“Navobod naslli parranda” фермер хўжалиги 5 ойда 13,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди
Бу ҳақда “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси томонидан Самарқанд туманида “Паррандачилик йўналишида 2022 йилга мўлжалланган лойиҳалар ижроси” мавзусида журналист ва блогерлар иштирокида ўтказилган пресс-турда маълум қилинди.
Дастлаб иштирокчилар тумандаги “Navobod naslli parranda” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолиятига бағишланган тақдимот билан танишди ва корхона ҳақида батафсил маълумот олишди.
- Корхонамизда 500 нафарга яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда, - дейди ушбу фермер хўжалиги раҳбари Ҳайдар Ўроқов. - Ҳозир фермер хўжалигимизда 300 минг бош парранда парваришланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида наслли бройлер жўжалар, парранда гўшти, парранда учун омихта ем маҳсулотлари республикамизнинг барча вилоятларига етказиб берилди. Шунингдек, 13,5 миллион АҚШ долларилик парранда гўшти ва омихта ем Россия, Тожикистон, Афғонистон, Қирғизистон ҳамда Қозоғистон давлатларига экспорт қилинди.
Шундан сўнг, пресс-тур иштирокчилари Самарқанд тумани Оҳалик маҳалласида жойлашган “Қаюмов Талъат” оилавий корхонасида экспортбоп бедана тухуми етиштириш жараёнини кўздан кечирди.
- 13 минг 500 бош парранда етиштиряпмиз, - дейди корхона раҳбари Талъат Қаюмов. – Оиламизда беш киши иш билан таъминланган. Корхонада 100 минг бошдан ортиқ бедана парваришлаб, кунига 60-70 минг дона парҳезбоп бедана тухуми оляпмиз. Ҳозир тухумларни маҳаллий бозорларда сотяпмиз. Келгусида хориж давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.
Фазлиддин Рўзибоев.