Нурободдаги сайёр қабулда 28 киши вилоят суди раиси ўринбосарига мурожаат қилди

Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари Зафар Аллабаев Нуробод тумани Халқ қабулхонасида фуқаролар билан учрашув ва сайёр қабул ўтказди.
Дастлаб, йиғилганлар билан учрашувда қонунчиликдаги янгиликлар, киритилган охирги ўзгаришлар, қарз ва кредит шартномалари тушунчаси, эрта никоҳ ва унинг салбий оқибатлари ва суд муҳокамаси ошкоралиги мавзуларида тушунтириш берди. Иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб берди.
Сайёр қабул давомида эса 28 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланди. 7 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилди, 12 нафар фуқарога тушунтиришлар берилди ва 9 нафар фуқаронинг ариза ва шикоятлари ижобий ҳал қилиниб, қаноатлантирилди.
Жумладан, Жом МФЙда яшовчи Ботирбой Нишонов, Иттифоқ МФЙда яшовчи Ғулом Қалқонов ва Олтинсой МФЙда яшовчи Зокир Нишонов зарарли мехнат шароитида ишлаганлик фактини белгилаш ҳақида ариза мурожаат қилди. Шу ерда ташкил этилган сайёр судда бу мурожаатлар кўриб чиқилди, ҳужжатлар ўрганилди ва ижобий ҳал этилди.
Аработа МФЙда яшовчи Маҳбуба Норматованинг ишга тиклаш ҳақидаги аризаси, Азимжон Қобиловнинг Наргиза Норбобева нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси, Даъвогар Вераника Лазаренко жавобгар Леонид Санжаковга нисбатан оталикни белгилаш ва алимент ундириш ҳақидаги даъво аризалари қабул қилинди ва фуқаролик иши қўзғатилди.