Нукусдан самарқандлик шифокорларга миннатдорчилик хати келди

Жорий йилнинг октябрь ойи ўрталарида фарзандларимиз Aзим, Меҳрийбан, Жаҳонгирлар пойтахтга - “Нукус-Тошкент” йўналишида кетаётиб, самарқандлик ҳайдовчининг эътиборсизлиги туфайли йўл-транспорт ҳодисасига учрайди.

Шу куни турли даражадаги тан жароҳатлари олган фарзандларимиз Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд филиалига ётқизилади. Ушбу тиббий муассасада ўз вақтида керакли тиббий ёрдамлар кўрсатилиб, уларнинг ҳаёти сақлаб қолинади. Шифохонанинг жонлантириш бўлими, 1-шошилинч жарроҳлик, травматология бўлимларида барча муолажалар амалга оширилиб, дори-дармонлар етказиб берилади.

Бунинг учун филиал директори Бахтиёр Янгиев, травматология бўлими врачи Тўлқин Жонузоқов, 1-шошилинч жарроҳлик бўлими врачлари Дилшод Пўлатов, Тўлқин Мансуров ҳамда ҳамширалар, санитария хизмати ходимларидан беҳад миннатдормиз.

Халқимиз саломатлигини асраш йўлида жонбозлик, фидойилик кўрсатаётган ушбу тиббиёт ходимларининг оиласига тинчлик, машаққатли меҳнатларига барака тилаймиз!

Мақсет ДОСНАЗАРОВ,

Шукуржан ЮСУПОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри.