Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда эртаги пиёз ҳосили сезиларли даражада кечикиши ва кутилганидан паст бўлиши мумкин

Январь ойидаги об-ҳаво аномалияларининг Марказий Осиё пиёз бозори учун оқибатлари ўтган йилги ҳосил захираларининг бир қисмини бой берилиши, кейинроқ нархлар кескин кўтарилиши ва минтақанинг деярли барча мамлакатларидан ушбу маҳсулот экспортининг вақтинчалик тўхтатилиши билан чекланиб қолмади.

EastFruit мутахассисларининг қайд этишича, аномал совуқларнинг қишки эртаги пиёз ҳосилига салбий таъсири кутилган ҳолат эди.

Пиёз етиштирувчи фермерлар ва соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, жорий йилнинг биринчи ойида кузатилган аномал паст ҳарорат янги ҳосил – эртаги пиёзнинг пишиб етилиш даврига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2022 йилнинг август-сентябрь ойларида қишки пиёз экиладиган майдонлар сезиларли даражада кенгайганига қарамай, 2023 йил баҳорида ушбу маҳсулотнинг мамлакат ички бозорига етказиб бериладиган ҳажмини прогноз қилиш қийин, чунки ҳосилдорлик (гектаридан олинадиган ҳосил) ўтган йилга нисбатан паст бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда “август пиёзи”нинг экин-тикин ишлари август-сентябрь ойларида амалга оширилади. Одатда, жиддий об-ҳаво аномалиялари бўлмаса, ушбу эртаги пиёз ҳосилини йиғиш мавсуми вилоятларга қараб, келгуси йилнинг март ойини учинчи ўн кунлиги - апрель ойининг биринчи ўн кунлигида бошланади. Аммо 2022/2023 йилги мавсумда январь ойидаги аномал совуқ эртаги пиёзнинг пишиб етилиш муддатига ўзгаришлар киритди.

Фермерларнинг сўзларига кўра, январь совуқлари август пиёзининг баргларини бутунлай нобуд қилган. Янги барглар униб чиқиши ва уларнинг ривожланиши учун яна вақт керак бўлади ва бу, ўз навбатида, пиёзнинг пишиб етилиш муддатини тахминан 10-15 кунга кечиктиради. Табиийки, 2023 йилнинг баҳорида эртаги пиёз ҳосилининг йиғим-терими бошланиши ҳам шу муддатга кечикади.

«VESAGRO» МЧЖ консалтинг компанияси раҳбари Ўрмонали Усмоновнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда 2022 йилнинг август-сентябрь ойларида қишки пиёз экилган майдонлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб учдан бир ҳиссага кенгайди. Экспертнинг сўзларига кўра, 2022 йил август-сентябрь ойларида Тожикистон ва Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида ҳам қишки пиёз экилган майдонлар тахминан учдан бир ҳиссага кенгайган. Бироқ, қишки эртаги пиёз экилган майдонлар сезиларли даражада кенгайганига қарамай, уни 2023 йил баҳорида бозорга етказиб бериш ҳажми ва экспорт учун мавжуд ҳажмлар номаълумлигича қолмоқда.

«2022 йилнинг август-сентябрь ойларида қишки эртаги пиёз экиладиган майдонларнинг бундай сезиларли даражада кенгайиши 2023 йил баҳорида ички бозорга эртаги пиёз етказиб бериш ҳажмининг шyнга мутаносиб равишда кўпайишини англатмайди. Бунинг сабаби – январь совуқларининг “август пиёзи” ҳосилига салбий таъсиридир, чунки мазкур минтақа учун аномал паст ҳароратларнинг узоқ вақт давомидаги таъсири натижасида «август пиёзи” сезиларли стрессни бошдан кечирди. Натижада, ўсимликларнинг ҳаммасида ҳам пиёзбош пайдо бўлмаслиги мумкин ва бунинг оқибатида 2023 йил баҳорида эртаги пиёзнинг гектарига ҳосилдорлиги ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада паст бўлиши мумкин. Бунга қўшимча равишда, аномал совуқлар туфайли олинган стресс натижасида, экилган пиёзнинг маълум бир қисмида “гулшоҳ” чиқариши ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Маълумки, бундай ҳолатда шаклланган пиёз ҳосили экспортга яроқсиз ҳисобланади. Аммо, юқорида тахмин қилинган барча оқибатлар бир ойдан сўнг маълум бўлади ва 2023 йилнинг март ойида эртаги пиёз экинларига январь ойининг аномал совуқлари етказган зарарни тахминий ҳисоблаш имкони бўлади», дейди эксперт Ўрмонали Усмонов.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир ой ичида Туркманистондан ташқари деярли барча Марказий Осиё давлатлари ички бозорда нархларни барқарорлаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пиёз экспортига вақтинчалик чекловлар жорий қилди. Шу билан бирга, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан экспортга қўйилган чекловлар 2023 йилнинг апрель ойи охиригача амал қилади, Тожикистонда эса пиёз экспортига қўйилган чеклов муддати эълон қилинмади.

Қайд этиш жоизки, минтақадаги беш мамлакатдан учтаси йирик пиёз экспортёри ҳисобланади: Ўзбекистон йилига 200 минг тоннадан ортиқ, Қозоғистон – 100 минг тонна, Тожикистон – 80-95 минг тонна пиёз экспорт қилади.