Ўсимлик ширалари: Улар қанчалик зарарли?
Айни кунларда қишлоқ хўжалиги экинларида ўсимликларга зарар келтирувчи бир неча турдаги шираларни учратиш мумкин. Масалан, беда ёки акация шираси, ғўза ёки полиз ва катта ғўза шираси хавфли бўлиб, улар айниқса ғўзага жиддий зарар етказади.
Ширалар майда зараркунанда ҳашорат бўлиб, ёмғир ёғиб, ҳаво нам бўлганда ширалар яхши ривожланади, кучли ёмғир уларни қисман камайтиради. Ширалар ҳаво ҳароратига қараб 3-20 кунда ривожланади. Мавсум давомида 20-26 та, беда шираси эса 12-15 тагача авлод қолдиради. Ўсимлик ширалари баргларнинг ширасини сўради. Натижада зарарланган баргнинг шакли ўзгаради ва буралиб қолади. Бундай ўсимликлар ривожи секинлашади, кутилаётган ҳосил 15-20 фоизгача камайиши мумкин.
Ширалар қанотсиз ва қанотли шаклда бўлади. Қанотлиси туғиш ҳисобига ривожланади, қанотсиз ширалар урғочилари тухум қўяди. Табиатан, шираларни эркаксиз (партогенез) кўпайган личинкалари тез ривожланиб, 5-6 кунда бир авлодга янгиланиб бораверади, яъни кўпайиши жуда тез бўлиб, уларнинг зичлиги иқтисодий зарар етказиш даражасидан ошиб кетади. Бироқ июнь ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида ҳарорат 30 даражадан ошиб, ҳавода намлик камайганда, ширалар учун ноқулай муҳит ҳосил бўлади. Беда ёки акация шираси ғўзага апрель, май ва июнь ойларида энг кўп зарар етказади.
Эрта баҳорда бедапояда ширалар тўда ҳолатида учрайди, беда дағаллашгунга қадар ривожланади, кейинчалик бошқа ўсимликларга, асосан акацияга ўтади. Ғўзада ўсимликнинг ўсув нуқталарига шикаст етказади. Полиз шираси апрель ойида қишловдан чиқади. Олдин бегона ўтларга, май ойининг бошида ғўзага, полиз экинларига учиб ўтади. Полиз шираси ҳаммахўр зараркунанда бўлиб, 40 дан ортиқ ўсимлик турларида ривожланиб, кўпаяди. Катта ғўза шираси апрелнинг иккинчи ярмида ғўза ниҳолларида пайдо бўлади. Йил давомида тўлиқ ривожланиб, тирик туғиб кўпаяди, ғўзани майин ўсув нуқталарини, барглар ширасини сўриб озиқланади.
Унга қарши курашиш учун ҳудудлардаги ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлимларига мурожат қилиш лозим.
Одил Шомуродов,
Паст Дарғом тумани ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими инспектори.