"Нигоҳ" раҳбарларни газета ўқишга даъват этади
Аввало, газетанинг муҳим мавзуни кўтариб чиққани, "Диққат! Янги рукн: Газета ўқияпсизми?" рукни остида долзарб муаммога эътибор қаратгани эътиборли. Мақолада таъкидланганидек, кундалик газета-журналларни ўқиб боришнинг, айниқса, раҳбарлар учун аҳамияти катта.
Биринчидан, фикр доираси кенгаяди, нутқи равонлашади. Иккинчидан, дунёда, мамлакатда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий воқеалар, янгиликлардан хабардор бўлади. Маънавий савияси, раҳбарлик салоҳияти ошади, ўзига ишончи ортади. Жамоа аъзоларини олдига қўйилган вазифаларни бажаришга сафарбар этишда ташаббускорлиги, ташкилотчилиги юксалади.
Шу ўринда газета ушбу мақоласида келтирган бир мисол барча раҳбар учун одатга айланишини жуда-жуда истардик. "Бир корхона раҳбарини яхши танийман, – деб ёзади муаллиф. – Корхонада ҳар ҳафта душанба куни иш "Маънавият соати"дан бошланади. Ходимлар ўтган ҳафта давомида матбуот нашрларида эълон қилинган янгиликлар, янги қабул қилинган қарорлар, Президент фармонлари, тараққиётнинг устувор йўналишлари белгиланган ҳукумат дастурлари мазмун-моҳияти билан таништирилади. Улар матбуот нашрларига обуна бўлишга, мунтазам ўқиб боришга даъват этилади".
Матбуот – ҳаёт кўзгуси! Унда жамиятда рўй бераётган жараёнлар – муваффақиятлар, янгиликлар, камчиликлар қандай бўлса, шундай акс этади. Улардан матбуот орқали хабардор бўлиб бориш, хулоса чиқариш, раҳбарга муаммоларни ҳал этиш, жамоада соғлом, ишчан муҳитни яратишда қўл келади. Шу жиҳатдан "Нигоҳ"да кўтарилган мавзу барча раҳбар учун эзгу даъватдир.