.

Ялангтўш: (кўзига ёш олади) - Тоғаси, тоғаси... Ўзбекнинг олчин ўғли йўқ энди тоғаси, Абдунасим менинг яккаю ягона ўғлим йўқ энди...

Абдунасим: - Амирим, Худонинг иродаси.

Ялангтўш: - Худонинг иродаси. Мен ҳам отамнинг ёлғизи эдим. Отам ўзбекнинг олчин уруғидан чиққан хонлардан эди. Ўғлимга падари бузрукворимнинг исмига ўхшаш қўйгандим...

Абдунасим: - Амирим, падари бузрукворингиз Бойхўжа ота ҳам хон сифатида олчинлар обрўсини кўтарганди. Сиз эса сулола мартабасини янада кўтардингиз. Қўчқор Баҳодир, Муродқули Баҳодир каби қариндошларингиз ҳам отангиз тарбиясини олиб, таниқли саркарда бўлиб етишдилар. Буни халқ биладир.

Ялангтўш: - Ҳа, мулла Абдунасим, отам раҳматлик бизга жасорат ва оқилликда Амир Темир ҳазратларини ибрат қилиб кўрсатардилар.

Абдунасим: - Бундай улуғлар, хусусан, отангиз ҳам ўзбек учун ғурур тимсоли, амирим.

Ялангтўш: - Отам катта бобонгиз Махдуми Аъзам ҳазратларини ўзига пир деб билган. Камина эса бобонгиз, Махдуми Аъзамнинг неваралари Хожа Ҳошимга ихлос қўйдим.

Абдунасим: - Шундай амирим, эшитишимга қараганда бобом ҳам сизга астойдил меҳр қўйган эканлар.

Ялангтўш: - Самарқандга илк бор амир этиб тайинланганимда мени астойдил қўллаб турдилар. Шу сабабли ёлғиз ўғлимни у кишининг пойига қўйдим. Ўзим ҳам мабодо жоним узилса, ҳазратнинг табаррук оёқлари остига қўйишларини тайинлаганман.

Абдунасим: - Художўйларимиз ҳазрат мақбараси ва унинг атрофини обод қилганингиздан миннатдор амирим.

Ялангтўш: - Бу савобли юмуш ҳар олчин, ҳар бир ўзбек учун ҳам фарз, ҳам қарз, ҳожи Абдунасим. Хожа Аҳмад Яссавий “Улуғларни улуғлаш улуғ ишдир” деган эканлар.

Абдунасим: - Иншоолоҳ, шундай бўлғай. Майли, амирим, мен Тиллакори мадрасаси қурилишидан бир хабар олай. Маърака билан бўлиб ўтолмай юргандим.

Ялангтўш: - Дарвоқе, сиз бир-икки кунга Тиллакори қурилишидан хабар олиб туринг, илтимос. Мен Бойбекнинг ўрнига бирорта ишончли одам топаман.

Абдунасим: - Дарвоқе, амирим, бугун бир киши менга икки мадраса қурувчиларига хизмат қилган қассоб бандаликни бажо келтирганини айтди. Сизга етказишимни сўради.

Ялангтўш: - Э, Абдураҳмон қассобми?

Абдунасим: - Ҳа, ўша киши.

Ялангтўш: - Оббо, жуда яхши одам эди (фотиҳа тортади). Ўн йилдан бери беминнат хизмат қилди. У менга агар вафот эца, Тиллакори атрофида дафн этилишини сўраганди. Абдунасим ҳожи, сиз нима дейсиз бунга?

Абдунасим: - Аслида Шоҳизинда, Тошоҳур қабристонлари узоқ эмас. Қолаверса, якка мозор авлиёларга муносиб. Аммо...

Ялангтўш: - Нимаси аммо?

Абдунасим: - Анъанамизда, айрим ҳолларда, элга хизмати ҳисобга олиниб, бундай дафнга рухсат берилади. Фақат уни одамлар қабул қилиши лозим, амирим.

