Ноқонуний қурилиш амалга оширилган ер майдони фермер хўжалигига қайтарилди

Биз воқеликка баҳо беришда кўпинча оқ ва қорадан иборат мезонлардан фойдаланамиз. Азал ишонган идеалларимиз ҳам шундай: ёвузлик ва эзгулик курашади, бир томон шубҳасиз ёмон, иккинчи томон, албатта яхши бўлади.

Ҳаётда ҳаммаси бундай оддий ва аён ажралиб турмайди. У ёки бу ҳодисанинг сабабларини ўргана бошлар экансиз, вазият чалкашлиги, мураккаблиги ва турли жараёнларга боғлиқлигини кўрасиз. Бугунги кунда ноқонуний қурилган уй-жойлар масаласига тўхталганда ҳам шундай: тортишувлар, кўз ёш тўкилишини кўриш мумкин. Афсуски, айрим фуқаролар бу ҳолга тушишидан олдин қилаётган ишларининг оқибатини ўйлаб кўришмайди.

Ноқонуний уй-жойлар масаласида бу қадар тушунмовчилик ва зиддиятлар келиб чиқишининг сабаблари ҳам ана шунда. Ҳатто уй-жойининг тегишли  ҳужжатлари бўлмай туриб йиллар давомида яшаб келаётган фуқароларни ҳам учратиш мумкин.

Самарқанд тумани ҳокимлиги ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ томонидан бир нечта маҳаллаларда ноқонуний қурилган қурилишлар, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар аниқланди.

Хусусан, тумандаги Найзатепа маҳалласида ана шундай ҳолатлар бўйича фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига даъво аризалари киритилган. Суд ноқонуний обеъктларни бузиш бўйича қарор қабул қилган. Бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан суд буйруғи ижрога қаратилган.

Жумладан, Найзатепа маҳалласи ҳудудида “Гулобод агротехсервис” агрофирмаси ердан фойдаланиш харитасида кўрсатилган 251-рақамли дала контурида ноқонуний равишда қурилган девор ва 216 квадрат метрдан иборат уй-жой жавобгар ҳисобидан буздирилди. Ер майдони “Қуддусов Махмуд боғлари” фермер хўжалигига қайтарилди.

Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Шу ўринда бу мулоҳаза, бу каби ноқонуний қурилишларнинг сабаби чуқур илдиз отган. Уни бартараф этиш анча вақт, харажат, ҳаракат талаб этади. Аммо бундан кейин ҳам айрим қонунчиликни яхши билмайдиган ёки билса ҳам ўз манфаати йўлида адашадиган фуқаролар топилмайди, деб ким кафолат бера олади?!

Бундай ҳолатларнинг давом этишига йўл қўймаслик учун давлат идоралари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг бепарво бўлмаслиги муҳим аҳамитга эга. Фуқаролар ҳам уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлганда, онгли равишда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ноқонуний қурилишларни амалга оширишдан ўзларини тийиши лозим.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд тумани бўлими.