"Очиқ мулоқот": Нуробод тумани раҳбарларига яна 58 мурожаат тушди

Вилоят телерадиокомпаниясининг навбатдаги "Очиқ мулоқот" теледастурида Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Зойиров ҳамда туман мутасаддилари аҳолидан тушган саволларга жавоб берди.

 – Халқимизнинг муаммоларини ҳар бир хонадонга кириб ўрганяпмиз. Ўтган йилнинг сентябрь ойида ўтказилган мулоқотда фуқароларимиздан 55 та мурожаат тушганди. Айни давргача ушбу мурожаатларни ўрганиш жараёнида аҳолига янада яқинлашиб, тумандаги корхона ва ташкилотлар мутасаддиларини жалб этган ҳолда барча муаммоларга ечим топишга муваффақ бўлдик.

Мулоқотда йўлларни таъмирлаш, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви таъминоти, тадбиркорликни ривожлантириш, қурилиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлиги масалаларига доир саволларга жавобларда туман мутасаддиларининг аксарияти "Назоратга оламиз", "Бажарамиз"дан нарига ўтмаслик, ўз соҳаси бўйича оддий рақамларни билмаслик ҳолатлари кўзга ташланди.

– Маҳалламизда фуқаролар йиғини биноси йўқ. Шу боис қишлоқдаги дўкондан фойдаланишяпти. Йўлларимиз абгор аҳволда, ичимлик суви муаммоси халқимизни узоқ йиллардан буён қийнаб келади. Зах ариқ олинмагани боис аксарият хонадонларимиз бир метр чуқурликдан зарарли ичимлик сув олиб ичяпти, – дейди туманнинг Бошқудуқ қишлоғида яшовчи Абдуалим Қодиров. – Ушбу саволларни "Очиқ мулоқот"га вилоят "Зарафшон" газетаси орқали йўл­лагандим. Туман мутасаддиларининг жавобидан, рости, қониқиш ҳосил қилмадик. Улар аниқ масала қолиб, фақат "Шуғулланамиз", деган ваъдани беришди, холос.

Дарҳақиқат, кузатувимиз жараёнида Нуробод тумани мутасаддиларининг аҳолидан йўлланган мурожаатларни студияда туриб ҳал этгани, саволларнинг асосий қисмини ташкил этган йўл қурилиши, суюлтирилган газ баллонлари таъминоти бўйича аниқ дастур ёки лойиҳалар хусусида гапирилганига гувоҳ бўлмадик.

– Қишлоғимиз туман марказидан 26 километр узоқликда жойлашган, – дейилади Меҳр қишлоғида яшовчи Достонбек Очилов йўллаган мурожаатда. – Маҳалламизга жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилмагани боис, туман марказига келиб-кетишда қийналяпмиз.

Бу саволга жавоб ҳам очиқлигича қолди. Таклиф-мулоҳаза билдирилмаган бўлса-да, мулоқотда нурободликларнинг 58 та мурожаати тингланди. Айрим камчиликлар юзасидан туман ҳокими тегишли идораларга топшириқ ва вазифалар берди. Умид қиламизки, кўтарилган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар туманнинг тегишли корхона ва ташкилотлари мутасаддилари томонидан ижобий ҳал этилади.

А.БАХТИЁРОВ.