Ўзбекистон - Тожикистон чегараси тўлиқ демаркация қилиниши натижасида аниқ харитада кўрсатилади

Ўзбекистон ва Тожикистон 27 январга қадар икки давлат чегарасини тўлиқ демаркация қилишни якунлаш ниятида. Бу ҳақда Тожикистон ахборот агентликлари Душанбе расмийларига таянган ҳолда хабар беради.

Айни пайтда Тошкентдан келган ҳукумат делегацияси Душанбеда бу масалада учрашув ўтказмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўтган йили давлат чегарасини тўла делимитация қилиб бўлган эди. Яъни томонлар чегара чизиғи ўтиши тўғрисида ёзма равишда келишиб олган. Энди эса чегарани демаркация қилиш натижасида икки давлатнинг аниқ чегара чизиғи хариталарда кўрсатилади.

2018 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега давлат ташрифи чоғида тожик-ўзбек давлат чегараси алоҳида участкалари бўйича Тожикистон - Ўзбекистон битими имзоланганди.

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 1 332 километрни ташкил қилади.