«Навбатчи» аёллар эмас, ҳақиқий муҳтож хотин-қизларга ёрдам кўрсатяпмиз
Бу гап вилоят Матбуот уйида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан ўтказилган матбуот анжуманида айтилди. Унда хотин-қизларга кўрсатилаётган манзилли ёрдам ҳақида сўз борди.
- Очиғи, «навбатчи» аёллар бор. Сайёр қабулларда доимий равишда иштирок этганим учун уларнинг кўпчилигини таниб қолганман, - деди Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. - Турли бошқарма бошлиқлари қабулига келиб, ўзини ночор кўрсатиб, нимадир ундириб кетишни касб қилиб олган аёллар ҳам йўқ эмас. Баъзиларининг уйига борсангиз, моддий аҳволи яхши эканлигига гувоҳ бўласиз.
Лекин биз асосий эътиборни жойларда, аҳволи ўрганилган оилалар, уларнинг нечоғлик муҳтожлиги аниқлангандан сўнг манзилли ёрдам кўрсатяпмиз. Туман ва шаҳар ҳокимликларининг дастур доирасидаги тавсияси асосида бугунги кунгача вилоятимиздаги 2 563 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларимизни уй-жой билан таъминлаш, қурилиш материаллари олиш учун ҳамда даволаниш ва дори-дармон олиш учун, моддий ёрдам, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш мақсадида йўналтирилди. Жумладан, вилоятимиз бўйича 1471 нафар хотин-қиз тикув машиналари билан таъминланиб, касаначилик асосида янги иш ўринлари ташкил этмоқда. Шунингдек, 254 нафарига уй-жойини таъмирлаш учун қурилиш материаллари олиб берилди, 168 нафарига дори-дармон олиб бериш учун, 44 нафарига даволаниши учун моддий ёрдам берилди. Кам таъминланган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича 3 нафарига иссиқхона, 12 нафарига чорва моллари, оилавий шароитлари яхшилаш мақсадида 137 нафар аёлларга маиший техника жиҳозлари берилди.
Каттақўрғон туманидаги кам таъминланган 10 нафар хотин-қизлар учун туман ҳокимлиги ва касаба уюшмалари томонидан янги уй-жойлар қуриб, фойдаланишга топширилди.
Матбуот анжуманида журналистларнинг мазкур масала юзасидан саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.
Гулруҳ Мўминова.