Олимпия захиралари коллежида спортчилар учун қулайликлар яратилди
Наврўз байрами муносабати билан Тойлоқ олимпия захиралари коллежининг асосий ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
3,3 миллиард сўм маблағ эвазига реконструкция қилинган мазкур таълим муассасасида спортчилар учун барча қулайликлар яратилди.
Бинонинг очилиш маросимига бағишланган тадбирда Тойлоқ тумани ҳокими Б.Бобоназаров ҳамда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев спортчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар хусусида сўз юритди.
Тадбирга келган кўп карра жаҳон ва қитъа чемпионлари, фахрий ва ёш спортчилар ўқув биносида яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди.
***
Ўзбек жанг санъати
Самарқанд шаҳрида Ўзбек жанг санъати бўйича болалар, ўсмирлар ва катталар ўртасида “Самарқанд вилояти ҳокими кубоги” учун мусобақа ўтказилди.
Унда барча шаҳар ва тумандан 380 нафарга яқин спортчи ўзаро баҳсга киришди. Чемпионат якунига кўра, медаллар жамғариш бўйича Самарқанд шаҳрининг “Шердор” жамоасига тенг келадигани топилмади. Иккинчи ўринга Самарқанд туманининг “Камолот” жамоаси, учинчи ўринга Самарқанд шаҳрининг “Амир Темур” жамоаси лойиқ топилди.
Яккалик беллашувида Исмоил Мустафоев, Моҳинбону Полвонқулова, Жаҳонгир Мусурмонов, Шаҳризода Рустамова, Муҳаммадали Абдусаидов, Исомиддин Баҳромовлар энг яхши натижа қайд этди.
Мусобақа ғолиблари орасидан шу йилнинг апрель ойида Қарши шаҳрида ўтказилиши кутилаётган республика биринчилиги учун спортчилар саралаб олинди.
***
Муайтай
Самарқанд шаҳр 1-сон болалар-ўсмирлар спорт мактабида муайтай бўйича ўсмир қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Республиканинг барча вилоятларидан келган 500 нафардан ортиқ ёш спортчилар биринчилик учун баҳс олиб борди.
Чемпионат якунига кўра, вилоятимиз муайтайчилари медал жамғариш бўйича пешқадам бўлди. Иккинчи ўринни Тошкент шаҳридан келган спортчилар эгаллаган бўлса, учинчи ўрин бухороликларга насиб этди.
Ҳусан Элтоев.