Ялангтўш: - Жуда яхши. Халқ қабул қилади. Фидойи, ҳалол инсон эди. Сиз мутасаддиларга тайинланг битиш арафасидаги мадраса атрофидан жой топишсин. Жанозани эртага пешинга белгилашсин.

Абдунасим: - Хўп бўлади, амирим.

 

ОЛТИНЧИ КЎРИНИШ

Ялангтўш амирнинг уйи. Ялангтўш куёви билан чиқиб кетгач, Хадичабегим аза либосидаги қизлари Иқлимабону ва Ойбиби билан суҳбатлашиб ўтирибди.

Хадичабегим: - Болам... болагинам. Ёлғизгина ўғилгинам... Эвоҳ, нега мени ташлаб кетдинг...

Иқлимабону: - Онажон, сабрли бўлинг. Худонинг иши экан.

Хадичабегим: - Ҳаётимда мазмун қолдими, қизим? Сабр қилиб, машаққат билан камолга етказган эдим, энди яхшикунларини кўраман деганда...

Ойбиби: - Онажон, бизнинг дардимиз ҳамсизникидан кам эмас. Ёлғиз суянчиғимиз эди. Бизга жуда меҳрибон эди... Онажон, энди ўзингизни қўлга олмасангиз бўлмайди, дадамни ўйланг, сизнинг кўз ёшингизни кўриб баттар қийналадилар-ку!

Иқлимабону: - Отам каби юрт тинчлиги йўлида тиним билмади акажоним. Кам кўришсак-да, бир олам қувонч берарди бизга. Жойлари жаннатдан бўлсин акажонимнинг.

Хадичабегим: - Э, қизим суҳбат соғинчини мендан сўрангиз. Отангизни бир бора кўриш, аниқроғи, бир кун хизматини қилиш менга катта бахт туюлган пайтлар кўп бўлган. Қўлда қилич тутиб, гоҳ Ёркент тарафга, гоҳ Исфаҳонга душманни қувиб кетганларида тонггача Худога илтижо қилиб тонг оттирган кунларим ҳеч эсимдан чиқмайди.

Ойбиби: - Нега унақа дейсиз, онажон, ахир падари бузрукворим доимо Сиз билан биргаларку...

Хадичабегим: - Сиртдан шунақа кўринади, болам. Қайнотам, ката боболаринг ўзлари илмли бўлгани учун зўр мударрислар ва ҳарбийлар тарбиясига берган. Илмлилиги баробарида шижоати ҳам баланд у кишининг.

Иқлимабону: - Биз отамиз билан фахрланамиз, онажон!

Хадичабегим: - Албатта, у киши ҳам сизларга жонини беради. Аммо мен у кишининг амир ва ҳарбий  қўмондон сифатида юртма-юрт, жангу жадал кезганини айтаяпман. Чопар мактуб олиб келса, юрагим титраб ўқийман. То сафардан қайтгунларича мунажжиму фолчининг гапи билан дилимга таскин топаман.

Иқлимабону: - Отам енгилмас саркарда, адолатли амир!

Хадичабегим: - Тўғри-куя, кўнгил душманда, болам. Сафардан қайца ҳам Шовдордаги боғимизга кетади. Даврасига чорлаб мақтайдиган маддоҳлардан йироқ бўлай дейдилар. Менинг ташвишларим бошларингга тушмасин деб, сизларни илмли оилаларга узатганмиз.

Ойбиби: - Онажон, мен бу ҳолатни Ибн Арабшоҳнинг китобида ҳам ўқиганман. Соҳибқирон Амир Темур шундай йўл тутган эканлар. У киши сокинликда ўз ишини таҳлил қилиш, режаларни пухта ўйлаш учун базми жамшидларга бормас экан. Чунки зиёфат киши шижоатини сўндирар экан.

Хадичабегим: - Вой, оқила қизим, ҳали шунақа китобларни ҳам ўқийсанми?

Ойбиби: - Бу китобни отамдан олиб ўқиганман. Куёвингиз Сўфи Оллоҳёр, Машраб, Алишер Навоий девонларини келтириб берди. Жуда яхши китоблар экан. Мазза қилиб ўқияпман.

