Нотариусга давлат божини тўлашдан кимлар озод этилган?

2020 йил 7 январдан кучга кирган “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши билан давлат божини белгилаш, ундириш, уни қайтариш ва тўлашдан озод қилиш соҳасидаги муносабатлар битта қонун билан тартибга солинди.

Унга кўра, нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда давлат божини тўлашдан 17 та ҳолатда озод этиладиганлар рўйхати берилган.

Хусусан, шахслар - давлат пенсиялари ва нафақаларини олиш учун зарур бўлган, шунингдек, васийлик қилиш ва фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар юзасидан ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари тўғрилигини уларга тасдиқлаб берганлик учун давлат божи тўламайди.

Мол-мулкини давлат фойдасига, шунингдек, юридик шахслар фойдасига ҳадя қилиш тўғрисидаги васиятномалари ва шартномаларини тасдиқлатган шахслар ҳам давлат божидан озод қилинган.

Шахсларга қуйидагилар учун меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун ҳам давлат божи олинмайди:

- Ватанни ҳимоя қилиш чоғида, бошқа давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганлиги муносабати билан ёхуд инсон ҳаётини қутқариш, давлат мулкини ва ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш бўйича фуқаролик бурчини адо этиш муносабати билан ҳалок бўлган шахсларнинг мол-мулки учун;

- уй-жой (квартира) учун ёки уй-жой қурилиш кооперативидаги пай учун, агар улар мерос қолдирувчининг вафот этиш кунигача бирга яшаган, турар-жойда қайд этилган бўлса ва мерос қолдирувчининг вафотидан кейин ҳам шу уй-жойда (квартирада) яшаётган бўлса;

- банклардаги омонатлар, шахсий ва мулкий суғурта шартномалари бўйича суғурта суммалари, давлат заём облигациялари учун, иш ҳақи суммалари учун;

- илм-фан, адабиёт ва санъат асарлари, ихтиро, селекция ютуғи, фойдали модель, саноат намунаси, интеграл микросхемалар топологияси муаллифининг мулкий ҳуқуқлари, шунингдек, ижрочининг ижрога доир мулкий ҳуқуқлари учун;

- илм-фан, адабиёт ва санъат асарлари, ихтиро, селекция ютуғи, фойдали модель, саноат намунаси, интеграл микросхемалар топологиясини яратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, ижроларни яратиш ҳамда улардан фойдаланиш ҳақи суммалари учун;

Пенсиялар ва нафақалар олиш учун ишончномани тасдиқлатган шахслар ҳамда кўп болалик учун уларга орден ва медаллар берилганлиги ҳақидаги ишлар бўйича ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг тўғрилигини тасдиқлаб берганлик учун оналар давлат божи тўламайди.

Феруз КАРИМОВ,

Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди судьяси.