Ўзбекистонда 20 та кўнгилли оила Хитой вакцинаси билан эмланди
Хитойдаги Ўзбекистон элчихонаси ёрдамида Ўзбекистонга “Zhifei” компанияси томонидан 6000 дона синов вакцинаси (50 % ҳақиқий вакцина, 50 % плацебо), 12 минг дона ПЗР тестлар, 8 минг дона антитаналарни аниқловчи тестлар хамда барча ишлатиладиган ёрдамчи материаллар (шприц, ниқоб, кўзойнак, криопробиркалар, ҳомиладорлик тестлари) олиб келинди.
Клиник синовларни ўтказиш учун жами 5 минг нафар кўнгиллилар танлаб олинди. Жараённинг этник жиҳатларини эътиборга олган ҳолда кўнгиллиларнинг шахси ошкор қилинмаслигига келишилди.
Ўз навбатида, “Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd” компаниясининг 8 нафар мутахассислари Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги Вирусология илмий-тадқиқот институти ходимлари синов ўтказиладиган поликлиникалар врач ва ҳамширалари учун вакцинация тадбирларини амалга ошириш бўйича тренинглар ўтказди.
“Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd” компаниясининг Ўзбекистонда III фаза синовларидан ўтаётган вакцинаси.
Мазкур компания томонидан ишлаб чиқилган ва ҳозирда клиник синовдан ўтиши бошланадиган вакцина коронавирус юза антигенининг генетик-муҳандислик оқсили бўлиб, у аденовирус ҳамда инактивлашган вакцина турлари билан таққосланганда юқори даражада хавфсиз ҳисобланади. Яъни, рекомбинант оқсил кўринишидаги вакцина вируснинг бир бўлагини юқори технологиялар асосида сунъий кўпайтириб олишга асосланган. Генетик-муҳандислик оқсили зарарланган организмда айнан унга қарши антитаначалар ишлаб чиқаради.
Ушбу вакцина I ва II фаза клиник синовларда нисбатан юқори хавфсизлик профилига эгалигини намоён этди. Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбариятининг 20 та кўнгилли оила аъзолари Хитойдан олиб келинган рекомбинант вакцина билан биринчи дозада эмланди.