Ўзбекистон Хитойга инсонпарварлик ёрдами жўнатмоқда (фото)
Ўзбекистон Хитой Халқ Республикасининг янги турдаги коронавирус (nCoV-2019)га қарши курашиш ва уни бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.
Хавфли офатни енгиш йўлидаги бундай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва унга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёв 12 февраль куни Хитой Халқ Республикасига инсонпарварлик ёрдамини юбориш тўғрисидаги фармойишга имзо чекди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Гуманитар юк таркибида тиббий йўналишдаги энг зарур маҳсулотлар – стерилланган бир марталик қўлқоплар, ҳимоя комбинезонлари, юз учун фильтрлаш ниқоблари ва бошқа маҳсулотлар мавжуд.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу гуманитар ёрдамни шакллантириш ва манзилга етказиш бўйича масъул этиб белгиланган.
Айни пайт мамлакатда инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи босқичини шакллантириш ҳам бошланган.
Шу муносабат билан республикамиздаги тўқимачилик корхоналарида Хитойга жўнатиш учун тиббиёт ниқоблари ва ҳимоя кийимлари тайёрланмоқда.