Нью-Йоркдан хат: "Буюклар елкасидан туриб самони кузатяпман"

Ёшлигимдан Самарқанддек шаҳри азимга бориб таълим олишни ҳавас қилар эдим. XVIII асрдаёқ биринчи қоғоз фабрикасига асос солган Самарқанд шаҳри кейинчалик дунёнинг фан-маърифат маркази ва ер юзининг сайқалига айланган буюк шаҳар сифатида танилди.

Тожик мактабида таълим олганим боис биринчи форс-тожик шеъри ҳам айнан саккизинчи асрда Абулянбағий Аббос ибн Тархон томонидан Самарқанд ҳақида айтилгани бу шаҳар ҳақида менда катта таассурот қолдирган эди. Кейинчалик Рудакий, Ашрафий, Сузаний, Бисотий, Рашидийдек (X-XII асрлар) буюк шоирларни етиштириб чиқарган Самарқанд шаҳри мен учун муқаддас даргоҳга айланди.

XV асрга келиб Мирзо Улуғбек раҳбарлигида Самарқандда биринчи мадраса (университет) ташкил топди. Айниқса, Жамшид Коший, Али Қушчи ҳамда Мирзо Улуғбек томонидан тартибга келтирилган “Зижи Султоний” (1437 й) астрономик жадвалида 38 та осмон буржларида жойлашган 1018 та юлдузнинг астрономик кенглик ва узунликлари координаталари жуда юқори аниқлик билан келтирилганлиги Самарқанд дунёда илм-фан соҳасида нақадар илгарилаб кетганлигидан шаҳодат берар эди. Бундай катта аниқликдаги ўлчашларни олиб бориш учун албатта буюк олимларнинг ҳандаса соҳасидаги эришган ютуқлари катта бўлган. Жумладан, Жамшид Коший 1424 йили айлана узунлигининг қутбига нисбатини вергулдан кейинги рекорд 16-чи хонагача аниқликда топганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни лозим топаман: π = 3.1415926535897932. Бундан фойдаланиб эса у бир бурчак даражасининг синусини аниқлашга муяссар бўлади. Айтиш жоизки, бу рекорд 172 йилдан сўнггина оврўпалик олимлар томонидан янгиланади.

Ушбу буюк олимларнинг ишлари айнан Самарқанд университетида амалга оширилгани менга кучли илҳом бағишлар эди ва ўрта мактабни тугатгач, 1998 йили ушбу даргоҳнинг физика факультетида таҳсил олишга қарор қилдим. Имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, талабалар сафидан жой олдим.

Биринчи кунлардаёқ талабаларнинг қобилиятини синаб, етти кишидан иборат иқтидорлилар гуруҳини ташкил этишди ва мени ушбу гуруҳ сардори этиб тайинлашди. Тўрт йил давомида бу даргоҳнинг энг кучли профессор-ўқитувчилари бизларга замонавий физика, астрономия, математика ва химиядан ўз билимларни беришар, бизларни илмий иш билан шуғулланишимизга ундашар ва доим қўллаб-қувватлашар эди. Бу устозларнинг йўлланмасини олиб, аввал магистратура (Тошкент; Триест, Италия), кейинчалик докторантура (Флорида, АҚШ) да таҳсилни давом эттирдим ва фаннинг долзарб масалаларига доир илмий ишлар билан шуғулландим.

Америка Қўшма Штатларининг бир қанча олийгоҳларида дарс бериб ва илмий иш билан шуғулланар эканман, Самарқанд давлат университетида олган базавий билимларим доим асқотиб келган. Бу йиллар давомида нейтрон юлдузлари соҳасида қилинган илмий изланишларим 38 та илмий мақолаларда ўз ифодасини топди ва 50 дан ортиқ илмий анжуманлар ва семинарларда маърузалар қилиб келдим. Шу билан бирга дунё назарий физиклар ҳамжамиятида ўз ўрнимни эгалладим, десам адашмаган бўламан. Жумладан, 2017 йили икки нейтрон юлдузи жуфтликларининг тўқнашувидан ҳосил бўлган гравитация тўлқинлари Ер шаридаги детекторларда қайд этилган эди. Бундай тўлқинлар ўзлари билан бирга бир қанча физик маълумотларни ҳам олиб келади. Мен ушбу маълумотлардан фойдаланиб, нейтрон юлдузи моддасининг ҳолат тенгламаси қандай бўлишлиги ҳақида баъзи бир муҳим кашфиётларни қилдим ва нейтрон юлдузларининг радиус ўлчами 14 километрдан юқори бўла олмаслигини исботладим. Янги илмий изланишлар олиб борар эканман ва физика ҳамда астрофизика соҳасида кашфиётлар қилар эканман, буюк физик олим Исаак Ньютоннинг бир сўзи доим ёдимга тушади: "Неки эришмаган бўлсак, барчаси буюклар елкасидан туриб кузатганимиздандир". Мен бугун неки натижаларга эришган ва эришаётган бўлсам, муқаддас даргоҳ бўлмиш Самарқанд давлат университетида ишлаган олимлар "елкасида турганим" ва биз бу олимлар вориси эканимиздандир.

Фаррух Фаттоев,

Нью-Йорк шаҳридаги Манхэттен

коллеж-олийгоҳи профессори.