Хадичабегим: - Ўзим айланай, фаросатли қизимдан.

Ойбиби: - Ҳаммасини сиздан ўрганганман, онажон. Эсингиздами, опам иккаламизга Нажмиддин Кубро ривоятлари, Имом Бухорий ҳадисларидан ўқиб берардингиз.

Хадичабегим: - Вой, она қизим. Ҳалиям эсингда турган экан-да! (бағрига босади).

Иқлимабону: - Онажон, ҳали бу қизингизнинг ғазал ёзишидан ҳам хабарингиз йўқ кўринадур. Ҳадди сиғиб сизга кўрсатмайди-да.

Хадичабегим: - Айланай шу шоирагина қизимдан. Иқлима, аммо мен авлодимиздан шоира чиққанини эшитмаганман. Олчин уруғидан ҳам шоира чиқар эканда-а?

Иқлимабону: - Албатта, чиқади, онажон. Қани, Ойбиби, ғазалингдан бирини ўқиб бер.

Хадичабегим: - Қани, бир эшитайлик.

Ойбиби: - Онажон, уяламан. Қолаверса, ҳали хомга ўхшайди...

Иқлимабону: (синглисига) – Ўқи сингилжон, онажонимни кўнглига таскин бўлади. Тортинма.

Ойбиби  (турибўқийди):

Неки бўлса, бори имкон илмдан,

Иштиёқинг эрса, даврон илмдан.

 

Маърифатнинг ёғдуси бу – бахт, толе,

Киши асли бўлғай инсон илмдан.

 

Мутолаа – фикрат учун теранлик,

Очун бўлғай хўб чароғон илмдан.

 

Муҳаббатинг бирла, Биби, ғазал бит,

Байт яралгай ишқу туғён, илмдан.

 

Хадичабегим:  (ўрнидан туриб, қизини бағрига босади) – Офарин, баралла қизим! “Очун бўлғай хўб чароғон илмдан...”

Иқлимабону: - Яша синглим, ўзинг каби гўзал ғазал бўпти! Насиб эца, баёзлар чиқарурсан.

Ойбиби: - (онасига) Яқинда хўжайиним Гулбаданбегим деган шоиранинг “Ҳумоюннома” китобини олиб келди. Деҳлидан юборишибди. Бобур Мирзонинг қизи экан. Барча дарду алам шоҳлару амирларнинг қизларида бўлар экан. Ўқиб, ҳузур қиляпман. Ўша аёлга ўхшагим келяпти. Биласизми, унинг мана бу байтлари менга ёд бўлди:

Лайли зотидин эсимда дилда мажнунча ҳаво,

Тоғу тош кезгум келур, лекин йўлим тўсгай ҳаё.

 

Хадичабегим:  - Албатта, ниятинг амалга ошади, қизим. Мен отангга ҳам айтиб кўраман. Баёзингни энг моҳир хаттотларга ёздирамиз.

Иқлимабону: - Онажон, ўрни келганда мен ҳам кўнглимдаги бир гапни айцам майлими?

Хадичабегим:  - Тинчликми қизим, қанақа гап экан?

Иқлимабону: - Акам раҳматлининг ишини куёвингиз билан биз давом эттирсак. Икки мадрасанинг қурилишини бошқариш, молиявий тақсимот ишончли қўлда бўлгани маъқул дейман-да.

Хадичабегим:  - Тўғри айтасан, аканг қилган ишни биров уддалаши мушкул. Отанг аканг вафотидан кейин ўзини олдириб қўйди, ҳукумат ишларидан ҳам анча совуган. Отанг кўнармикин?

Иқлимабону: - Боя куёвингиз отамга сал тушундиргандек бўлди. Сиз ҳам қўлласангиз. Икки мадраса ва масжид тархини, иш ҳажмию, боришини акамдан билиб олганман. Куёвингиз ҳам диёнатли. Биласизми, бу қурилишлар тушимга кирадиган бўлган.

