Оловли шар
Табиатда ҳамон сирлигича қолаётган ҳодисалар кўп. Улардан бири оловли шар бўлиб, инсонлар унга бот-бот дуч келишади.
Ажал зарбаси
Оловли шар билан энг даҳшатли воқеа 1753 йилда Санкт-Петербург фанлар академиясининг академиги Георг Рихман билан содир бўлган. У яшин олов шар зарбасидан ҳалок бўлади. Рихман пешонасида зарбдан қизил доғ ҳосил бўлиб, уст-боши ёниб, оёқ кийими расво бўлганди. Эшик табақалари пайрахага айланиб, сочилиб кетганди.
Турган-битгани жумбоқ
Оловли шар ёрқин нур сочиб туради, катталиги 10 cантиметрдан 20 cантиметргача, камдан-кам ҳолатда 10 метр ва ундан катта бўлади. Ҳавода 2 метр секундгача тезликда ҳаракатланиб туради, сўнгра даҳшатли куч билан портлайди. Камдан-кам ҳолларда шовқинсиз қандай пайдо бўлган бўлса, шундай кўздан йўқолади. Баъзан бир жойда анча вақт ҳаракатсиз муаллақ туриб қолади.
Қизиғи шундаки, ҳарорати ўта юқори бўлишига қарамай, тўсиқлар -дарахт, ойна, қоғоз, пичан ғарами яқинида турганида уларни куйдирмайди, ёндирмайди. Портлаганда эса атрофдаги бино, дарахт ва бошқа ҳўл-қуруқ жисмлар порох сингари аланга олади, темир-терсак, ҳатто рельслар эриб кетади.
Гувоҳлар
1978 йил 17 август куни Кавказда Трапиция тоғи чўққисидан тушаётган беш альпинист 3900 метр баландликда тунаш учун тўхташади. Кутилмаганда уларнинг чодирида теннис тўпи катталигида ёрқин - сариқ ранг оловли шар пайдо бўлади. У ухлаш қопи ичида ётган альпинистларнинг қўйнига киради. Спортчилардан бири Олег Коваркин даҳшатли қичқириб ҳалок бўлади. Қолганлар тўртинчи даража куйиш билан Пятигорски касалхонасига олиб борилади.
2008 йил Қозон шаҳрида яшин шар троллейбус ичига киради, кондуктор қўлидаги сумка билан уни қайтариб, салон тўрига улоқтиради. Бир неча секунддан кейин шар портлайди, хайрият салон тўрида йўловчи йўқ эди. Олдиндаги йигирма йўловчи омон қолади.
Бу ўзи нима?
Оловли шар қандай қилиб ўзида катта электр кучланишни жамлайди? Тахминлар тўлиб-тошиб ётибди. XIX аср таниқли француз физиги Доминик Франсуа Араго шар яшин азот ва кислороднинг зич бирикмаси деб ҳисоблайди.
Немис физиги Фредрих Хилдебранд эса яшин шар қандайдир портловчи газ билан тўйинган деб ёзади. 1955 йилда совет академиги Пётр Капетса шар яшин ионлашган булут плазмаси, ўз электр магнит тебранишига эга ва ташқаридан худди шундай электромагнит тебраниш энергиясини ютади, деган назарияни илгари сурди.
Ўшандан буён яшин шар табиатини тушунтирувчи жуда кўп назариялар илгари суриб келинмоқда. Бироқ бундай назарияларнинг бирортаси яшин шар жумбоғини охиригача изоҳлаб бера олгани йўқ.
Т.Шомуродов тайёрлади.