Пиёз нархи нега ошди? Бунга совуқ сабабми ёки маҳсулот танқислиги?

Шу кунларда бозорларимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, айниқса пиёзнинг нархи кескин ошиб кетди. Аксарият бозор ва дўконларда пиёзнинг ҳар килограми 7-8 минг сўмдан сотиляпти. Кимдир нарх ошишига аномал совуқни сабаб қилиб кўрсатса, бошқалар маҳсулотнинг камлиги, амалда етарлича захира яратилмасдан фақат қоғозларда ҳисобот учун қилинганлигини айтишмоқда.

Хўш, бугун Самарқандда пиёз маҳсулотининг захираси қандай?

Вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси маълумотларига кўра, вилоятдаги деҳқон бозорлари томонидан 1023 тонна пиёз захирага жамғарилган ва нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш учун маҳсулот январь-май ойларида савдога чиқариш учун мўлжалланган. 

Ҳозирда вилоятда 4 миллион 118 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ҳар кишига йил давомида 34 килограммдан пиёз истеъмол нормаси бўйича қарайдиган бўлсак, вилоят аҳолиси эҳтиёжини қоплаш учун бир йилда 140 минг тоннадан зиёд, уч ойга эса 35 минг тоннадан ортиқ пиёз маҳсулоти талаб этилади.  Ҳозир вилоятимиздаги омборхоналарда 11 400 тоннага яқин пиёз сақланмоқда ва аҳоли ихтиёрида яна 26 400 тоннага яқин маҳсулот мавжуд.

Ҳисоб-китобларга кўра, яна 2732 тонна маҳсулот етишмайди. Етишмайдиган маҳсулотни хорижий давлатлардан импорт қилиш ҳисобига қоплаш режалаштирилган. Аммо вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармасидан пиёзни қайси давлатдан, кимлар импорт қилиши бўйича бирорта маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ў.Худойбердиев.