Ошпазнинг найранги фош бўлди
Шаҳар марказидан узоқроқда жойлашган гўзал масканлардан бирида Абдуваққос носфуруш невараси Махсумжоннинг суннат тўйини ўтказмоқда. Кенг майдонда чорпоялар, ундан пастроқда эса ўн икки кишига мўлжалланган қатор-қатор стол-стул дид билан жойлаштирилган. Оқ чойшабдан дастурхонлар тўшалиб, ноз-неъматлар қўйилган. Тўйга таклиф қилинган меҳмонларнинг барчаси кўрсатилган жойларда ўрнашиб олишган. Машҳур ҳофизлар шўх-шўх тароналари билан тўйни қизитмоқда. Хизматкорларнинг қўли қўлига тегмайди.
Тўйхонага яқин жойда яшайдиган Мамлакат ая бир неча кундан буён ўсал ётибди. Кўпнинг оши - паловга ҳаваси кетди. Невараси Пардақулни тўйхонага, ярим товоқ ош олиб келишга юборди. Пардақул ҳам тўғри Ҳасан ошпазнинг олдига келиб:
- Бувим юбордилар, ярим товоқ ош берар экансиз, - деди.
- Отинг нима, кимнинг неварасисан? - деб сўради ошпаз.
- Исмим Пардақул, сизнинг ҳовлингиздан олти эшик нарида яшовчи Мамлакат аянинг невараси бўламан.
- Жуда яхши, бўтам. Айни вақтида келдинг. Ҳозир мен сенга бир товоқ ош бераман, ғирр этиб уйимизга элтиб берасан-да, товоғини бўшатиб, изингга қайтасан. Кейин яна бир товоқ ош бераман, уни бувингга олиб борасан, тушундингми?
Шундай дея Ҳасан ошпаз каттагина сопол товоққа бир неча бўлак ёғли қўй гўштини солди-да, устидан бир капкир гуруч ва ҳил-ҳил пишган сабзи билан ёпиб, ёнига бир бўлакча гўшт қўйди, устига иккита иссиқ нонни бостириб, уни Пардақулга тутқазди ва тезда қайтиб келишини тайинлади. Анчайин оғир ва иссиқ товоқни кўтарганча шўхлиги тутган Пардақул тўғри уйига қараб йўл олди. Ошни лаганга бўшатиб, яна тўйхона томон югурди. “Бўтам жуда чаққон экансан, мана бунисини энди уйингга олиб борасан”, деб майдароқ сопол товоққа гуруч ва сабзидан солиб, ёнига бир бўлакча гўшт қўйиб, болага узатди. Пардақул “раҳмат”, деди-да, бир товоқ ошни кўтариб, Ҳасан ошпазникига жўнади.
Орадан бир неча кун ўтгач, Ҳасан ошпаз кўча муюлишидаги Ҳаким новвойнинг дўкони олдида зарур юмуш билан кўчага чиққан Пардақулни учратиб қолди. Пардақулнинг саломига совуққина алик олган ошпаз зарда билан, “Бу номаъқул ишингни қайтиб такрорлама, хўпми”, деди, холос.
Олимжон ҒАФУРОВ,
меҳнат фахрийси.