USAID қишлоқлардаги 1000 нафар хотин-қизнинг иқтисодий имкониятини яхшиламоқда
АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон бўйлаб қишлоқ хотин-қизлари учун билим ва касб танлаш бўйича кўникмаларини ривожлантириш, иш излашга ёки ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлашга кўмаклашиш мақсадида бир неча лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Самарқанд шаҳрида ушбу лойиҳаларнинг аҳамиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, дастур доирасида USAID ўз ишини энди бошлаган тадбиркор аёлларнинг стартап лойиҳаларига кўмаклашиш учун уларга ускуналар сотиб олишга қаратилган энг яхши бизнес-режаларни молиялаштиряпти.
- USAID қишлоқ хотин-қизларига малакалироқ ишга жойлашиш, ўз даромадини кўпайтириш ва ўз жамияти фаровонлигига ҳисса қўшиш имконини беради, - дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит. - Бундай ташаббуснинг амалга оширилиши Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришда, мақсадларига эришишга ёрдам беради.
Лойиҳага кўра, барча ҳудудлардаги “Ишга марҳамат” моно-марказлари ва касб-ҳунар мактабларида ўқув курслари олиб борилади. Иштирокчилар USAID, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда «Сабр» республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази сертификатлар билан тақдирланади.
Ўқув дастурига кўра, хотин-қизлар молиявий бошқарув, бухгалтерия ҳисоби ва бизнес-режалаштириш асослари, шунингдек, иссиқхона ва томорқа боғдорчилиги, асаларичилик, ипакчилик, қуёнчилик ва паррандачилик, анъанавий халқ ҳунармандчилиги, қандолатчилик, ошпазлик, сартарошлик, тўқимачилик, компьютер саводхонлиги ва ахборот технологиялари бўйича касбий кўникмаларга эга бўлади.
Дастур доирасида қамраб олинган 1000 нафарга яқин иштирокчининг камида 30 фоизига ишга жойлашиш ёки стартапларини молиялаштириш орқали янги имкониятлар яратилади. «Сабр» Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази танланган битирувчиларга микрокредитлар ажратади, USAID эса бизнесни очиш ёки кенгайтириш учун зарур бўлган ускуналар билан таъминлайди. Ушбу дастурга кўра, USAID томонидан 2021 йилда 1 млн. АҚШ доллари ажратилган.