Ноёб қобилияти билан инсонларни ҳайратда солган кишилар

Аксарият одамлар ҳаёти давомида ҳеч бўлмаса бир марта ноёб қобилият эгаси эмасликларидан афсусланиб юришади. Столда турган бирор бир буюмни нариги четидан ўзи томонга кўчириш ёки олдингизда турган инсонни ичидан кўра билиш – кўпчилик учун шунчаки орзу бўлса ажабмас.

Бугун бундай орзулари амалга ошган, ҳатто замонавий илм-фан елка қисиб қўйган ғайриоддий одамлар ҳақида гаплашамиз.

Хьюм – парвоз одами

Левитация (тортишиш кучини енгиб ўтиб, фазода ҳаракат қилиш) қобилиятига эга бўлган таниқли одам XIX асрда шотландияда яшаган Дэниел Данглас Хьюмдир. Гувоҳлар бир неча марта унинг ердан кўтарилиб, шифт остида “горизонтал ҳолатда” парвоз қилганини тасвирлаган. 1867 йилда у уч киши гувоҳлигида уйининг ётоқхона деразасидан учиб чиқиб, меҳмонхона деразасидан қайтиб келди. Хьюмнинг обрўси бенуқсон бўлиб, у ҳеч қачон лўттибозлик ва фирибгарликда айбланмаган. Ўз томошаларида мустақил экспертларни, шу жумладан таниқли олимларни ҳам таклиф қилган.

Кўршапалак одам

48 ёшли Даниел Киш велоспортни яхши кўради. Бу ажабланарли эмас, бироқ унинг кўзлари кўрмайди. Шифокорлар томонидан ёшлигида унга ретинобластома (кўз тўр пардаси саратони) ташхиси қўйилиб, мураккаб операцияда унинг икки кўзи ҳам олиб ташланган.  Янги шароитга мослашишга ҳаракат қилиб, болакай атроф-муҳитда ҳаракатланишни осонлаштириш мақсадида тилини чертиб махсус товушларни чиқара бошлади.

National Geographic нашрига берган интервьюсида Киш ўзининг ҳар бир чертиши тўғрисида шундай деди: “Менинг миям акс-садоларни динамик тасвирларга айлантиради, бу атрофдагилар билан суҳбат қилишдай гап”.

2000 йилдан бери Даниел бошчилигида “Ожиз кўзлар дунёси” кичик нотижорат ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Таъсисчининг ўзи ва 25 мамлакатдан келган 500 нафар кўнгиллилар кўзи ожиз болаларга кўршапалаклар томонидан муваффақиятли қўлланиладиган эхолокация санъатини ўргатиб келмоқдалар.

Даниелнинг шогирдлари ўз устида олиб борилган меҳнат натижасида ушбу қобилиятга эга бўлиш мумкинлигини исботладилар. Улар велосипедда узоқ сайр қилишади. Машғулотлар давом этмоқда.

Бир қарашда аланга

Параспсихологияда “пирокинез” атамаси мавжуд – у масофадан туриб жисмлар ҳароратини ошириб, ёнишини келтириб чиқариш қобилиятидир. Монголиялик Батмунхийн Унурме ўзининг ушбу қобилиятини бошқара олмайди – у боққан нарса алангаланиб кетади. Қора кўзойнак ҳам, вақтида қуйилган сув ҳам ёрдам бермайди. Натижада ота-онаси қизини қариндошлари уйига кўчиришди, чунки тош уйдаги квартира уларнинг ўтов уйидан кўра ўтга чидамлироқ эди. Бироқ, фожианинг олдини олишнинг иложи бўлмади. Ёнғин содир бўлганидан сўнг қўшнилар давлатдан қулайроқ товон пули олиш учун уй атайлаб ёқиб юборилган, деган миш-миш тарқатди. Бадбахт аёл асаб касаллиги билан касалхонага ётқизилди.

Рентген аёл

1987 йил Донецк шаҳрининг 37 ёшли фуқароси жиддий ишлаб чиқариш жароҳатини олди: автокран кабинасига ўтириб, тугмачаларни босди... тўсатдан ёрилиш, чақнаш, жарангсиз зарба – 380 вольтли заряд унинг танасини тешиб ўтди. Шифокорлар ўлим қайд қилишди ва аёлнинг танаси жасадхонага жўнатилди.

Бир неча кундан кейин... Юлия уйғонди. Бу ўқувчилардан бири унинг бармоғига кесма қилган пайтда содир бўлди.

Одамларни “кўра билиш”ни Юлия дарҳол бошламади. Олти ой давомида боши тўхтовсиз оғрир эди, у деярли ухлай олмасди. Кейинчалик оғриқ чекинди ва унинг ўрнини ажойиб қобилият эгаллади. Автобус бекатида турган аёлнинг “ички аъзолари ҳаракатини” кўрган Юлия ўзини ақлдан озган деб қарор қилди.

Юлия Фёдоровна ўзининг маҳоратини одамлар манфаати учун ишлатишга қарор қилди. Донецк касалхонасига ишга кирди ва бир неча беморнинг ҳаётини сақлаб қолди – рентген аёл ҳеч қачон ташхис қўйишида хатога йўл қўймаган. У ўзининг қобилиятини тушунтириб бера олмайди: одамларни шаффофдек кўради.

Юлия Воробьёва бутун дунёга машҳур бўлди, лекин ҳеч қачон ажойиб қобилиятидан ўз манфати йўлида фойдаланмади.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.