Олимлар вақт машинаси хаёлот эмаслигини исботлади

РИA Новостида эълон қилинган мақолада вақт оша саёҳат қилиш имкониятларининг назарий асослари яратилгани ҳақида сўз боради.

Унда айтилишича, 1949 йилда немис математиги Курт Гедель Эйнштейннинг гравитация майдони тенгламаларини ечиш орқали вақтга саёҳат қилиш мумкинлигини назарий жиҳатдан исботлаган бўлган. Қарийб етмиш йилдан сўнг, америкалик ва канадалик олимлар ана шу эҳтимолнинг математик моделини яратди. Ўтган баҳорда эса квант компьютери вақтни лаҳзадан бир улушга ортга қайтаришга муваффақ бўлган.

Янги ўлчовлар - янги имкониятлар

Йигирманчи аср бошларида физиклар вақтни юқорига-пастга, ўнгга - чапга, олдинга-орқага каби ўлчовлар сифатида кўриб чиқа бошладилар. Натижада фанда вақт узлуксизлиги ғояси пайдо бўлди ва табиат қонунларига янгича нуқтаи назар шаклланди.

1915 йилда Эйнштейн немис математиги Гилберт билан биргаликда тортишиш майдонининг тенгламалари тизимини яратди. Ўттиз йил ўтгач, Гедель ушбу тенгламаларни моддани бир текис тақсимланадиган айланадиган чанг зарралари шаклида ифодалаш орқали ечди. Унинг галактикаларни заррачалар сифатида кўриб чиқиш ҳақидаги таклифи асосида бутун олам модели яратилди. Унда ёруғлик айланиш ҳаракатида иштирок этади, яъни жисмлар фазода эмас, балки вақт ичида ҳам ёпиқ траекториялар бўйлаб ҳаракатлана олади. Бошқача айтганда, коинот бўйлаб саёҳат қилиб, ўтмишга қайтиш мумкин.

Бўшлиқ орқали вақтга саёҳат

Британиялик физик Рожер Пенроуз вақтнинг ёпиқ эгри чизиқлари фазода вақт ичидаги хаёлий чегарани кесиб ўтиши мумкинлигини тахмин қилган. Яна бир олим Стивен Хокингга кўра, бундай эгри чизиқлар қора туйнуклар пайдо бўлиши билан тугаши керак. Натижада, кузатувчи учун чексиз узоқ келажак ёки ўтмиш кўринадиган нуқта ёпилади. Ҳатто бирон бир киши бу нарсага дуч келса ҳам, у бу ҳақда ҳеч кимга айтиб беролмайди. Бунинг учун қора туйнукдан чиқиш лозим.

Aммо, олимлар бу чекловларни енгиб ўтишнинг назарий йўлини топдилар. Aмерикалик ва канадалик физиклар вақт машинасининг математик моделини ишлаб чиқдилар, у вақтга ўхшаш ёпиқ чизиқлар бўйлаб суперлюминал тезликда ҳаракатланиш имконини беради.

Эҳтимолий вақт машинаси худди пуфакча кабидир. Унинг ичидаги одамлар ёпиқ эгри чизиқ бўйлаб ўтмиш ва келажак томон ҳаракатланадилар ва кейин бошланғич нуқтага қайтадилар. Бундай вақт машинаси мавҳум конструкция ҳисобланиб, у яратилиши мумкин бўлган материал ҳали ихтиро қилинмаган.

Лаҳзадан бир улушга ортга қайтиш

Жорий йилнинг март ойида Россия, AҚШ ва Швейцария олимлари вақтга саёҳат амалда квант даражасида мумкинлигини намойиш этдилар. Улар бир-бирига қарама-қарши йўналишда - тартибсизликдан тартибга қадар ривожланиб борган тизим ҳолатини яратдилар.

Дастлаб физиклар назарий жиҳатдан бўш бўшлиқда жойлашган электрон ўз-ўзидан ўтмишга ўтиши, яъни бир неча дақиқа олдин бўлган ҳолатга қайтиши мумкинлигини исботлади. Aммо, ҳисоб-китобларга кўра, фақат 0,06 наносекундга ўтмишга қайтиш мумкин бўлади.

Кейин улар ушбу амалиётни булутли квант компьютери ёрдамида тажрибада синаб кўришди. Бир ҳолатда иккитаси бирлаштирилган, бошқа учта кубитда - элементар ҳисоблаш модуллари ва квант машиналарининг хотира хужайралари. Уларни маълум бир рақамлар тўплами билан тўлдиришди ва ушбу квант тизимидаги тартибсизлик даражаси тез ўсиши учун таркибни бошқаришни бошладилар. Aнтропия маълум даражага етганида, бошқа дастур кубитларни эгаллаб, шундай ҳолатга келтирдики, кейинги эволюция тартибсизликка эмас, балки тартибга ўтди. Бошқача айтганда, кубитлар бир зумга ўтмишга қайтди.

Бироқ, шу каби тажрибалар ҳар доим ҳам мувафаққиятли чиқмаган. Тадқиқот муаллифларининг фикрига кўра, муваффақиятсизликлар баъзи тушунарсиз сабаблар билан эмас, балки квант компьютерининг ишлашдаги хатолари билан боғлиқ бўлиб, бу вақтга саёҳат қилиш учун янада самарали алгоритмларни яратиш мумкинлигини англатади.

Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА