Нурмат Отабеков: “Карантин чоралари қатъийлаштирилганига одамларнинг ҳаддан ортиқ хотиржамликка берилгани сабаб”

Хабар берганимиздек, АОКАда "Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият, вакцинация жараёнларига тайёргарлик" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков коронавирусга чалиниш билан боғлиқ бугунги ҳолат ҳақида гапирди.

-  Одамлар орасида вакцинация жараёнларига ундаш учун атайлаб касаллик кўпайишини бўрттириб кўрсатишга уриниляпти, деган миш-мишлар учраб турибди, - деди Н.Отабеков. - Бунда мантиқ йўқ, чунки касалланиш ҳолатлари асосан болалар орасида ошмоқда. Биз эса вакцинани 18 ёшдан катталарга тавсия қиляпмиз.

Карантин чоралари қатъийлаштирилганига одамларнинг ҳаддан ортиқ хотиржамликка берилгани сабаб бўляпти десак, адолатдан бўлади. Вақти келиб, болаларни ҳимоя қилиш чоралари ишлаб чиқилиши ҳам мумкин.

Шунингдек, Нурмат Отабеков интернет тармоқларида тарқалган Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасида вафот этиб, расмий статистикада акс этмаган бемор масаласига ҳам ойдинлик киритди. Мутахассиснинг фикрича, бемор шифохонага олиб борилишидан олдин унда вирус тасдиқланган. Аммо шифохонадаги махсус лаборатор текширувида манфий натижа қайд этилган. Шу сабаб ҳам расмий статистикага киритилмаган. Ҳозирда патологоанатом хулосаси кутилмоқда.