Ногиронлиги бўлган ходим хизмат сафарига боришга мажбурми?

Қонунчиликка кўра, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланиши лозим.

- Улар учун кунлик иш (смена)нинг давомийлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияларига мувофиқ белгиланади, - дейди Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази катта мутахассиси Азизжон Меликов. - Лекин 6 кунлик иш ҳафтасида 6 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида — 7 соату 30 дақиқадан ортиб кетмаслиги керак.

Ногиронлиги бўлган ходимларни хизмат сафарига юборишга, тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ҳамда дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилишга фақат уларнинг розилиги билан, агар ушбу ходимлар учун бундай ишлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсияларида тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга давомийлиги камида ўттиз календарь кунидан иборат йиллик меҳнат таътили берилади ва улар бу таътилдан йилнинг ўзлари учун қулай бўлган вақтида фойдаланиши мумкин. Бундай ходимни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Иш берувчи I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимнинг хоҳишига кўра, унинг ёзма аризаси асосида унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда ҳар йили давомийлиги ўн тўрт календарь кунигача бўлган таътил бериши шарт.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларнинг меҳнатига иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ҳақ тўлаш тегишли касб ва лавозимлардаги ходимларга тўлиқ иш вақти давомийлигидаги миқдорда амалга оширилади.