Ўғирликни касб қилган йигит энди умрининг салкам 6 йилини қамоқда ўтказади
Бундан 18 йил муқаддам Тоҳир (исмлар ўзгартирилган) дунёга келганида уни интиқиб кутган ота-онаси ва яқинлари кун келиб фарзанди юзини ерга қаратадиган қилмиш қилади, деб хаёлларига ҳам келтирмаган бўлса керак. Оиладаги муҳит, тарбиядаги нуқсонларнинг ўз вақтида бартараф этилмагани ёки бошқа бўшлиқ сабаб бугун у ашаддий жиноятчи (рецидивист), деб топилди. Чунки Тоҳир олтинчи марта суднинг қора курсисига ўтирди.
Қонунларимиз шафқатсиз эмас. Судланувчига нисбатан жазо тайинлашда чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтганларга бошқа жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар татбиқ этилади. Қолаверса, амнистия, афв қарорларига мувофиқ, кўплаб жазони ижро этаётганлар жазодан озод қилинмоқда. Бироқ бу енгилликлардан “қайта имконият туғилди” деб, калта ўйлайдиган, маънан қашшоқ кимсалар ҳам учраб туради.
Тоҳир илк бор 15 ёшида жиноятга қўл урди. Унга нисбатан жарима жазоси тайинланди. Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан имзоланган амнистия тўғрисидаги қарорга кўра, у бу жаримадан озод қилинди. Кейин ҳам ЖКнинг турли моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилган йигит қилмишларига яраша жазога тортилди.
Халқимизнинг “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади”, деган нақлига амал қилмаган Тоҳир илк жазодан хулоса қилмади, қайта-қайта жиноятга қўл ураверди.
Охирги тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг маълум бир қисми ўталгандан кейин унга шартли равишда озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва у туман ИИБ ходимлари назорати остида эди. Шундай бўлса-да, йигитга текин бойлик орттириш мақсади тинчлик бермади. Автомашина олишни орзу қилди. Ўзича мўмай даромадни қўлга киритиш йўлларини излаган бўлди. Бошида майда ўғирликлар қилиб юрибди. Каттароқ иш қилса, ундан гумон қилишларини билиб, қўшни туманда ўғирлик қилишни режа қилди.
Бир куни у Булунғур туманига қатновчи автобусга чиқди. Туманнинг Самарқанд маҳалласида кимсасиз кўча излашга тушди. Кўп ўтмай яхши таъмирланган уйга рўбару келди. Атроф жим-жит, одам боласи кўринмайди. Тоҳир вазиятдан унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилди. Уй дарвозаси ёнидаги войишга осилиб томга чиқди...
Анча йилдан буён ўғирлик қилавериб, “уста” бўлиб кетган йигит одамларнинг пулларни қаерда сақлашини яхши биларди. Унинг тахминлари тўғри чиқди. Меҳмонхонага бир кўз ташлаб, ётоқхонага ўтди. Кравоть устидаги ёстиқни кўтарганди, пулга кўзи тушди. Қоғозга ўралган 7 минг АҚШ доллари, 300 еврони олиб, меҳмонхона деразаси орқали чиқиб кетди.
Кейин яхшигина ўлжани қўлга киритган Тоҳир шаҳарга келди. Таниши Азим билан қўнғироқлашиб, унинг ижара уйига борди.
- Машина олмоқчи эдим, лекин паспортим йўқ. Шунинг учун сени номингга олсам дегандим, - деди Тоҳир.
- Машинага пулни қаердан олдинг? Ҳеч жойда ишламасанг, - дея шубҳа билдирди Азим.
- Яхши кўрган қизим Америкадан юборди.
Азим пулларни кўргач, ишонди. Биргалашиб “Марҳабо”даги автомашина сотиш жойига келди. Сотувдаги “Спарк” машинасини 4.500 АҚШ долларига савдолашишди. Кеч бўлиб қолгани учун машинани эртаси кун соат 9:00 ларда олиб кетишга келишишди.
Икки ошна шу куни роса яйрашди - ресторан, бар, дискотекага боришди...
Эрталаб ҳаммаси ўқишга, ишга чиқиб кетган оила аъзоларидан бири Баҳора мактабдан қайтиб, уйига кимдир кирганини пайқади. Тезда онасига қўнғироқ қилиб хабар берди. Она турмуш ўртоғидан уйидан пул олган, олмагани ҳақида сўради. Аёл уйига келганда яқинда сотган автомашинасининг пуллари йўқлигини билди. Улар ҳолат юзасидан ИИБга мурожаат қилди.
Орадан 10 кунлар ўтиб Тоҳир яна Булунғурга келди. Бу гал бошқа маҳаллани кезди. Атрофни зимдан кузатиб, ҳеч ким йўқлигида бир қулфланган уйнинг акфа ромини ўзи билан олиб келган отвёртка билан бузиб очди. Шу ердан ичкарига кирди. Меҳмонхонадаги шкафни титиб, ҳеч нима тополмади. Кейин ётоқхонага ўтганида ётоқ мебели остида кичик пўлат сандиқ (сейф) турганини кўрди. Сейфнинг орқасига “яширилган” калитни топиб, ундаги 250 АҚШ доллари, 150 000 сўм ва 900 рублни, хонадаги шкафдан 450 000 сўмни олиб чиқиб кетди.
Шаҳарга келиб валюталарни сўмга алмаштирди. “ГУМ”га кириб электр токида ишлайдиган чилим олди. Таниши Зафар иккови паркни айланишди, овқатланишди. Барча харажатлар Тоҳирнинг ҳисобидан бўлди.
Эртаси кун ИИБ ходимлари келиб, Тоҳирни қўшни туманда содир бўлган ўғирликларда гумондор сифатида Булунғур тумани ИИБ маъмурий биносига олиб келишди. Чорасиз қолган йигит қилмишларини бирма-бир сўзлаб берди.
Судда жабрланувчилар етказилган зарарлар тўлиқ қоплаб берилгани, судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини баён қилишди.
Суд ҳукми билан Тоҳир 5 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Фарҳод ХУДОЙБЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани суди раиси.