Хадичабегим:  - Майли қизим, мен сенга ишонаман. Ғайратинг, илминг бор. Бибихоним аямиз ҳам соҳибқирон раҳбарлигида масжид қурилишга бош-қош бўлган. Аёл бошинг билан шу қарорга келибсанми, Аллоҳ ўзи мададкор бўлади. Ҳали вақтлар келиб, бу мадрасада ўқиган минглаб талабалар буни қурдирган отангни хотирлаганларида ўзбекнинг олчин қизи деб сизларни ҳам эслашади.Савоби сизларга ҳам тегади.

Иқлимабону: - Онажоним! (қучади)

Ойбиби: - Сиз оқила, дунёда ягона онасиз!

Хадичабегим:  - Менинг она қизларим. Сизлар ҳам менинг бору йўғим. Акангиз йўқлигини билдирмангизлар. Худо ўз паноҳида асрасин!

 

ЕТТИНЧИ КЎРИНИШ

Ялангтўш Баҳодир невараси Бойбек, меъмор Абдужаббор ва уста Муҳаммад Аббос билан Регистон майдонида турибди.

Ялангтўш: - Мана азизларим, сизлар билан бошлаган машаққатли ишимиз ҳам якунига етди. Тиллакорининг айрим зебу зийнатини, тилла суви суришни ҳисобга олмаганда катта ишни тугалладик.

Абдужаббор: - Сиз ҳақсиз, амирим, жуда улкан ишга якун ясаяпмиз. Дарвоқе, янгиликни эшитдингизми?

Ялангтўш: - Қанақа янгилик экан? Менга кимнингдир кимгадир хуружидан бошқа қанақа хабар келарди, меъмор.

Абдужаббор: - Хотирингизда бўлса, Балх учун курашда бобурий Шоҳжаҳон Бухоро хони Абдулазизхонга қарши борганди. Сизнинг зарбангиз туфайли у енгилиб, Ҳиндга қайтиб кетганди.

Ялангтўш: - Хўш-хўш.

Абдужаббор: - Хуллас, ҳарбда бизга қурби етмаган Шоҳжаҳон Сизнинг Шердор мадрасасини бошлаб юборганингизни кўриб у ҳам ҳинд диёрида Тожмаҳал масжидини қуришга киришибди.

Ялангтўш: - Шоҳжаҳон қиззиққон шоҳ бўлса-да, мен лозим пайтда уни қўллаганман. Тожмаҳал эса яхши иш бўлипти. Гарчи ўчакишиб келаётган бўлсада, темурийларга хос иш тутубдур.Шу вақтга қадар бирор шоҳга вафо қилмаган тожу тахт касали уни ҳам четлаб ўтмаган.

Бойбек: - Бобожон, Шоҳжаҳон дегани бизга душманму?

Ялангтўш: - Йўқ, болам. Шоҳжаҳон темурийзода, Самарқандда ҳам амир бўлган. Омади чопмаган.Тақдир ўйинлари ўз она юртидан олисга улоқтирган палахмон тоши.  Бобуршоҳни невараси Ҳиндистонда подшоҳ. У ота юртига қайтиш мақсадида бизнинг подшоҳларга қарши курашиб келади. Саргардонлик нонини еб улғайган .У ҳам ўзбекнинг уруғидан.

Бойбек: - Қозоқлар-чи, улар бизга душманми?

Ялангтўш: - Йўқ, болам, улар ҳам бизга душман эмас. Биз туркий бўғинмиз, биродармиз, динимиз бир, тилимиз ҳам ўхшаш.

Бойбек: - Бобо, унда нега сиз илгари қозоқлар билан жанг қилгансиз?

Ялангтўш: - Вой боласи тушмагур, бунча гапни сенга ким ўргатяпти?

Бойбек: - Момом, онам, отам. Уларни суҳбатларидан англаяпманда бобожон.

Ялангтўш: - Унда яхшилаб эшит. Бу ҳақиқатни билиб қўйганинг яхши. Айрим қозоқ амирлари Самарқандга ҳаваси келиб, хонлигимиздаги бош бошдоқчиликдан фойдаланиб, бизга ҳужум қилиб кўришди. Ўшанда биз уларни то уйигача қувиб бориб, қудратимизни кўрсатиб қўйдик.

