Орзулар ороли: Канадалик жуфтлик 29 йилдан бери сув устида қурилган уйда яшайди
Ким ҳам океанда ўз оролига эга бўлишини орзу қилмайди. Бундай ҳашаматни фақат жуда бой одамлар ўзига эп кўриши мумкин. Бироқ, табиатан зукко, меҳнатсевар ва жасур кишилар учун турли имкониятлар мавжуд. Канадалик эр-хотин Уэйн Адамс ва Кэтрин Кинг ҳаётининг аксарият қисмини ўз қўллари билан оддийгина қурилиш материалларидан “ясаган” шахсий оролда ўтказиб келмоқда.
Уэйн ва Кэтрин тинч океанидаги Ванкувер оролининг яқинида жойлашган бу ажойиб сузиб юрувчи қирғоқни “Озодлик кўрфази” деб аташади ва ер юзидаги энг яхши жой деб ҳисоблашади. Улар бу ерга 29 йил олдин, шаҳардан келиб жойлашишган. Энди орқага қайтиш йўқ, улар ҳаётининг қолган қисмини табиат билан уйғунликда ўтказишмоқчи.
Уэйн ва Кэтрин солга жойлашиб олишидан олдин Ванкувер оролининг ғарбий қисмидаги Тофино шаҳрида яшаб келишган. У ерда фақат 2 минг киши яшаса-да, шаҳар жуфтликка шовқин-суронли ва беҳаловат бўлиб туюларди. Шу сабабли улар бор мол-мулкини сотиб, океан яқинига жойлашишга қарор қилишди. Дастлаб эр-хотин сузиб юрувчи чиқинди ва ходаларни йиғиб, ўзларига сол ясашган. Уэйн бутун ҳаёти давомида ёғоч ва тош ўймакори бўлиб ишлаганлиги сабабли ёғочли конструкцияни ясаш унга унчалик қийинчилик туғдирмади.
Сузиб юрувчи орол катталашгач, у сувга туширилди ва сувда қуриб битказилди. Қурувчининг ҳисоб-китобига кўра, улкан сол 450 тоннани ташкил этади, у ҳеч қандай тарзда бошқарилмайди ва қирғоқ атрофида эркин ҳаракатланади. Бўрон пайтида “орол”нинг қирғоқдан узоқлашиб кетишининг олдини олиш мақсадида Уэйн уни кучли пўлат симлардан ишланган арқонлар билан қирғоққа боғлаб қўйган.
Оролдаги ҳаёт
Платформада уй, санъат галереяси, рақс майдончаси, шам ишлаб чиқарувчи завод, иссиқхоналар ва ҳатто сунъий шаршара ҳам бор. Орол ҳаёти электр энергиясини қуёш батареяларидан олади, чиқиндилар эса яқин атрофда сузиб юрувчи махсус контейнерда утилизация қилинади.
Эр-хотин камдан-кам ҳолларда “Озодлик кўрфази”ни тарк этишади. Энг яқин аҳоли пункти оролдан 25 км узоқликда жойлашган. “Бир мунча вақт бўлса ҳам қуруқликда яшашни хоҳлайсизми, денгиз касаллигидан азият чекмайсизми?”, деган саволларга Уэйн Адамс шунчаки кулиб “Биз ер касаллигидан азият чекамиз”, деб уйи томон шошилади.РЕКЛАМА
Айтганча, қуруқликда юриш учун жуфтликнинг вақти ҳам йўқ. Тушуниб турганингиздек, бундай улкан тузилма доимий таъмирлаш, техник хизмат ва назоратни талаб қилади. Оролликларнинг уй юмушлари ҳам кўп. Кетрин 4 та иссиқхонада сабзавот етиштиради. Барча ўсимликлар тўғридан-тўғри оролда ўстирилади. Ўғитларни аёлнинг ўзи денгиз ўтларидан тайёрлайди.
Уэйн эса доимо ниманидир арралайди, кесади, михлайди – катта сол ундан жуда кўп вазифаларни талаб қилади. Бундан ташқари сузувчи оролнинг “капитани” кўпинча уйнинг полида шаффоф пластмассадан ясалган люкни очиб, тўғридан-тўғри диван устида ётиб балиқ овлайди. Жуфтлик шаҳарда фақат кийим-кечак, батареялар ва асбобларни сотиб олади, бошқа ҳолларда эса ўзларини-ўзи таъминлайди.
Жуда банд бўлишига қарамай, улар китоб ўқиш, рақсга тушиш, мусиқа чалиш ва расм чизиш билан ҳам шуғулланади. Сузиб юрувчи оролга баъзан қарқара, қарғалар ва мўйнали сув мушуклари меҳмонга келиб туришади. Сўнгги пайтларда зоҳидлар уйига улар ҳаётини ёритишга қизиққан журналистлар тез-тез ташриф буюраяпти. Мезбонлар ҳар доим меҳмондўст, бироқ узоқ суҳбатлашишга уларнинг вақти йўқ.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.