Нигер исёнчилари беш давлат билан чегарани очди, янги ҳукумат тайинлади
Июль ойи охирида Нигер Республикасида давлат тўнтариши уюштирган ҳарбийлар Жазоир, Буркина Фасо, Ливия, Мали ва Чад билан ҳаво ва қуруқлик чегаралари очилганини эълон қилди. Бу ҳақда Al Jazeera телеканали хабар бермоқда.
Шунингдек, бугун исёнчилар ҳукумати мамлакат вилоятларига янги раҳбарларни тайинлади, уларнинг барчаси ҳарбийлар.
26 июль куни исёнчилар миллий телевидение орқали Муҳаммад Базум Нигер президентлигидан четлаштирилгани, республика чегаралари ёпилганлиги, комендантлик соати жорий этилгани, конституциянинг амал қилиши тўхтатилгани ва партияларнинг сиёсий фаолияти тақиқлангани ҳақида эълон қилган эди. Шундан сўнг бир қатор давлатлар Нигердан дипломатик вакилларини олиб чиқиб кетди.