Нима учун ёш тадбиркорга Хитойдан ускуна олиб келиш қимматга тушмади?
Нарпай туманида яшовчи Сарвар Хушиев ёш, аммо уддабурон тадбиркорлардан. У “Мўъжиза” масъулияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилмоқда.
2019 йилда “Yoshlar - kelajagimiz” жамғармаси ҳисобидан 1,5 миллиард сўм имтиёзли кредит олиб, яхна ичимликлар цехини ишга туширди. Корхона учун Хитойдан келтирилган ускуналар қимматга тушмади. Сабаби, Сарварбек Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг банк иши ва молия факультетини тамомлаб, ўқишининг магистратура йўналишини Хитойдаги “Zhejiang Gongshang” университетининг бизнес бошқарув факультетида давом эттирди. У ерда ўқиш давомида тажрибали тадбиркорлар билан танишиб, дўстлар орттирди. Ҳалигача хитойлик ҳамкорлари билан алоқани узгани йўқ. Шунингдек, улар ёрдамида корхона қошида очилган пластик чиқиндиларни қайта ишлаш, полиэтилен пакетлар ишлаб чиқариш цехлари ва темирчилик устахонаси учун зарур ускуналар келтирилди.
Тадбиркор бир йил аввал 6 гектарлик майдонда “Мo‘’jiza AGRO GROOP” фермер хўжалигини ҳам ташкил қилди. Бу ерда сабзавот маҳсулотлари етиштирилади.
- Бир ойда 250-300 тонна яхна ичимлик ишлаб чиқарамиз, - дейди С.Хушиев. – Шунингдек, корхонамизда ойига 20-25 тонна чиқинди қайта ишланиб, 10 тоннасидан полиэтилен пакетлар тайёрланади. Қолган иккиламчи хомашёни бошқа корхоналарга етказиб берамиз. Бугунги кунда корхонада 25 нафар тенгдошим иш билан таъминланган. Шунингдек, фермер хўжалигимизда яна 25-30 нафар мавсумий ишчилар меҳнат қилади. Бу ерда етиштирилган маҳсулотларни сақлаш учун 200 тонналик музлаткич омборхонамиз ҳам мавжуд. Келгусида хўжалик ерининг 1,5 гектар майдонида иссиқхона қуришни режалаштирганмиз. Натижада яна 20 та янги иш ўрни яратилади.
Сарвар Хушиев туманда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга қўлидан келганча кўмак бериб келяпти. Хитой давлатида тўплаган тажрибасига таяниб, тенгдошларига маҳорат дарслари ўтишдан, маслаҳат беришдан эринмайди. Унинг мақсади корхона фаолиятини кенгайтириш, кўплаб янги иш ўринларини яратиш, шогирдлар тайёрлаш, мамлакатимизда тадбиркорлар сони ортишига ўз ҳиссасини қўшишдан иборатдир.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.