Бойбек: - Сиз энг қудратли қўмондонсиз, бобожон!

Ялангтўш:- Амир Темур вафотидан сўнг, болам, хонларимиз, амирларимиз орасида парокандалик бошланди. Шунинг учун четдаги кучлар бизнинг ерларга кўз олайтира бошлашди. Хитойдан Эрдона Ботур дегани аввал қозоқ ерларини олди, сўнг бизга келмоқчи бўлди. Шунда мен йигирма минглик қўшиним билан бу жунғорларнинг 40 минг кишилик қўшинини енгиб келдим.

Бойбек: - Сиз энг қудратли амирсиз, бобожон. Мен сиз билан фахрланаман!

Ялангтўш: - Раҳмат болам. Бизнинг ғуруримиз фақат ҳарбий кучда эмас, бунёдкорликдадир. Миллатнинг қадри ана шу фазилатига қараб белгиланади. Мисол учун Амир Темур мингта иншоот қурдирган. Мавлоно Алишер Навоий ҳам, Бухоро хони Абдуллахон ибн Искандархон ҳам шунчадан масжид, мадраса, кўприк ва бошқа иншоотлар қурилишига бош бўлишган.

Бойбек: - Сиз ҳам қураяпсизку, бобожон!

Ялангтўш: - Бизнинг ишлар ҳали улуғлар қурган иншооту кошоналар олдида ҳеч гап эмас, болам. Мен сени қарийб ўттиз йил давомида барпо этган иккита мадрасамни кўрсатиш учун олиб келдим, бўтам. Мана бу кши шу бинонинг меъмори Абдужаббор. Яна бири усталар сарвари Муҳаммад Аббос. Дарвоқе, бу савобли ишда раҳматли тоғанг, адашинг Бойбек ҳам иштирок этган эди.

Абдужаббор: - Бойбекжон, бобонг сал камтарлик қилмоқдалар. Аслида бу иншоотлар дунё ҳавас қилгулик. Регистондек тарихий обида, мажмуа етти иқлимда ҳам йўқдир.

Муҳаммад Аббос: - Меъмор тўғри айтадур. Насиб эца, 2-3 ой ичида Тиллакорининг нақшларини қўйиб улгурамиз. Бу ерда мадраса ва масжиднинг борлиги ўзига хосдур. Регистон мажмуасидан Ислом дунёси андаза олмоқда, бўтам. Ҳирот ва Деҳлида ҳам бундай обида қуришга бел боғлаганлар.

Ялангтўш: - Бойбекжон, набирам! Боболаринг ҳақ гапни айтадур. Биз туркийлар, доимо яратмоқни энг катта фарз деб билиб келганмиз. Шердор ва Тиллакори обидалари қурилишида бутун Самарқанд эли иштирок этди. Бизга насиб этмас, аммо сен улғайганингда бу иншоот обрўси дунёга танилишини ўз кўзинг билан кўрасан.

Мен ана шу мажмуа қурилишида иштирок этган ва этаётганларнинг барчасига қуллуқ қиламан! Насиб эца бу савобли ва улуғвор ишларга авлодларимиз баҳо бергай. Бу мадраса ва масжидлар ҳали узоқ йиллар миллатимизга хизмат қилишига ишонаман!

(Мадраса олдида тўпланганлардан овоз эшитилади)

  • Ҳақпарвар амиримизга офарин!
  • Баҳодир Ялангтўш энг одил ва халқпарвар амир!
  • Яшасин амиримиз!

Ялангтўш:  (Қаршисидагиларга фахр билан қараб, қуллуқ  қилади) -  Соҳибқирон Амир Темур “Кимки бизнинг қудратимизга шубҳа қилса, биз қурган иморатларга қарасин” деганлар. Мен ҳам ўзбекнинг номини мангуликка муҳрлаган шу иборани такрор этаман. Бундай бунёдкор халқ ҳамиша Яратганнинг нигоҳида ва паноҳида бўлғай. Улуғ халқимизга кўз тегмасин!

Тамом.

***

(Ушбу асар Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида саҳналаштирилмоқда).