Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: Қари ошпаз 

Константин Паустовский

1786 йил қиш оқшомларининг бирида Вена шаҳри чеккасида, кичкина ёғоч уйда кўзи ожиз кекса чол, граф хотини Тун хонимнинг собиқ ошпази ҳаёт билан видолашаётган эди.

Аслида бу ҳатто уй ҳам эмас, балки боғнинг орқасида турган хароба қоровулхона эди. Боғда шамол учириб келган чириган новдалар уйиб ташланган, шу боис ҳар бир босилган қадамда шох-шаббалар қисирлар, боғ четдаги занжирли ит жимгина ғингшиб қўярди. 

У ҳам кекса хўжайини сингари ўлаётган ва энди вовуллай олмас эди.

Бир неча йил олдин ошпаз печкаларнинг иссиқлигидан кўзи кўр бўлиб қолди. Графиня иш бошқарувчиси уни кулбага жойлаштириб, вақти-вақти билан бир неча флорин (олтин танга) нафақа бериб турди.

Ошпаз билан бирга унинг ўн саккиз ёшга тўлган қизи Мария яшарди. Қоровулхонанинг барча безаклари каравот, тахта ўтиргичлар, стол, ёрилган сопол идишлар ва клавесин (фортепьянога ўхшаш қадимий чолғу асбоби) – Мариянинг ягона бойлиги эди.

Клавесин шу қадар қадимги эдики, торлар атрофда ҳосил бўлган барча товушларга узоқ ва юмшоқ жавоб бериб куйларди. Ошпаз кулганича клавесинни “уйнинг қўриқчиси” деб айтарди. Асбобнинг зириллаган ва  қари товуши билан кутиб олишисиз бу уйга ҳеч ким киролмас эди. 

Ночор ота Марияга юзланди:

- Мен ҳеч қачон руҳоний ва роҳибларни ёқтирмас эдим. Уларни чақира олмайман, лекин ўлишимдан олдин истиғфор қилиб виждонимни тозалашим керак.

- Нима қил дейсиз? – қўрқиб сўради Мария.

- Ташқарига чиқ, - деди чол, - биринчи бўлиб учраган одамдан уйимизга кириб, ўлаётган кишидан мени истиғфор қилишини илтимос қил. Ҳеч ким сенга йўқ демайди.

- Бизнинг кўчамиз шунчалик кимсасиз... – деб ўйлади қиз ва рўмолини кийиб, кўчага чиқди.

У боғ бўйлаб югурди, занглаган дарвозани базўр очди ва тўхтади. Кўча бўм-бўш эди. Шамол баргларни олиб юрар, қоронғу осмондан совуқ ёмғир томчилари тушар эди. Мария йўлга қулоқ тутиб, узоқ кутди.

Ниҳоят панжара ёқалаб ашула хиргойи қилиб келаётган киши кўринди. Унга қараб бир неча қадам ташлади, у билан тўқнашди ва қичқириб юборди.

Эркак тўхтаб сўради:

- Бу ерда ким бор?

Мария унинг қўлларини ушлаб, титроқ овозда отасининг илтимосини етказди.

- Яхши, - деди одам босиқлик билан. – Гарчи мен руҳоний бўлмасам ҳам, ҳозир бу муҳим эмас. Қани кетдик.

Улар уйга киришди. Шам ёруғлигида Мария озғин кичкина одамни кўрди. У ҳўл плашини стулга ташлади. У нафис ва содда кийинган эди, қора камзулининг биллур тугмачалари ва кўйлагининг бурма ҳошияларида шам олови ялтираб турарди. У ҳали жуда ёш эди. Нотаниш киши болаларга хос бошини силкитиб, бошидаги парикини тўғрилаб қўйди, курсини каравот олдига қўйиб ўтирди ва энгашиб ўлаётган одам юзига диққат билан қаради.

- Эҳтимол Худодан эмас, балки хизмат қилаётган санъатим берган ҳуқуқ билан сизнинг сўнгги дақиқаларингизни енгиллаштираман ва қалбингиздаги юкни олиб ташлайман, гапиринг, - деди у.

- Кўзларим кўр бўлгунга қадар мен бир умр ишладим, - пичирлади қария. – Ишлаган одамнинг гуноҳ қилишга вақти бўлмайди. Лекин хотиним Марта сил касаллиги билан оғриб қолганида, шифокор унга ҳар хил қимматбаҳо дориларни буюриб, қаймоқ ва меваларни беришни, иситилган қизил вино ичиришни айтган эди. Мен графиня Тун хизматидаги кичик тилла идишни ўғирлаб олдим, уни бўлакларга бўлиб сотдим. Энди буни эслаш ва қизимдан яшириш мен учун жуда оғир: ахир мен унга бировнинг столидаги ҳатто чанг парчасига тегмасликни ўргатганман.

- Графинянинг хизматкорларидан бирортаси бунинг учун азият чекдими? – деб сўради нотаниш одам.

- Қасам ичаманки, ҳеч ким, -  деб жавоб қилди чол ва йиғлай бошлади. - Агар олтин менинг Мартамга ёрдам бермаслигини билганимда, уни ўғирлаган бўлармидим?

