Осиё чемпионатида терма жамоамиз 8 олтин, 3 кумуш ва 9 бронза, жами 20 медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи поғонадан жой олди

Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида бокс бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида терма жамоамиз 8 олтин, 3 кумуш ва 9 бронза, жами 20 медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи поғонадан жой олди.

 Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида музаффар боксчиларимизни давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, олимпиадачиларнинг ота-оналари, журналистлар тантанали кутиб олди.

Фужайра шаҳрида ўтказилган мазкур қитъа чемпионатида боксчиларимиз Ўзбекистондек буюк юртнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч қачон кам бўлмайдиган фарзандлари эканини исботлади.

Кескин ва муросасиз жангларда зафар қучган спортчиларимизнинг мардлиги, жасорати, шижоату матонати бутун Осиё қитъасини лол қолдирди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, уларнинг бундай юксак муваффақияти мамлакатимиз мустақиллиги, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.

Мусобақанинг қизлар ўртасидаги финал босқичида Сабина Бобоқулова, Феруза Казакова, Нигина Ўктамова, Азиза Зокирова барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Ўғил болалар ўртасида Азизбек Тожиев, Логин Петров, Нусратбек Тоҳиров, Жаҳонгир Зокиров Осиё чемпионига айланди.

Финалга қадар ўтган жангларда ғалаба қозонган Билолбек Ихволов, Бекзод Бекмуродов ва Моҳира Аҳмедова кумуш медаль билан тақдирланди. Шунингдек, Иқболжон Қудратов, Асрорбек Шаҳобиддинов, Анвар Болтабоев, Ғофуржон Тоҳиров, Жаҳонмурод Имомалиев, Аълохон Абдуллаев, Моҳларойим Савриддинова, Руҳшона Ўктамова ҳамда Шаҳноза Эргашева ўз вазн тоифаларида бронза медалини қўлга киритди.

Мусобақа ташкилотчилари томонидан Осиё чемпионатининг энг яхши боксчиси, деб 48 килограммгача вазнда мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган Сабина Бобоқулова топилди.

– Чемпионатда юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келганимиздан бахтиёрмиз, – дейди чемпионимиз Сабина Бобоқулова. – Спортни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишимиз, халқаро майдонларда юксак ғалабаларга эришишга қодир спортчи бўлиб вояга етишимизга қаратаётган доимий эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

3.jpg
 
4.jpg
 
5.jpg
 
10.jpg
 
11.jpg
 
12.jpg

ЎзА