Навоийшунослар маликаси
25 февраль куни Самарқанд давлат университетида адабиётшунос олима Суйима Ғаниева хотирасига бағишлаб “Заҳматкаш олима сиймоси” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилади.
Холис ният, мустаҳкам билим, таъмасиз амални уйғунлаштира олган киши икки дунё саодатига эришиши муқаррар. Шарқ мумтоз адабиётининг билимдони, навоийшунослар маликаси (устоз Нажмиддин Комилов таъбири), ўзбек олимаси тимсолига айланган Суйима Ғаниева ана шундай саодат соҳибаси эди, десак муболаға бўлмас.
Суйима Ғаниева ўзбек халқига икки буюк зот, икки буюк маънавий сарчашма - Ҳазрат Навоий ва Мирзо Бобурни туҳфа қилган февраль ойида дунёга келган. Шу тасодиф ҳам Суйима опанинг илмий-ижодий ҳаётини Ҳазрат Навоий мероси тадқиқига боғлаган бўлса, ажабмас.
Йигирма уч ёшда Ленинградда Н.Болдирев илмий раҳбарлигида “Мажолис ун-нафоис”нинг матний тадқиқи бўйича номзодлик диссертасиясини ҳимоя қилган олима бутун умрини Шарқ мумтоз адабиётини ўрганиш ва тарғиб этишга бағишлади. XVI-XIX асрлардаги тазкирачилик анъанаси айнан Навоийнинг ушбу асари таъсирида шаклланганлигини исботлаб берди. “Насойим ул-муҳаббат”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муншаот” каби асарларнинг табдили бевосита опанинг саъй-ҳаракати ва иштирокида амалга ошди.
Айниқса, мамлакатимиз истиқлолга эришган йил Суйима опа учун жуда сермаҳсул бўлди. “Муножот”, “Назм ул-жавоҳир”, “Рисолаи тийр андохтан” каби асарларни илк марта нашрга тайёрлади. Навоий ҳақида 1991 йилнинг ўзида 100 дан ортиқ мақола эълон қилди. Айниқса, “Навоий дастхати”ни Кохи Гулистондан топиб, факсимилесини нашр эттириши фан тарихида муҳим воқеа бўлди.
Ўзбек адабиётини ўрганиш бўйича бирор фундаментал тадқиқот Суйима Ғаниева иштирокисиз амалга ошмаган. Навоий асарларининг 15 томлик, русча 10 томлик, 20 ва 10 жилдлик куллиётларини нашрга тайёрлашда Суйима опанинг катта хизматлари бор. Айниқса, 10 томлик русча нашрнинг барча масъулияти Суйима опанинг зиммасида бўлиб, опа ҳам асосий таржимонлардан бири, ҳам муҳаррир, ҳам Россиядаги нашр жараёнида Ўзбекистон томонидан масъул шахс сифатида катта хизмат қилди.
Беш жилдлик "Ўзбек адабиёти тарихи"нинг иккинчи жилди тўлиқ Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган бўлиб, бу жилднинг салмоқли қисми ҳам Суйима Ғаниева қаламига мансуб.
У кишининг саъй-ҳаракати билан “Калила ва Димна” асари таржима қилиниб, бугунги кунгача 11 марта қайта нашр қилинди.
Саккокий, Лутфий, Байрамхон бўйича жиддий тадқиқотлар Суйима опанинг қаламига мансуб. Саккокийнинг фанга маълум бўлмаган 2 қасида, Лутфийнинг 50 га яқин ғазали опа томонидан аниқланди. Байрамхоннинг туркий девони ҳам олима томонидан табдил ва нашр қилинди.
Мумтоз адабиётни ўрганиш ва тадқиқ этиш жараёнида жуда кўп хато қарашларни тузатишда ҳам Суйима опанинг қатъияти ва жасорати қўл келди. Масалан, Навоийнинг онасининг исми Салима эканлиги нотўғрилигини исботлаб берди.
Суйима опа умрининг охиригача илм заҳматидан чекинмади. 2016 йили нашр этилган икки жилдлик “Алишер Навоий:қомусий луғат”ни яратишда ҳам фаол қатнашиб, 200 га яқин энциклопедик мақола ёзди.
С.Ғаниева Самарқанд илмий муҳитини алоҳида қадрларди. Ҳазрат Навоий сабоқ олган бу мукаррам шаҳарга қачон келса, албатта фурсат топиб, Навоий қадамжоларини зиёрат қиларди. Воҳид Абдуллаев, Ботурхон Валихўжаев ҳақидаги хотираларни катта бир маърифий китобга менгзарди.
Суйима опа заҳматли меҳнатлари туфайли давлатимиз ва халқимиз эъзозида бўлди, эътироф ва эҳтиромда яшади. Беруний номидаги давлат мукофоти совриндори, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланди. Бугун у киши орамизда бўлмаса-да ҳаммамиз учун ардоқли, меҳрибон ва раҳнамо сиймо сифатида хотирамизда яшамоқда.
Муслиҳиддин МУХИДДИНОВ,
Самарқанд давлат университети профессори.