Нурободдаги чекка мактабда ўтган йили битирувчиларнинг 75 фоизи талаба бўлган

Нуробод туманининг олис Ўрта Шўрча қишлоғидаги 36-мактаб ташкил этилганига 75 йил тўлди.

Шу муносабат билан таълим муассасасида тантанали тадбир ўтказилди. Унда шу қишлоқ фарзанди, марҳум тарихчи олим Боймурод Султонов ҳамкасблари бўлган пойтахтлик профессор-ўқитувчилар, мазкур мактабни битириб, нуфузли ташкилотларда фаолият юритаётган собиқ ўқувчилар, бундан 50 йил аввал шу таълим муассасасини тамомлаган синфдошлар иштирок этди.

Тадбирда Боймурод Султоновнинг мактаб тарихига бағишланган рисоласи тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбир якунида мактаб битирувчилари учун сўнгги қўнғироқ чалинди.

- Мактабимизда 180 нафар ўқувчи таълим олади, - дейди муассаса раҳбари Гулзода Холова. - Уларга 22 нафар ўқитувчи дарс беради. Бу йил мактабни 13 нафар ўқувчи битиради. Уларнинг барчаси талаба бўлиш ниятида. Битирувчилар орасида чет тили бўйича махсус сертификатга эга бўлганлари бор. Ўтган йили 8 нафар битирувчидан 6 нафари ОТМга ўқишга кирган эди.

Меҳмонлар совға қилган 100 дан ортиқ китоб мактаб кутубхонаси фондини бойитди.

Барно Ботирова.