- Исмингиз нима? – сўради нотаниш.

- Йоганн Мейер, жаноб.

- Хўш, Йоганн Мейер, – деди нотаниш одам ва қўлини чолнинг кўр кўзларига қўйди, - сиз одамлар олдида айбсизсиз. Сиз қилган иш гуноҳ эмас, ўғирлик ҳам эмас, аксинча севги жасорати сифатида баҳоланиши мумкин. 

- Омин! – пичирлади чол.

- Омин! – такрорлади нотаниш. – Энди менга охирги тилагингизни айтинг.

- Мен қизим Марияга кимдир ғамхўрлик қилишини хоҳлардим.

- Мен буни қиламан. Яна нимани хоҳлайсиз? 

Ўлаётган одам кутилмаганда жилмайиб, баланд овоз билан деди:

- Мартани ёшлик пайтида учратганимни, Қуёшни ва бу эски боғни баҳорда гуллар очилган пайтида яна бир кўришни истардим. Биламан, бунинг иложи йўқ, жаноб. Аҳмоқона сўзларим учун мендан ғазабланманг, касаллик мени бутунлай чалкаштириб юборганга ўхшайди.

- Яхши, - деди нотаниш киши ва ўрнидан турди. - Яхши, - дея такрорлади у ва клавесин олдига бориб, стулга ўтирди.

- Яхши! – деди у учинчи марта баланд овозда.

Бирдан юзлаб биллур шарлар ерга ирғитилгандек унинг овози қоровулхона бўйлаб жаранглаб кетди.

- Тингланг, - деди у. – Тингланг ва кўринг.

У асбобни чала бошлади. Мария нотаниш одамнинг юзига қаради, унинг пешонасини ғайриоддий рангпарлик қоплади, қора кўзларида шам тили акс этиб ўйнарди. Клавесин кўп йиллардан бери биринчи марта тўлиқ овозда куйлади. У нафақат бу кулбани, балки бутун боғни ўз овозлари билан тўлдирди. Ҳатто кекса ит ҳам катагидан чиқиб, нам қор ёға бошлаганига эътибор бермай қулоқларини силкитиб тураверарди.

- Кўряпман, тақсир, – деди чол ва каравотга ўтирди. – Мен Мартани учратган кунни кўраяпман ва у хижолат бўлганидан қўлидаги сопол кўзани тушириб юборди.

Бу қишда, тоғларда бўлганди. Осмон зангори ойнадек тиниқ ва Марта кулиб юборди.

- Куларди, - дея такрорлади у симларнинг жилдирашига қулоқ тутиб.

Нотаниш қора деразага қараб ўйнайверди.

– Энди-чи, - сўради у, - энди нимани кўряпсиз?

Чол қулоқ тутиб, жим турарди. 

– Тун қорадан кўкка, кейин эса мовий рангга айланди ва юқоридан илиқ нур тушиб, дарахтларингиздаги эски шохларда оппоқ гуллар очилаётганини наҳотки кўрмаётган бўлсангиз, - деди у ўйнашда тўхтамасдан. Бу ердан улар катта лолаларга ўхшаб кўринаётган бўлса-да, менимча бу олма гуллари бўлса керак, осмон эса баландлашмоқда, ҳамма нарса кўм-кўк, янада ажойиб, қушлар суруви эски шаҳримиз Вена устидан шимолга қараб учиб кетишмоқда.

  - Ҳаммасини кўряпман, – ҳайқирди чол. Клавесин гўё ўзи эмас, балки юзлаб қувноқ овозларни куйлаётгандек янада тантанали равишда куйлай бошлади.

 - Йўқ тақсир, - деди Мария, - бу гуллар лолаларга ўхшамайди. Олма дарахтлари бир кечада гул очди. 

- Ҳа, жавоб берди нотаниш одам, - булар олма дарахтлари, лекин уларнинг гулбарглари жуда катта.

- Деразани оч, Мария, – деди чол.

Қиз деразани очди. Хонага совуқ ҳаво кириб келди. Нотаниш киши жуда жим ва секин ўйнади. Чол тўймасдан нафас олар ва қўллари билан ётоғини пайпаслаб, ёстиққа чўкди. Қизи отаси томон югурди. Нотаниш ўйнашни тўхтатди. У худди ўз мусиқаси билан билан сеҳрлангандек, асбоб ёнида ўтириб қолганди. Мария йиғлаб бақирди. Нотаниш киши ўрнидан туриб каравот томон юрди. Чол зўрға нафас олиб, сўради:

- Мен ҳамма нарсани кўп йиллар олдинги каби аниқ кўрдим. Лекин ўлишимдан олдин сизнинг кимлигингизни билишим керак. Исмингиз... Исмингиз?

- Менинг исмим Вольфганг Амадей Моцарт, – жавоб берди нотаниш.

Мария бир қадам орқага чекиниб, тиззаси билан полга деярли тегиб буюк мусиқачи олдида эгилиб таъзим қилди. У қаддини ростлаганда чол аллақачон ўлган эди. Деразалар ортида отган тонг нурида нам қор гуллари билан қопланган боғ турарди.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.