Нарпайда оилавий тадбиркорликни ривожлантирса бўлади(ми?)

Маълумотларга кўра, 2021 йил 1 май ҳолатида Самарқанд вилоятида рўйхатдан ўтган 8008 та оилавий корхонанинг 7479 таси фаолият юритмоқда. Оилавий корхоналар сони бўйича Самарқанд шаҳри (165 та), Паст Дарғом (121 та) ва Самарқанд тумани (112 та) етакчи бўлса, Нуробод туманида атиги 3 та, Қўшработда 8 та, Пахтачи туманида 10 та экан. Ушбу ҳолат вилоятимизнинг айрим ҳудудларида оилавий корхоналарни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Оилавий тадбиркорликни ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадида олиб борилган ишларни Нарпай тумани мисолида таҳлил қилсак. 2021 йил 1 январ ҳолатида мазкур туман бўйича рўйхатдан ўтган оилавий корхоналарнинг сони 224 тани ташкил этган ва уларнинг 218 таси фаолият кўрсатган. Ўтган йилнинг ўзида 112 та шу турдаги корхона очилиб, 7 таси тугатилган. Оилавий тадбиркорликнинг ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Нарпай вилоятда саккизинчи ўринни эгалайди.

Тумандаги оилавий корхоналарнинг 109 таси савдо соҳасига, 55 таси саноатга, 24 таси яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларга, 14 таси қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигига тўғри келади.

Оилавий тадбиркорликнинг ривожланиш таснифига кўра, туман ўрта даражадаги “сариқ” тоифага хос ҳудуд ҳисобланади. Яъни, ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ушбу тармоқнинг ўрни етарли эмас. Ҳудудда хизматлар соҳасининг ахборот ва алоқа ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби фаолият йўналишларида оилавий тадбиркорлик субъектлари деярли мавжуд эмас. Шу боис, туманда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида хизматлар соҳасидаги лойиҳаларни кредитлашга устуворлик берилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, “сариқ” тоифадан “яшил” тоифадаги ҳудудга ўтиш бўйича аниқ режалаштирилган “йўл харитасини” ишлаб чиқиш таклиф этилади.

2020 йилда Нарпай туманида оилавий тадбиркорликнинг секторбай ва маҳаллабай  ривожланиш ҳолатини таҳлил қилиш асосида 2021 йил учун туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида оилавий тадбиркорлик йўналиши ҳам белгиланди ва бу борадаги муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Бунда, биринчидан, оилавий тадбиркорликнинг ривожланиш кўрсаткичлари бўйича вилоят кўрсаткичлари даражасига эришиш, бунинг учун ҳар бир маҳалла кесимида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича аниқ йўналишларини белгилаб олиш мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, хизматлар соҳасининг ахборот ва алоқа ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби фаолият йўналишларида оилавий тадбиркорликни ташкил этишни жадаллаштириш лозим. Зеро, ушбу хизматларга талаб кўпаймоқда, талаб бор жойда таклиф шунга мос бўлиши керак.

Учинчидан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун давлат томонидан ажратилаётган субсидиялар ҳажмини “яшил” – 5 фоиз, “сариқ” – 15 фоиз ва “қизил” тоифадаги маҳаллаларга – 80 фоизгача табақалаштирилган ҳолда ажратиш лозим деб ҳисоблаймиз.

Гулнора Шодиева,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори.

Шухрат Қувондиқов,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти докторанти.