Он-лайн: Э.Турдимов сохта ҳисобот берган раҳбарларга маъмурий жазо қўллашни тавсия қилди

Унда айтилишича, туман ҳокимига келган 1 070 та мурожаатнинг 931 таси ечимини топмаган.

Йиғилишда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов маҳаллий бошқарув идоралари вакилларининг суст фаолиятини кескин танқид остига оларкан, муаммоларни бартараф этишда мутасаддилар фуқаролардан сохта ташаккурномалар ёздириб олганини айтди.

Жумладан, газ баллонлари етказиш бўйича 37 та, қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича 4 та, ишга жойлаштиришда 9 та, тижорат банклари томонидан 5 та арз ижобий ҳал бўлди, деб ёлғон маълумот берилган.

Э.Турдимов нотўғри маълумот берган раҳбарларга маъмурий жазо қўллашни тавсия қилди.

- Ўз фаолияти масъулиятини ҳис қилмай иш юритаётган бу каби раҳбарлар туфайли аҳолида ишончсизлик кайфияти ортиб кетган, - деди у.

Шу кунлари ўтказилган "Жамоатчилик назорати" гуруҳлари ўрганиши натижасида газ баллони етказиш юзасидан 1 ярим мингга яқин мурожаат келиб тушган. Аниқланишича, баъзи ҳудудларга 4 ойдан бери тўлдирилган газ баллони етиб бормаган.

Шунингдек, ишсизлик ва иш хақлари бўйича 1 258 та мурожаат олинган.

Туман ҳокимининг саноат ва қурилиш масалалари бўйича ўринбосарига 3 300 та, ёшлар бўйича ўринбосарга 550 та, инвестиция бўйича ўринбосарга 36 та, туман хотин-кизлар қўмитаси раисига 91 та мурожаат келиб тушган. Уларни кўриб чиқиш ва ечимини топиш учун 5 кун муҳлат берилди.

Жамоатчилик назорат гуруҳлари душанба куни Қўшработ туманида иш бошлайди.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ.