Ўқитувчилар аттестациядан пул бериб ўтяптими?
Ҳар йили педагоглар малака тоифаси учун бўлиб ўтадиган аттестация жараёни атрофида ҳар хил миш-мишлар тарқалади. Бу йил ҳам кимдир 300 доллар бериб аттестациядан ўтгани, кимдир пул бермагани учун йиқилгани, кимлардир тест синови жараёнига кириб, бировларнинг тест саволларини ечиб чиқаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Хўш, буларнинг қанчаси ҳақиқатга яқин?
2022 йилнинг январь-март ойларида вилоятда 34 минг педагог аттестация жараёнида иштирок этган бўлса, жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида аттестация жараёнида қатнашиш истагида бўлган педагоглардан 30 мингта ариза тушган. Шундан, 28254 нафарининг ҳужжати қабул қилинган. Қолганлари онлайн ариза беришда хатога йўл қўйгани ёки тўловни амалга оширмагани сабабли рад этилган.
- Бу йилги янгиликлардан бири тил билиш даражаси бўйича С1 халқаро сертификатига эга бўлган чет тили ўқитувчиларига тест синовларидан қўшиб бериладиган 80 балл рус тили ўқитувчилари учун бекор қилинди, - дейди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд ҳудудий бўлими бош мутахассиси Низомиддин Одилов. - Шаффофликни таъминлаш мақсадида бу йил платформага ўқитувчиларнинг расмлари ва улар ҳақидаги маълумотлар тўлиқ киритилган. Бу тўғридан-тўғри онлайн камералар орқали компьютерда ўқитувчининг ўзи ўтирибдими ёки бошқами, аниқлаш имконига эга. Шу билан бирга, ютубда ҳам трансляция жараёни кетяпти. Ўқитувчининг ота-онаси ёки турмуш ўртоғи уйидан туриб, тест жараёнини кузатиши мумкин.
Тест саволлари 40 тадан, ҳар бир тўғри жавобга 2 баллдан берилади. Энг юқори балл 100 балл бўлиб, ўқитувчи 80 баллни тест синовларидан, 20 баллни мактаб томонидан олиши керак. Тест синовлари ва мактаб томонидан берилган баллар умумий ҳисобда йиғилиб, ўқитувчининг малака тоифаси аниқланади. Ўқитувчи иккинчи тоифа учун 60 балл, биринчи тоифа учун 70 балл, олий тоифа учун 80 балл тўплаши лозим. Агар ўқитувчига 5 балл етмаса, у ўзининг тоифасини сақлаб қолади.
- Ўқитувчи икки хил ҳолатда тўплаган баллидан норози бўлиши мумкин, - дейди Н.Одилов. – Биринчи ҳолатда, айнан қайсидир саволга эътироз билдириши мумкин. Бунда ўқитувчи аудиториядан чиқмаган ҳолда махсус бланкамизга шу ҳақда ёзиб беради. Биз шу ернинг ўзида онлайн экспертлар гуруҳига ташлаб берамиз. Улар ўқитувчининг эътирозини кўриб чиқади, агар ўқитувчи ҳақ бўлиб чиқса, ўша савол учун ўқитувчига балл қўшиб берилади. Иккинчи ҳолатда, ўқитувчи “Барча саволларни яхши ишлагандим, жуда паст балл олдим” деса, таълим инспекциясининг расмий веб-сайти орқали уйидан туриб ҳам онлайн апелляцияга ариза бериши мумкин. Бу ҳолатда ўқитувчининг барча ечган саволлари ўзига кўрсатилади.
Вилоятимизда бўлиб ўтаётган умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун аттестация тест синовларида ҳар куни мингдан ортиқ педагоглар жараёнда иштирок этяпти. Ўқитувчилар уч босқичда текширувдан ўтказилиб, ичкарига киритилмоқда. Ҳар бир стол устида аттестация жараёнида нималарга амал қилиш кераклиги ҳақида йўриқнома мавжуд.
Умумтаълим мактаблари педагоглари малака тоифасини ошириш учун бўлиб ўтадиган аттестация жараёни 25 октябрдан бошланган бўлиб, 30 ноябрга қадар давом этади. Ҳозирча 28 октябрга қадар тест синовида тақиқланган алоқа воситаларидан фойдалангани, тартиб-интизомга бўйсунмагани туфайли 15 нафар ўқитувчи жараёндан четлатилган. Аммо ўз билимига ишонган ўқитувчилар тест синовларида яхши балл тўплаб, малака тоифасини оширмоқда.
- Мен тест саволларидан 66 балл тўпладим, мактабдаги балим 16 эди, жами 82 балл билан олий тоифани қўлга киритдим, - деди Каттақўрғон туманидаги 2-умумий ўрта мактабининг тарих фани ўқитувчиси Маҳбуба Адҳамова. – Албатта, тестда осон саволлар ҳам, қийин саволлар ҳам мавжуд. Аттестация жараёнига икки йил пухта тайёрланганим боис мана шундай ютуққа эришдим.
- Асли Навоий вилояти Хатирчи туманиданман. 2018 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Каттақўрғон туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактабида тарих фанидан дарс бериб келмоқдаман, - деди Аброр Салоҳиддинов. – Ушбу мактабга ишга келганимда малака тоифам йўқ эди. 1,5 йил ичида икки, бир ва бугун олий тоифани қўлга киритдим.
Zarnews.uz телеграм каналимизда “Сизнингча, педагогларнинг аттестация жараёни адолатли бўляптими?” мазмунида сўровнома уюштирдик.
Сўровномада 1222 нафар аъзоларимиз иштирок этган бўлса, уларнинг 49 фоизи “Йўқ, пул, таниш-билиш орқали ҳал этиляпти”, деган жавобни белгилаган. 33 фоиз иштирокчи “Ҳа, адолатли бўляпти, билимли педагоглар ўтяпти” деган бўлса, 10 фоиз иштирокчи “Инспекция ходимлари ҳал қилиб беряпти”, 8 фоизи “Мактаб директорлари, методистлар ўқитувчилардан пул йиғиб оляпти”, дейилган қаторни белгилаган.
Бундан кўриниб турибдики, жараёнда кимлардир қаллоблик йўли билан пул топишга уриняпти, яъни содда ўқитувчиларнинг пулини “шиляпти”.
Аттестациядан ўтолмаган ўқитувчилар билан ҳам гаплашиб кўришга уриндик. Уларнинг деярли барчаси тест саволлари жуда қийинлигини айтишди. Аммо юқоридаги миш-мишларни тасдиқлаган бирон ўқитувчини учратмадик. Нима бўлган тақдирда ҳам билимли ўқитувчини ҳеч ким аттестациядан йиқитолмайди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.